"Ҳамшира-2024": Энг яхшилар сараланди

"Ҳамшира-2024": Энг яхшилар сараланди


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятини ҳамширалар ўртасида кенг тарғиб қилиш, юртда ҳурмат қозонган, чинакам матонат ва жасорат соҳиби бўлган ҳамшираларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш, меҳнатда ютуқларга эришиб келаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар фаолиятини оммалаштириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши Раёсатининг 2019 йил 15 мартдаги 39-сонли қўшма қарорига мувофиқ вилоятнинг икки тиббиёт муассасасида “Ҳамшира-2024” кўрик-танлови юқори даражада ташкил қилинди.

Танлов тасдиқлаб берилган Низом шартлари асосида ўтказилиб, унда мурожаат қилган беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва шифокор буюрган дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида амалда муайян беморга тиббий ёрдамни кўрсатиш, ижтимоий – сиёсий билимларга доир беллашув, бунда мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараён, соғликни сақлаш  тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, уларни амалга оширишда ҳамширанинг ўрни ва вазифалари, тиббий билимларга оид тезкор савол-жавоб амалга оширилди. Шунингдек, унда одам анатомия ва физиологияси, касаллик белгилари, ҳамширалик иши, тиббий ҳужжатлар, шошилинч тиббий ёрдам, дори воситалари, юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда ҳамшира иш салоҳиятини кўрсатувчи эркин мавзулар бўйича чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан 9 нафардан ҳамшира қатнашган кўрик-танловда  ҳар бир шартга берилган жавобларга аҳамият берилди. Баҳсли ва мунозарали ўтган кўрик-танлов якунига кўра РШТЁИМ Бухоро филиалининг диагностика бўлими ҳамшираси Нодира Латипова танлов ғолибига айланган бўлса, фахрли иккинчи ўрин шошилинч травматология бўлими ҳамшираси Муниса Зиёвиддинова ҳамда 1-шошилинч хирургия бўлими ҳамшираси Моҳидил Асадоваларга насиб қилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида эса лаборатория бўлими ҳамшираси Юлдуз Азимова биринчи, жарроҳлик бўлими ҳамшираси Шахноза Обидова иккинчи ва реанимация бўлими ҳамшираси Муниса Зарипова фахрли учинчи ўрин соҳибасига айландилар.  

Кўрик-танлов қатнашчилари ва ғолиблари ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page