Вилоят ҳокими соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан “ZOOM” дастури орқали онлайн мулоқот қилди

Вилоят ҳокими соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан “ZOOM” дастури орқали онлайн мулоқот қилди

Buxoro.uz
undefined

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишида юртимиздаги эпидемиологик вазиятга алоҳида тўхталиб, “COVID-19” пандемиясини жиловлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинаётгани, мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётгани муносабати билан айниқса, соғлиқни сақлаш тизимида даволаш-профилактика ишларини янгича тизим асосида йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Карантин чекловлари кучайтирилаётган шу кунларда давлатимиз раҳбари юртимизда пандемия оқибатларини бартараф этиш учун қанча маблағ керак бўлса, албатта ажратилиши, лекин дори воситалари қимматлашса, соғлиқни сақлаш тизимида муаммолар юзага келса, бу одамларимизнинг норозилигига олиб келиши муқаррарлиги, ана шу жиҳатни қаттиқ назоратга олиш кераклигини уқтиргани ҳолда мутасаддилар зиммасига жиддий талабларни қўймоқда.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг “ZOOM” дастури орқали вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, пандемия билан курашишга сафарбар қилинган тиббиёт персонали билан онлайн кўринишидаги мулоқоти юқоридаги талабларнинг ҳудуддаги ижросига, соҳада дуч келинаётган муаммолар ечимига бағишланди. Бугун турли ижтимоий тармоқларда ҳам муҳокамаларга сабаб бўлаётган коронавирусни даволашда зарур дори воситаларининг танқислиги, аҳолининг эҳтиёжи кескин ортган бир пайтда айрим дорихоналарда нарх-навонинг сунъий оширилаётганлиги, шунингдек, тез тиббий ёрдамнинг шошилинч чақирувларга кеч етиб бораётгани каби жиҳатлар вилоят раҳбарининг эътиборидан четда қолмади.

undefined

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиев ҳамда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиали раҳбари Мажид Кенжаевларнинг ахбороти эшитилди.

Вилоятимизда шу йил 18 июль ҳолатида ўта хавфли вирус билан оғриган беморлар сони 591 нафарга етган бўлиб, улардан 530 нафари, яъни 90 фоизи соғайиб, ўз оиласи бағрига қайтгани таъкидланди. Афсуски, касаллик белгиларининг кучайиши ҳамда ёндош касалликлар хавфи туфайли 4 нафар фуқаро вафот этгани, ҳозирда шифохоналаримизда 57 нафар вилоятдошимиз стационар даволанаётгани, улардан 4 нафарининг аҳволи оғир, 8 нафари – ўрта оғир ва 25 нафари – қониқарли ҳолатда экани айтилди.

Шунингдек, айни кунда жами 5 минг 262 нафар вилоятдошимиз карантинга олинган бўлиб, улардан 979 нафари касалхонада, 4 минг 283 нафари эса уй шароитида шифокор назоратида бўлиб турибди. Бироқ бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар хотиржамликка берилишга асос бўлолмайди. Шу мақсадда вилоятда 223-40-45 рақамли колл-марказ фаолияти йўлга қўйилиб, бугунгача 1 минг 119 та мурожаат қабул қилинган ва аҳолига зарур тиббий маслаҳат берилган. Айни пайтда ҳудудда 153 та тез тиббий ёрдам бригадаси ва 15 та махсус реанимацион бригада фаолият кўрсатмоқда. Тез тиббий ёрдам ва чақирувларда алоқа ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун қатор чоралар кўрилиб, “103” хизматининг чақириқларга узлуксиз ва ўз вақтида жавоб бериши кафолатланмоқда.

Бугунги кунда коронавирус инфекцияси клиник кўринишлари билан мурожаат қилиб келаётган беморларни стационар шароитда даволаш мақсадида вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 100 та, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида 250 та, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 150 та, вилоят кардиология диспансерида 80 та, Когон тумани тиббиёт бирлашмасида 100 та, Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасида 150 та, вилоят онкология диспансерида 100 та, умуман, вилоят миқёсида жами 930 та ўрин мобилизация қилинган. Бундан ташқари, вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида, фтизиатрия ва пульмонология марказида ва Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмасида жами 300 та ўрин ҳозирлаб қўйилгани эътироф қилинди.

Бундан ташқари, вилоятда “COVID-19” билан касалланган беморларни даволаш учун 10 минг беморга етадиган, умумий қиймати 5 миллиард 200 миллион сўмлик 49 турдаги дори воситалари заҳирасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Мавжуд тиббиёт муассасаларини керакли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида бир ойда 9 миллиард 500 миллион сўм (3 минг нафар беморни даволаш учун) маблағ талаб этилишини инобатга олган ҳолда, вилоятда 3 ойлик дори воситалари заҳирасини яратиш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда.

Фуқароларни безовта қилаётган ҳар бир ҳолат юзасидан тезкор чоралар кўриш зарурати ва мурожаат кўпайган Бухоро шаҳридаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида шаҳар оилавий поликлиникаларига 10 та қўшимча “Дамас” русумли автомашина ажратилди. Натижада, оилавий поликлиникалар врачлари томонидан ҳар куни ўртача 5-10 та мурожаат юзасидан жойларга чиқиб тиббий хизмат кўрсатилган бўлса, қўшимча автомашиналар ажратилгандан кейин хизмат кўрсатиш ҳолати ўртача 30 тага етди. Талабга мувофиқ, шаҳар оилавий поликлиникаларига яна 10 та “Дамас” автомашинаси ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Онлайн муҳокамада таъкидланганидек, вилоятимизда санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан “COVID-19” эпидемияси даврида 3 та ПЦР лабораториясида мавжуд 5 та ПЦР аппарати ёрдамида бугунги кунга қадар 95 минг 800 та тест текширувлари ўтказилган. Охирги 10 кун давомида ўрта ҳисобда кунига 700 та тест текшируви ўтказилмоқда ва натижаларни 3-4 кун ичида чиқаришга эришилмоқда. Бироқ бу кўрсаткич қониқарли эмаслиги, шу мақсадда вилоят марказида фаолият кўрсатаётган “Standart diagnostika”, “Carmen plyus” ва “Doctor Temur Farm” каби хусусий тиббиёт муассасаларида ҳам COVID-19 текширувларини амалга ошириш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилгани, натижада ҳар куни қўшимча 300 та тест текшируви ўтказиш имконияти пайдо бўлгани айтилди. Қолаверса, айни вазиятдан келиб чиқиб, вилоятимиз учун яна 2 та замонавий ПЦР ускунаси сотиб олиш режалаштирилмоқда.  

Умуман, “ZOOM” дастури орқали бўлиб ўтган муҳокамада вилоят ҳокими томонидан мутасаддилар, соғлиқни сақлаш соҳаси раҳбарияти зиммасига аниқ вазифалар қўйилиб, оғир ва синовли кунларда касалликни даволашда фаоллик кўрсатаётган тиббиёт персоналини янада қўллаб-қувватлаш, шаҳар ва туманларда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, дори-дармон таъминоти ва нарх-навосини алоҳида назорат қилиш билан боғлиқ топшириқ ва тавсиялар берилди. Бу борада тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жойлардаги ишчи гуруҳлари томонидан аҳолини пандемия хавфидан муҳофаза қилишдаги назорат тадбирлари ва профилактик ўрганишлар мунтазам олиб борилиши зарурлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page