Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти кескин танқид қилинди

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти кескин танқид қилинди

mahallavaoilainfo

Каналга уланиш | Facebook | Instagram

Бугун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида аҳоли бандлиги, тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” тамойили асосида жойларда олиб борилаётган ишлар таҳлили, фуқароларнинг ўз шахсий томорқаларидан унумли фойдаланиш, фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда маҳалла тизимига оид бошқа кўплаб масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.


Йиғилиш аввалида сўз олган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев бу борадаги ўз фикрларини билдириб ўтар экан, жойлардаги масъуллар, вазирликнинг вилоят ва туман бўлинмалари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари фаолиятини кескин танқид остига олди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6038-сон Фармонига кўра “темир дафтар” тизим асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига моддий пул маблағларини етказиб бериш ишлари кўплаб ҳудудларда тўғри ташкил этилмагани алоҳида қайд этилиб, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Бектемир, Яшнобод, Миробод, Яккасарой туманларидаги бу борада аниқланган жиддий камчиликлар келтириб ўтилди. 

Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам жиддий таҳлил қилиниб, бу борада Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Миришкор, Самарқанд вилоятининг Нарпай, Нуробод, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Жиззах вилоятининг Янгиобод, Бахмал туманларидаги ишлар қониқарсиз олиб борилаётганлиги таъкидланди. 

Б. Парпиев йиғилиш давомида “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” тамойили асосида маҳаллалардаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам жойларда изчил ташкил этилмаётганлигини танқид қилиб ўтди. Шунингдек, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар таҳлилига ҳам атрофлича тўхталиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилояти бошқармаларидан олинаётган маълумотлар таҳлил қилинмаётганлиги сабабли вазирликка юборилган маълумотларни умумлаштиришда кўплаб хатоликлар учраётганлигини айтиб ўтди.


Йиғилиш давомида фуқаролар йиғини биноларини қуриш бўйича олиб борилаётган ишлар, республикамиздаги бир қанча туманларда 2020 йилга режалаштирилган қурилиш ишлари умуман бошланмаганлиги таҳлилий кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳалла вакилларининг ўзининг ваколат вазифаларидан бошқа ишлар билан шуғулланаётганлиги, маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳалла ходимларига солиқ йиғимлари ва коммунал тўловларни ундириш, қора ва рангли металлар йиғиш режаси қўйилаётганлиги ҳолати бўйича ҳақли ва кескин эътирозлар билдириб ўтилди.

Йиғилишда ўз ишига совуққонлик билан муносабатда бўлиб, белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашлик қилган ҳудудий бўлинма масъулларига интизомий чора кўриш масаласи кўриб чиқилди.


Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш  вазирлиги Матбуот хизмати

Report Page