Вазирлик Марказий аппаратининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Вазирлик Марказий аппаратининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди


Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Марказий аппарат масъуллари, олий ва профессионал таълим муассасалари раҳбарлари, профессионал таълим бошқармалари бошлиқлари иштирокида вазирлик бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қабул жараёнини ташкил этиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Дастлаб, вазир 16 июнь куни Президент томонидан имзоланган “Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳиятини тушунтириб, вазирлик ташкилий тузилмасидаги ўзгаришларга тўхталди. Жумладан, ҳужжатга кўра, вазирнинг профессионал таълимни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилгани, ушбу соҳани мувофиқлаштирадиган 30 та штат бирлигидаги 4 та бошқармадан иборат янги департамент ташкил этилгани, вазирнинг яна бир ўринбосари лавозими ва вазирлик ҳузуридаги иккита марказнинг қайта номланганига тушунтириш берилди. 

Ташкилий тузилмадаги ўзгаришлар ҳақида сўз бораркан, Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази деб қайта номланган марказ эндиликда янада жонланишига, маънавий ва маърифий тадбирлар сони кўпайишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида қабул жараёнларини шаффоф ташкил этишга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, ҳозирда 105 та давлат олий таълим муассасасининг 28 таси расмий веб-сайтида “Колл-марказ” бўйича маълумотлар мавжуд. Уларнинг 77 тасида эса, маълумотлар киритилмагани танқид қилинди.

– Бундай ҳолатда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари кимга мурожаат қилишларини билмасдан овора бўлмоқда, – дея таъкидлади вазир. 

“Колл-марказ” ва маслаҳат марказлари фаолиятини йўлга қўймаган ОТМ раҳбарларига ушбу марказларни қисқа муддатларда ташкил этиш ва уларга масъулиятли ҳамда малакали мутахассисларни жалб этиш, шу қаторда улар меҳнатига яхши ҳақ тўлаш бўйича топшириқлар берилди. Қайд этилганидек, 5 та ОТМнинг веб-сайти ҳалигача ишламаётгани учун тегишли масъуллар огоҳлантирилди.

Янги ўқув йилида касбий (ижодий) имтиҳонлардаги жараёнларни жиддий назоратга олиш топширилди. Шунингдек йиғилишда ОТМдаги “Комплаенс назорат” бўлимлари ходимлари иш ҳақини кўтариш, жараёнларни рақамлаштириш ва бу орқали жойларда коррупцияга қарши самарали курашиш мумкинлиги айтиб ўтилди. Бу борада вазир бундан кейин қайси ОТМда коррупция ҳолати учраса, унга нисбатан жиддий тартибда чора кўрилишини таъкидлади.

Йиғилишда шу билан бирга илм-фан, ишлаб чиқариш интеграцияси, рейтинглар билан ишлаш, тьюторлар малакасини ошириш масалаларига ҳам тўхталиниб, уларни саралаш вақти келгани, шу боис 2963 нафар тьюторни аттестациядан ўтказиш борасида масъулларга топшириқ берилди.


Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ўқишни кўчириш, ўқишга киритишни ваъда қилиб ОТМ ходимлари, ҳатто талабалар ҳам пора билан қўлга тушаётгани кескин танқид қилинди. Барча ректорларга бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриши топширилди.

Йиғилишда шунингдек, қатор ОТМда ҳалигача контракт-тўловини амалга оширмаган талабалар мавжудлиги сабабли қарздорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани тилга олинди.

Тадбир сўнгида вазир бугун олий таълим муассасалари сони 170 тага етгани, энди фақат таълим сифати билан шуғулланиш лозимлигини барчага уқтирди.

Report Page