Вазир Раҳмат Маматов Паст Дарғом тумани маҳалла фаоллари иштирокида танқидий учрашув ўтказди

Вазир Раҳмат Маматов Паст Дарғом тумани маҳалла фаоллари иштирокида танқидий учрашув ўтказди

mahallavaoilainfo

Каналга уланишFacebookInstagram


Айтиш лозимки, бугун маҳалла чин маънода халқимиз ижтимоий ҳаётини яхшилаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, бир сўз билан айтганда, одамларнинг турмуш тарзи, ҳаётий муаммоларига жамоатчилик назорати асосида ечим топишда ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда. Шу билан бирга давлатимиз томонидан аҳоли бандлиги, маҳаллалардаги муҳтож оилаларни камбағалликдан чиқариш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни самарали ташкил этишда маҳалла тизими ходимларининг ўрни ва иштироки салмоқли эканлигини соҳада олиб борилаётган бугунги кенг ислоҳотлар яққол кўрсатиб турибди.

Аммо соҳада ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётган, маҳалла тизими обрўси ва мавқеига номуносиб ҳаракат қилаётган маҳалла ходимлари ҳам йўқ эмас.

Кеча Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бошчилигида Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани “Қўқони” маҳалла фуқаролар йиғинида туман маҳалла ҳамда аҳоли вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда бу борада танқидий фикрлар билдириб ўтилди. Жумладан, куни кеча кun.uz сайтида эълон қилинган “Қўқони” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсуновнинг маҳалладаги камбағал оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам намунаси сифатида ўз уйида боқилаётган 1000 дона жўжани ҳамда камбағал оила вакили сифатида ўз ўғли — Достон Тиркашевни кўрсатгани баён этилган мақолада кўтарилган масалалар атрофлича ўрганилиб, муҳокама этилди.

Р.Маматов бу ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, маҳалла бугун халқ билан давлат ўртасида чинакам кўприк бўлиши, фуқаролар йиғини раислари доимо одамларнинг қувончу ташвишлари билан яшаши, уларнинг муаммоларидан хабардор бўлиши, энг муҳими, зиммасидаги вазифа ва бурчни виждонан бажариши, акс ҳолда, унинг фаолиятига одамлар ўзининг муносиб баҳосини беришини таъкидлади. Шу билан бирга, келтириб ўтилган вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик қилган ҳар бир масъул ходимга нисбатан тегишли чора кўрилишини қатъий айтиб ўтилди.

Учрашувда иштирок этган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ҳам мавзуга оид ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг муаммоларини ўрганиш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида маҳалла раислари халқнинг ишончини оқлаши, ҳудуддаги ҳар бир фуқаро ва ҳар бир оиланинг аҳволидан хабардор бўлиши, бир сўз билан айтганда зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан адо этиши зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида “Қўқони” маҳалла фуқаролар йиғини вакиллар кенгаши ҳузурида ўтказилган йиғилиш тафсилотлари хусусида маълумот бериб ўтилди. Унга кўра “Қўқони” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳусниддин Турсуновнинг юқорида келтириб ўтилган мақолда баён этилган ҳаракатлари йиғилиш иштирокчилари томонидан атрофлича муҳокама этилгани, кун тартибидаги масала юзасидан қарор қабул қилиниб, маҳалла раиси Х.Турсуновнинг ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилганлиги айтиб ўтилди.

Тадбир сўнггида Пастдарғом тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Санақуловага ўз фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун “ҳайфсан” интизомий жазо чораси берилди.

Р.Маматов учрашув давомида фуқароларнинг маҳалла тизимига оид қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб бериб ўтди.


Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Матбуот хизмати