Вазир ўринбосари Навоийдаги илмий тадқиқотчилар билан учрашди
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан ва инновациялар бўйича ўринбосари Рахимжон Хакимов Навоий давлат педагогика ва Навоий давлат кончилик институтлари илмий изланувчилари билан учрашди.
Навоий давлат педагогика институти фаоллар залида ўтказилган учрашувда даставвал тадқиқотчиларнинг таълим муассасасида уларга берилган имконият ва яратилган шароитлар ҳақидаги фикрлари ўрганилди, муаммолари тингланди.
Очиқ мулоқотда ҳар бир саволга батафсил жавоб ва аниқ тушунтириш берилди. Шундан сўнг, уларнинг таклифлари тингланди.
Р.Хакимов докторантларга илмий-ижодий изланиш йўлида ўз тавсияларини берди.
“Олий таълимдан кейинги таълим бу — масъулият. Ҳозирги замон талабига жавоб берадиган кадр эса бу — олийгоҳ салоҳияти”, – дея таъкидлади Р.Хакимов.
Шунингдек, учрашувда ёш олимларнинг илмий соҳадаги давлат сиёсати, хусусан, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, илғор давлатларнинг мавжуд йўналишдаги тажрибаси асосида олий таълим муассасалари билан интеграциясини йўлга қўйиш бўйича тавсиялар берилди.
Докторантлар томонидан билдирилган таклифлар қабул қилиниб, бир қанча режалар келишиб олинди.