Вазир ўринбосари Амрилло Иноятов Вобкент туманидаги ишларни ўрганди

Вазир ўринбосари Амрилло Иноятов Вобкент туманидаги ишларни ўрганди

Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев учрашув ва видеоселектор йиғилишларида амалиётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар кутилган самаралар бериши учун халқнинг розилигини олиш кераклигини, бунинг учун эса ҳар бир раҳбар ҳамда масъуллар одамлар орасига кириб уларнинг шароити ҳамда муаммоларини ўрганиши лозимлигини бот-бот таъкидламоқда.

Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Шодиевич Иноятов раҳбарлигидаги гуруҳ бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолияти, аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш, тиббий профилактика ҳамда бошқа масалалар билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятининг Вобкент туманига келди.

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6110-сонли Фармони ва шу фармон асосида жорий этилган бошқа меъёрий ҳужжатлар ижросининг тизимдаги аҳволи билан қизиқди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига “Бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш штаби” аъзолари, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов,  Вобкент туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи  Ш.Ражабов ва бошқа масъуллар ҳамроҳлик қилдилар.

Дастлаб туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 14-оилавий поликлиникага ташриф буюрилди. Бу ерда тиббиёт ходимлари томонидан ахоли орасида ўтказилган хатловнинг холислиги, ҳар бир хонадонда ўтказилганлиги ўрганилди.

“Анжирбоғ”  маҳалла фуқаролар йиғини Махсумлар қишлоғидаги ўнга яқин яшаш уйларига борган вазир ўринбосари ушбу хонадонларнинг ҳар бир вакили билан мулоқот қилди.

Мазкур қишлоқнинг 54-хонадонида яшовчи фуқаролар – Тилло (1927 йилда туғилган)  ҳамда Абдулло Амонов(1957 йилда туғилган)лар билан суҳбатлашиб, оилавий поликлиникада хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари бу хонадон вакилларини йўқлаб туришганлиги, уларнинг тиббий хатлов ва атропометрия натижалари билан танишди. Суҳбат асносида хонадон эгаларининг соғлигини суриштирди, қандай муаммолар қийнаётганлигини сўради. Эндиликда уларга саломатликларини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланма бериладиган бўлди.

64 ёшни қаршилаётган Матлаб опа ҳам мутасаддилар ташрифидан қувонганини яшириб ўтирмади.

- Президентимиз ташаббуси билан амалга ошаётган ишларни ойнаи жаҳон орқали кўриб, шундай кунларга етказганига шукроналар айтардим. Аммо, бир кун келиб вазирликдан катталар мени кўргани келишларини хаёлимга ҳам келтирмаганман, -дейди Матлаб Хидирова ҳаяжонини яшира олмай.

Бу суҳбатдан сўнг соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили масъулларга онахонга ва унинг келини Ойгул Зариповага Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзи равишда даволанишлари учун ордер олиб бериш бўйича топшириқ берди.  

Ўз навбатида йўқлаб борилган фуқаролар ҳам суҳбат асносида тиббиёт ходимлари ҳамда маҳалла фаолларидан миннатдорликларини, айниқса сўнгги йилларда аҳолини соғлом турмуш тарзига даъват этиш, уларнинг саломатлигини тиклаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ва чиқарилаётан қарор ва фармонларнинг жойлардаги ижросини назоратга олаётганлиги учун ҳукуматдан рози эканликларини эътироф этишди.

Ташриф якунида меҳмонлар Етти улуғ пирдан бири - Ҳазрат Ҳожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қўним топган мажмуани зиёрат қилдилар.


Бухоро вилоят ССБ Ахборот хизмати





Report Page