“Ватанпарвар” ташкилоти ижтимоий шерикликни йўлга қўймоқда

“Ватанпарвар” ташкилоти ижтимоий шерикликни йўлга қўймоқда

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 13 апрелида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Албатта давлатимиз раҳбари илгари бу мавзуда кўплаб йиғилишлар ўтказган. Лекин бу галги видеоселектор йиғилиши бошқаларидан тубдан фарқ қилади. Чунки унинг замирида ёшлар ҳаёти ва келажагига нисбатан чуқур қайғуриш ҳисси билан бирга, уларнинг тақдирига етарлича эътибор қаратмаган масъулларга нисбатан муросасизлик кайфияти ҳукм сурди. Бу эса мамлакатимиз ёшларида янада янги куч, келажакка нисбатан комил ишонч уйғонишига сабаб бўлди.

Йиғилиш мобайнида Президент Ш.Мирзиев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга доир қатор вазифалар амалга оширилишини билдирди. Жумладан:

- 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхоналарга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади;

- биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади;

- ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади;

- 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади;

- ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади ва ҳ.к.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари 1 июндан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш харажатлари бюджетдан тўлаб берилишини ҳам таъкидлаб ўтди.

Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. Давлат дастурининг 170-бандида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти зиммасига ташкилот базасида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитишни таъминлаш вазифаси юклатилди. Шу ва ҳукуматнинг тегишли топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан республикамиз миқёсида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитиш 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилди:

1-босқичда шу йилнинг апрель ойидан бошлаб фуқароларни “Ватанпарвар” ташкилотининг “Ҳайдовчилар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида”“В”,“ВС”, “С”, “D”, “E” тоифалари бўйича ўқитилиши йўлга қўйилиши;

2-босқичда август ойидан “Техник хизмат кўрсатиш курслари” ташкил этилиб, ёшлар 5 хил касбга – вулканизатор, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, чилангар, автоэлектрик мутахассисликлари бўйича ўқитилиши мўлжалланмоқда;

3-босқичда декабрь ойидан бошлаб “Мураккаб техникаларни бошқариш курслари” йўлга қўйилиб, ушбу курсларда юк ортувчи транспорт, автогидро-подъёмник, юк машинаси крани, ғилдиракли трактор, битта ковшли экскаватор техникаларини бошқариш бўйича ўқитилиши кутилмоқда.

Эътиборлиси, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар юқоридаги касбларга бепул ўқитилиши режалаштирилган.

Ушбу хайрли ишнинг дебочаси сифатида жорий йилнинг 10 март куни республикамиз миқёсида “Ёшлар дафтари”га рўйхатга киритилган 56 нафар ёшларга (ҳар бир вилоятдан 4 тадан) “Ватанпарвар” ташкилоти автомактабларида бепул ўқиш учун сертификат топширилди. Ҳозирда ушбу ёшларнинг ўқиш харажатлари ташкилотнинг моддий базаси ҳисобидан тўлиқ қопланиб, сўнгги русумдаги замонавий технологиялари билан жиҳозланган автомототранспорт курсларида таҳсил олишмоқда. Шу билан бирга, эҳтиёжманд ёшларни ўз ичига олган навбатдаги ўқувчилар гуруҳлари ҳам шакллантирилмоқда. Ташкилот 2021 йилнинг охиригача 14755 нафар ҳайдовчилар тайёрлашни режалаштирган. “Ватанпарвар” ташкилоти нодавлат нотижорат ташкилот сифатида бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ижтимоий шериклик асосида мустаҳкам ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Юқоридаги хайрли ишларни узвий давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти давлатимиз раҳбари томонидан 13 апрелдаги видеоселектор йиғилишида билдирилган “Ёшлар дафтари”даги ва меҳрибонлик уйида тарбияланаётган фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш харажатлари тўлаб берилиши ҳақидаги таклифини тўла қўллаб-қувватлайди. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаш билан бирга, юқоридаги топшириқлар ижроси учун давлат буюртмалари берилган тақдирда, “Ватанпарвар” ташкилоти республика бўйлаб ўз тасарруфидаги 300 га яқин автомототранспорт курсларида эҳтиёжманд ёшлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик бўйича сифатли таълим беришга тайёрлигини ҳам билдиради.

Бунинг учун ҳайдовчилар тайёрлаш бўйича ўттиз йиллик тажрибага эга “Ватанпарвар” ташкилоти автомактабларининг моддий техник базалари, ўқув методикалари, ўқитувчилари ва ҳайдовчи-инструкторларининг малакалари халқаро стандарт талабларига тўла жавоб беради. Қолаверса, жорий йилнинг бошида “Ватанпарвар” ташкилотининг ҳудудий кенгашлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ўртасида шериклик соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битимлари тузилган бўлиб, ушбу битимларга мувофиқ, республикада ҳарбий-ватанпарварлик, спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш, ёшларни касбга тайёрлаш ишлари билан бирга, Ташкилотнинг жойлардаги бўлинмалари моддий-техник базаларини ривожлантириш ишлари бошлаб юборилган.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти автомактабларининг афзаллиги шундаки, ҳайдовчиликка тайёрланаётган ёшлар нафақат касбга ўқитилади, балки улар орасида мунтазам равишда ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботлари олиб борилади ҳамда улар автокросс, мотокросс, картинг, триатлон, дуатлон, ёзги биатлон, ҳарбий амалий кўпкураш, ҳаво милтиғидан ўқ отиш, авиамодел, ракетамодел, кемамодел, радиоспорт каби спортнинг техник ва амалий турларига жалб этиб борилади. Бир сўз билан айтганда, ёшларни моҳир ҳайдовчи этиб тайёрлаш билан бирга, жамиятнинг фаол ва ватанпарвар фуқароси этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

Жамиятимиз Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс сари олға қадам қўяр экан, “Ватанпарвар” ташкилоти давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан қўйилаётган топшириқларни муддатида сифатли бажариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади. Ташкилот бу ўринда белгиланган қонунчиликка мувофиқ ўзи каби нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу билан бирга, давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан фаол ижтимоий шерикликни амалга оширади.

 

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши Матбуот хизмати

Report Page