Ватанимиз тарихидаги 7 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Ватанимиз тарихидаги 7 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

https://t.me/sara_kitoblar_uz



1825 йил (бундан 199 йил олдин) – тарихчи олим Огаҳийнинг “Риёз уд-давла” (“Салтанат боғлари”) асарида ёзилишича, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I йигирма йил ҳукм суриб 50 ёшида “...тарихи ҳижрий 1240 йилда, товуқ йилининг авойили рамазони ол муборак ойининг ўн тўққизинчи оқшомида (милодий 1825 йил 7 майда) иродайи азалий ... қазо ҳукмига ризо бўлди”.

Огаҳийнинг қайд этишича, ҳукмдор вафот этгач, бу воқеа ҳали халққа эълон қилинмасдан олдин, ўша куни тахтни кимга топшириш масаласида кенгаш ўтказилади. Кенгаш аҳли маслаҳатлашиб, марҳум ҳукмдорнинг катта ўғли Оллоқулининг бошини хонлик тожини кийишга лойиқ деб топади. Аммо қадимдан ўрнатилган таомилга мувофиқ валиаҳд, гарчанд кенгаш унинг тож ворислигини бир оғиздан тасдиқлаган бўлса ҳам, хонлик тахтига чиқишга шошилмаслиги, бу масалада маълум одоб қонун-қоидасига риоя қилиши лозим бўлган. Шунга кўра, Оллоқулихон бу таклифга дастлаб рад жавобини беради.

“Шунда улуғлар илтимос ва илтижо қилдиларки, агарчи фоний дунёда инсон савоб ишлар қилмаса, боқий дунё саодатига эришмайди. Подшоҳ адолат билан ҳукмронлик қилса, икки жаҳон мамлакати унинг тахти фармонига киргусидир. Ҳадисда айтилганидек, “Бир соатлик адолат бир йиллик ибодатдан афзал”... Кўпчиликнинг юзидан ўта олмай ул олий зот, яъни Оллоқулихон ёши ўттизга етганда ҳижрийнинг 1240-товуқ йилининг бошида, Рамазон ойининг ўн тўққизида соат кечки бешдан ўтиб олтига яқинлашганда (милодий 1825 йил 7 май шанба куни) тахтга ўтирди”.


1865 йил (бундан 159 йил олдин) – Қўқон хони Султон Саййидхон ва амир лашкар Алимқули Черняев бошчилигидаги рус қўшинлари Тошкентга яқинлашгани ҳақида хабар топгач, қўшин билан Қўқондан чиқиб, 7 май куни эрталаб Тошкентга етиб келишди. Алимқули ва хон қароргоҳи Афросиёб тепалигида жойлашди.

Шу куни Мингўрик мавзесида шаҳар ҳимоячилари иштирокида катта машварат ўтказилиб, ғазавот эълон қилинди. Қашқар ҳокими Валихон тўранинг қашқарликлар ҳам бу ғазавотга қўшилажаклари ҳақидаги мактубини Алимқули шаҳар ҳимоячиларига шахсан ўзи ўқиб эшиттирди.

Тошкентнинг обрўли зодагонлари курашни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб, шаҳардаги барча от-уловлар Тўйтепада қолдирилган Қўқон қўшинининг юк-аслаҳаларини ташишга сафарбар қилинди.


1894 йил (бундан 130 йил олдин) – биринчи ўзбек энергетик муҳандиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Саидоқил Саидхўжаев дунёга келди (вафоти 1968 йил). У 1904–1906 йилларда Тошкентдаги рус-тузем мактабида ўқиган. Ўттиз уч ёшида Москвадаги Плеханов номидаги Халқ хўжалиги институтини тугатган. Ўрта Осиёни электрлаштиришга катта ҳисса қўшган. Бўржар ва Оқтепа ГЭСлари қурилишига бошчилик қилган. 1951 йилдан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ишлаган.


1921 йил (бундан 103 йил олдин) – Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати расмий жиҳатдан ташкил этилди. Шу куни ҳар хил идоралар таркибидаги кўп сонли метеостанциялар янги ташкил этилган хизмат – Туркистон метерология институти (“Туркмет”)га бирлаштирилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳрида 1867 йилдан мунтазам метеорологик кузатишлар йўлга қўйилган, 1870 йилнинг март ойидан “Туркестанские ведомости” газетасида метеокузатиш маълумотлари ва об-ҳаво тўғрисидаги хабарлар эълон қилина бошланган.


1929 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергенов таваллуд топди (вафоти 2010 йил). Унинг асарлари қорақалпоқ халқининг XVII–XVIII асрлардаги тарихи, Орол фожиаси, минтақадаги экологик вазият, туркий тилли халқларнинг ўзаро қардошлиги ҳақида.


1945 йил (бундан 79 йил олдин) – Бекобод 50 мингга яқин аҳолиси билан вилоят бўйсинувидаги шаҳар мақомига эга бўлди. Бекобод шаҳрининг ташкил этилишида Бекобод цемент заводи, Ўзбекистон металлургия заводи ҳамда Фарҳод ГЭСнинг аҳамияти катта.


1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Тошкентда мустақил Ўзбекистон биринчи почта маркасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Почта маркасида ўзбек шоираси Моҳларойим – Нодира акс эттирилган. Унинг муаллифи илк ўзбек аёл рассоми Шамсирўй Ҳасановадир.


1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси билан Швейцария Конфедерацияси ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.


1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан мустақил Ўзбекистон тарихидаги биринчи орден – I ва II даражали “Соғлом авлод учун” ордени таъсис этилди.


1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси тасдиқланди, “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида” Қонунлар қабул қилинди.


1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Собиқ ССР Иттифоқининг мукофотлар қонунида белгиланган ҳуқуқ ва бурчларни Ўзбекистон Республикаси фуқароларида сақлаб қолиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.


2007 йил (бундан 17 йил олдин) – ЮНЕСКОнинг Париждаги ваколатхонасида Самарқанднинг 2750 йиллиги ҳамда Марғилоннинг 2000 йиллиги муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.


2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


https://t.me/sara_kitoblar_uz

Report Page