Ватанимиз тарихидаги 30 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Ватанимиз тарихидаги 30 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

https://t.me/sara_kitoblar_uz



1918 йил (бундан 106 йил олдин) - Туркистон Шўролар Жумҳурияти ташкил этилди

1918 йил 20 апрель - 1 май кунлари Тошкентда Туркистон ўлкаси Советларининг V съезди бўлиб ўтади. Унда “пролетар демократияси”га тегишли тамойиллари бўйича танлаб олинган 251 депутат (шундан 120 таси туб миллат вакиллари) иштирок этади.

1918 йил 30 апрель съезд томонидан ("марказ" кўрсатмаси асосида) “Россия Совет Федерацияси Туркистон Совет Автоном Республикаси” ҳақида Низомни қабул қилинган. Шунингдек ушбу съездда Туркистон АССРнинг қонун чиқарувчи ва ижро органлари ҳам тасдиқланади.

Қонун чиқарувчи олий орган - Марказий Ижроия Комитети 36 кишидан иборат ҳолда (4 та маҳаллий миллат вакили билан) Пётр Кобозев, ижро органи - Халқ Комиссарлари Совети (16 кишидан иборат) Фёдор Колесов раислигида тузилади.

Туркистон АССР сиёсий-маъмурий жиҳатдан собиқ Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудини қамраб олиб, Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланишгача фаолият юритган.


1920 йил (бундан 104 йил олдин) - Хоразм Халқ Шўролар Жумҳурияти ташкил этилди.

1920 йил 26-30 апрель кунллари Хивада Бутунхоразм вакилларининг биринчи қурултойи бўлиб, ушбу қурултой якунида Хоразм Халқ Шўролар Жумҳурияти тузилганлиги эълон қилинади.

Жумҳуриятнинг қабул қилинган биринчи конституциясида давлатнинг энг муҳим ишларини ҳал қилиш олий ҳокимят органи бўлган Умумхоразм халқ вакиллари қурултойига тегишли деб белгилайди. Ижроия органи сифатида 15 аъзодан иборат Халқ Нозирлари кенгаши ҳам тасдиқланади.

Хоразм Жумҳурияти маъмурий жиҳатдан 22 та туманга бўлинган (собиқ Хива хонлиги ҳудудлари). Ўрта Осиёда ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш сиёсати натижаси ўлароқ 1924 йил тугатилган.


1931 йил (бундан 93 йил олдин) – кимёгар олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Мирҳожи Асқаров таваллуд топди (вафоти 2020 йил). У 50 дан ортиқ янги мономерларнинг полимерланиш кинетикаси ва механизмини ўрганиш натижасида хоссалари барқарорлаштирилган карбонзанжирли пластмассаларни барпо этган.


1935 йил (бундан 89 йил олдин) – геолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Файзулла Усмонов таваллуд топди (вафоти 2008 йил). У Е.Э.Раҳимова билан ҳамкорликда биринчи марта Ер йўлдошларидан олинган маълумотлар бўйича геологик объектларда минералларни миқдорий аниқлашнинг назарияси ва услубларини яратди.

Файзулла Усмонов статистик назарий таҳлил асосларини ва конларни башорат қилиш учун янги математик усуллар тавсия қилди ва улар асосида компьютер дастурлар мажмуасини ва “Геоанализ” номли компьютер ахборот тизимини яратди.


1960 йил (бундан 64 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати қарорига асосан Туябўғиз сув омборига “Тошкент денгизи” номи берилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, сув омбори атрофида дам олиш ҳудуди ташкил этилган. Сув омбори Тошкент вилоятининг Бўка, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ туманларида суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилашга имкон берди.


1964 йил (бундан 60 йил олдин) – Сирдарё вилоятидаги Сардоба тумани ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, туманнинг номи ҳисобланган “сардоба” сўзи форс тилидан олинган. У усти гумбаз шаклидаги ғишт қурилма билан беркитилган сунъий ҳовуз маъносини англатади. Қадим замонда сувсиз ерларда, чўлларда, карвон йўлларида ғиштдан қурилган усти ёпиқ ҳовузнинг номи шундай бўлган.


1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Тошкент метрополитени иккинчи йўлининг охирги линияси – “Тинчлик” ва

“Беруний” станциялари фойдаланишга топширилди.


1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Европа Тикланиш ва тараққиёт банки аъзоси бўлди.


1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Тошкентда Германия элчихонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.


1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Бразилия Федератив Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.


1994 йил (бундан 30 йил олдин) – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Халқаро дастурининг асосий қоидаларига мувофиқ ҳамда наркотик моддаларга қарши кураш олиб бориш ишларини мувофиқлаштириш ва Ўзбекистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси тузилди.


1998 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Оила ва Ер кодекслари тасдиқланди.


1999 йил (бундан 25 йил олдин) – Жиззах вилоятидаги Янгиобод тумани ташкил этилди. Туман ҳудудида Хўжамушкент бобо, Рустам бобо, Сайидон Азиз, Чангаул каби зиёратгоҳлар бор.


2004 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

https://t.me/sara_kitoblar_uz

Report Page