Ватанимиз тарихидаги 29 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Ватанимиз тарихидаги 29 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

https://t.me/sara_kitoblar_uz



1030 йил (бундан 994 йил олдин) – давлат арбоби ва ҳарбий саркарда, Ғазнавийлар сулоласи ҳукмдори Султон Маҳмуд Ғазнавий диққинафас (нафас қисиши, астма) хасталиги туфайли оламдан ўтди. У араб ва паҳлавий (форс) тилларини пухта билган, туркий тилда шеърлар битган. Ғазна шаҳрида нодир китоблардан иборат катта кутубхона тўплаган.

Маҳмуд Ғазнавий ислом маданияти ривожланиши ва ислом дини тарқалишига катта ҳисса қўшган. Хусусан, ўз саройида тўрт юздан ортиқ олим, шоир ва санъаткорларни тўплаб, уларга ҳомийлик қилган. Қудратли ва жанговар ҳарбий қўшин ҳамда денгиз флотига эга бўлган. Шарқ алломаларининг асарларида Маҳмуд Ғазнавий адолатли ва фуқаропарвар подшо, душманга нисбатан шафқатсиз саркарда сифатида тасвирланади.


1889 йил (бундан 135 йил олдин) – Россия империясининг Бухоро амирлигидаги сиёсий вакили Туркистон генерал-губернаторига Бухоро амирлигидан топилган танга ва қимматбаҳо буюмларни юборди. Сиёсий вакил генерал-губернаторга йўллаган мактубида бу буюмлар ҳақида қуйидагиларни хабар қилган:

“Канцеляриянинг 1888 йил 28 ноябрдаги 5525-рақамли хатига асосан илова қилинган рўйхатда кўрсатилган танга ва буюмларни жўнатмоқдаман. Қўшимча қилиб шуни айтмоқчиманки, мазкур буюмлар 1888 йил баҳорида Амударёнинг Каркидан кечиб ўтиш жойида – Бухоронинг Карки шаҳри яқинида жойлашган тепаликда муҳандислик ишлари олиб бориш жараёнида ер остидан топилди. Бу буюмларни менга Самарқанд муҳандислик участкаси бошлиғи полковник Павлов Петербургга – Император Археология ҳайъатига совға қилиш учун топширди”.

Бундан олдинроқ, 1888 йил ноябрда Бухоро амирлигида қимматли хазина топилганлигидан хабар топган Туркистон генерал-губернатори Бухородаги Россия сиёсий вакилига танга ва буюмларни Петербургдаги Археология ҳайъатига юбориш учун Тошкентга Туркистон генерал-губернаторлиги идорасига жўнатишни илтимос қилган эди. Петербургга юборилган хазина таркибида қадимги 2 дона олтин ва 31 дона кумуш танга, сопол идиш, металлдан тайёрланган кели, келидаста, қозон, жомлар бўлган.


1914 йил (бундан 110 йил олдин) – “Садойи Фарғона” газетасининг шу кунги сонида Абдулҳамид Чўлпоннинг “Туркистонда зироат ва деҳқончилик” номли мақоласи эълон қилинди. Унда мамлакатдаги инқирознинг илдизи лалмикор ерлардан унумли фойдаланмаслик ва қишлоқ хўжалигига янги технологияларни вақтида жорий қилмаётганликда эканлиги кўрсатиб ўтилган.


1923 йил (бундан 101 йил олдин) – Бухоро шаҳрида Бухоро божхона округи, жойларда унинг бўлимлари ташкил қилинди. Тарихчи Маҳмуд Очиловнинг қайд этишича, Бухоро божхона бошқармаси (округи) бошлиғи лавозимларида Ибод Хўжаев (Файзулла Хўжаевнинг укаси; 1923 йил сентябрь – октябрь), Қосим Қориев (1923 йил 24 октябрдан) ва бошқалар ишлаган.


1923 йил (бундан 101 йил олдин) – тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, якшанба куни Самарқанд зиёлилари томонидан “кўмак” адабий кечаси ташкил этилди ва халқдан “Кўмак” уюшмаси фойдасига 7 минг сўм пул иона (моддий ёрдам) тўпланди. Иона тўплаш ишида фаоллиги ва энг кўп ҳиммат кўрсатган инсон сифатида маърифатпарвар шоир Ҳожи Муин Шукрулло ўғли кўпчиликка шахсий намуна кўрсатди.


2004 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”, “Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.


2019 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.


2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.


https://t.me/sara_kitoblar_uz

Report Page