“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги мақолалар танлови НИЗОМИ

“Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги мақолалар танлови НИЗОМИ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази

I. Умумий қоидалар
1. Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратишда талаба-ўқувчиларнинг иштирокини таъминлаш, уларнинг илмий-ижодий ишларини илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилган ҳолда амалиётга татбиқ қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5040-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
2. “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги мақолалар танловида олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба-ўқувчилар ўзларининг илмий-ижодий иш (мақола)лари билан иштирок этадилар.
3. Танловни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан амалга оширилади.

 II. Танловнинг мақсад ва вазифалари
4. Танловнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратишда ҳамда олий мақсадларимиздан бири бўлган Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда ёшларнинг иштирокини таъминлаш ва уларда дахлдорлик фазилатларини қарор топтириш, миллий ва диний қадриятларни тиклашдан иборат.
5. Танлов вазифалари қуйидагилардан иборат:
- Ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим кўникмаларини янада юксалтириш;
- ёшлар ўртасида илмий, илмий-оммабоп, ижодий, публицистик мақолалар, иншолар ёзиш кўникмаларини шакллантириш;
- ёшларнинг ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
- Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўладиган юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш;
- янги Ўзбекистонда маърифатли жамиятни барпо этишда ёшларнинг ролини ошириш.

III. Танловни ўтказиш босқичи ва муддатлари
6. “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остидаги мақолалар танлови бир босқичда ташкил этилади.
7. Танловда иштирок этиш истагини билдирган талаба-ўқувчиларнинг илмий ижодий ишлари 2022 йилнинг 20 январь кунига қадар @manaviyat_edu_tanlov (+99894 602-86-03) телеграм манзилига ўзбек ёки рус тилларида юборадилар.

IV. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
8. Танловни ўтказиш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буйруғи билан Ишчи гуруҳи ва соҳа профессор-ўқитувчилари, олимлари, мутахассислари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда Ҳакамлар ҳайъати тузилади.
9. Талаба-ўқувчилар томонидан тайёрланган илмий-ижодий иш (мақола)лар Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.

V. Танлов шартлари ва баҳолаш мезонлари
10. Танловга тақдим этиладиган илмий-ижодий иш (мақола)лар қуйидаги шўбаларда қабул қилинади:

- Юксак маънавиятли авлод – Учинчи Ренессанс бунёдкорлари;
- Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ўзбек халқининг юксак қадриятидир;
- Янги Ўзбекистон маърифатли жамиятини яратишда ёшларнинг ўрни;
- Ёшлар ҳаётида виртуаллашув сабаблари ва омиллари.

Танловга тақдим этиладиган илми-ижодий иш (мақола)лар қуйидаги мезонларда баҳоланади:
-      Мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги;
-      илмий-ижодий иш (мақола)нинг стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри ёзилганлиги;
-      мавзуни ёритишда адабиётлардан фойдаланилганлик даражаси ва таҳлилий ёндашувлар;
-      юқори илмий, бадиий савияда ёзилганлиги;
-      мавжуд муаммо ва уни бартараф этиш бўйича ечимларнинг мавжудлиги.

11. Ҳар бир мезон 10 баллик тизим асосида баҳоланади (жами 50 балл)

VI. Илмий-ижодий иш (мақола)ларни тақдим этиш тартиби
12. Танловга тақдим этиладиган илмий-ижодий иш (мақола)лар компьютер Microsoft Word дастурида, сатр оралиғи 1,5 интервалда, 14 кегл билан times new roman шрифтида, матн формати юқори ва пастдан – 2,5 см, чапдан – 3 см, ўнгдан – 1,5 см жой қолдирилган ҳолда ёзилиши шарт.
13. Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган илмий-ижодий иш (мақола)лар қабул қилинмайди.

VII. Танлов ғолибларини тақдирлаш
14. Танловнинг ҳар бир шўбаси бўйича юқори – 1-2-3-ўринни олган танлов қатнашчилари қуйидаги миқдордаги пул мукофотлари ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг даражали дипломлари билан тақдирланадилар:
1-ўрин – 8 000 000 (саккиз миллион) сўм;
2-ўрин – 5 000 000 (беш миллион) сўм;
3-ўрин – 3 000 000 (уч миллион) сўм.
(жами 64 миллион сўм)
15. Танловда ғолиб бўлган талабаларни рағбатлантириш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

VIII. Ташкилий ишчи гуруҳи ҳамда иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
16. Танловни ўтказиш бўйича Ташкилий ишчи гуруҳи фаолияти давомида қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
- Танловни ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
- танлов низомини ишлаб чиқиш ва унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

- танловнинг ўтказилиш шартлари (танловни ўтказиш қоидалари, муддати, баҳолаш жараёни, мезонлари ва босқичлар)ни белгилаш;
- танловни ўтказиш жараёнида ҳакамлар ҳайъатининг таркибини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ишларини мувофиқлаштириш;
- танловга тақдим этиладиган илмий-ижодий иш (мақола)ларни қабул қилиш жараёнини ташкил этиш.

17. Ташкилий ишчи гуруҳ танлов жараёнида қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
- Танловнинг барча иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни яратиш;
- танловни очиқ ва ошкора тарзда ўтказилишини таъминлаш;
- танлов натижаларини келишилган муддатдан аввал эълон қилинишига йўл қўймаслик.

18. Танлов иштирокчисининг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
- Танловни ўтказиш шартлари ва тартиби тўғрисида маълумот олиш;
- танлов ғолиби деб эълон қилинганида соврин(лар)ни ўзи ёки ишончли вакили орқали қабул қилиб олиш.

19. Танлов иштирокчисининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
- Илмий-ижодий иш (мақола)ни топширишдан олдин танлов Низоми билан тўлиқ танишиш;
- Низомда кўрсатилган талабларга қатъий риоя қилиш.

20. Танлов иштирокчиси ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда Ташкилий ишчи гуруҳи томонидан тегишли тартибда танловдан четлаштирилиши мумкин.

IX. Якуний қоидалар
21. Танловга келиб тушган илмий-ижодий иш (мақола)лар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда 1 йил муддат давомида сақланади.
22. Танлов иштирокчиси (бошқа шахс) томонидан танловни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда унинг натижаси билан боғлиқ мурожаат (эътироз)лар қабул қилинмайди.


Report Page