Вариатив ўқув режа бизга нима беради?
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2019 йил 28 декабрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги 405-сон буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти халқ таълими бошқармасининг 2019 йил 30 декабрдаги 212-сон буйруғи ишлаб чиқилди.
Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан Вариатив ўқув режалари ўзи нима?, Уни қандай ишлаб чиқиш керак?, Амалиётда қандай ишларни ташкил этиш зарур? деган саволларга жавоб топиш мақсадида туман (шаҳар) бўлими мудирлари ва ҳар бир ҳудуддан бир нафардан мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида кенгайтирилган ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда Халқ таълими вазирлиги томонидан такдим этилган намунавий вариатив ўқув режа бўйича слайдлар намойиш этилиб, масаланинг мазмун-моҳияти аниқ қилиб тушунтириб берилди.
Вилоятдаги мавжуд 889 та умумий ўрта таълим мактабларида ота-оналар ва ўқувчилар учун вариатив ўқув режаларни тарғиб қилиш мақсадида барча таълим муассасаларида кўргазмали стендлар ташкил қилинди.
Умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини жорий этиш, танлов фанларини белгилаш ва синфларни шакллантиришда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими психологи ва касбга йўналтириш бўйича мутахассислари томонидан ўқувчилар ўртасида сўровномалар ўтказилиб, уларнинг қизиқишларига кўра фанлар танланди. Кузатув кенгаши орқали мунтазам жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Вариатив ўқув режани жорий этиш бўйича жамоатчилик, ота-оналар катта қизиқиш билан муносабат билдирган бўлишига қарамасдан, кадрларга бўлган эхтиёжни инобатга олиб ҳамда сўровномалар натижаларига кўра вилоятда жами 47 та умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синфларида вариатив ўқув режаларни тажриба-синовдан ўтказиш бўйича педагогик кенгаш йиғилиши қарорлари қабул қилинди.
Хорижий тил ва филология, молия-иқтисод, технология, табиий фанлар, ижтимоий-гуманитар йўналишлари бўйича вариатив ўқув режаларни тажриба-синовдан ўтказиш жараёнига 10-синфларнинг 1125 нафар ва 11-синфларнинг 1240 нафар ўқувчилари қамраб олинди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида фаолият кўрсатаётган умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.