Ваколатли иқтисодий операторларнинг умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳозирда 1,1 млрд АҚШ долларини ташкил этади

Ваколатли иқтисодий операторларнинг умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳозирда 1,1 млрд АҚШ долларини ташкил этади

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда Божхона қўмитаси ахборот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев ваколатли иқтисодий операторлар институти ҳақида маълумот берди.

Мамлакатимизда божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш қаратилган чора-тадбирлар доирасида халқаро стандартлар талабларидан келиб чиқиб, белгиланган талабларга жавоб берадиган, инсофли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилган.  

Мазкур институт божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш билан бир қаторда бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритиш учун тадбиркорлик субъекти раҳбари, бош бухгалтери ва ваколатли шахслари сўнгги 1 йил давомида маъмурий ва сўнгги 5 йил давомида жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши, солиқлар, мажбурий тўловлар, жарима ва пеняларни тўлаш юзасидан қарздор бўлмаслиги , шунингдек, камида уч йил ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширган бўлиши талаб этилади.

Ваколатли иқтисодий опеартор мақомини қўлга киритиш истагида бўлган божхона брокерлари, божхона омбори ва божхона ташувчилари учун қўшимча талаблар ҳам жорий қилинган.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритган юридик шасхлар

божхона операцияларини биринчи навбатда амалга ошириш,

товарни ташиш йўналишини белгиламаслик,

божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда товарларни ўз омборига тушириш ёки ўзининг транспорт воситасида божхона транзитини амалга ошириш,

экспорт товарлари юкланган транспорт воситаларини мустақил пломбалаш,

товарларни чиқаришда уларнинг божхона қийматини шартли равишда аниқлаш,

Алоҳида ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, кейинчалик олтмиш календарь куни давомида тақдим этиш шарти билан товарларни чиқариш каби яна кўплаб имкониятларга эга бўлади.

Ҳозирда республикамизда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сони 24,6 мингдан ошмоқда ва уларнинг умумий ташқи савдо айланмаси салкам 30 млрд АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Шундан ҳозирга қадар фақат 48 та ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритган. Уларнинг 28 таси биринчи турдаги, 13 таси биринчи ва иккинчи турдаги ҳамда 7 таси иккинчи турдаги гувоҳномалар асосида божхона операцияларини амалга оширишда махсус соддалаштиришлардан фойдаланиб келишмоқда.

Ваколатли иқтисодий операторларнинг умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳозирда 1,1 млрд АҚШ долларини ёки 3,8 фоизни ташкил этади.

Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган корхоналарнинг асосий қисми, яъни 36 таси  Тошкент шаҳрида, 4 таси Тошкент вилоятида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Қашқадарё ҳамда Наманган вилоятларида – 3 тадан, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида – 1 тадан ваколатли иқтисодий операторлар мавжуд.

Биринчи турдаги гувоҳномалар асосида фаолият юритиб келаётган ваколатли иқтисодий операторлар божхона тўловлари тўланишини 50 фоизга таъминлаган ҳолда божхона тўловларини бўлиб тўлаш ёки муддатини йигирма иш кунигача кечиктириб тўлаш имкониятига эга бўлишади.

Иккинчи турдаги гувоҳномалар асосида фаолият юритаётган ваколатли иқтисодий операторлар эса божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда божхона тўловларини бўлиб тўлаш ёки муддатини йигирма иш кунигача кечиктирган ҳолда товарларни эркин муомалага чиқаришлари мумкин.

Таҳлилларга кўра, 2-турдаги ваколатли иқтисодий операторларга умумий ҳисобда 30 млрд. сўмдан зиёд божхона тўловларини бўлиб ёки кечиктириб тўлаш бўйича имтиёзлар берилган.

Шунингдек, 2-турдаги гувоҳномалар асосида фаолият юритиб келаётган 20 та ваколатли иқтисодий операторларга божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда божхона назорати остидаги жами қиймати 73,5 млн АҚШ долларлик, 36,3 млн тонна оғирликдаги товарларини ўз омборларига жойлаштириш имконияти тақдим қилинган.

Ҳозирда Божхона қўмитаси томонидан ваколатли иқтисодий операторлар фаолиятини ташкил этиш тартибини аниқ белгилаб бериш, ваколатли иқтисодий операторларга тақдим этиладиган махсус соддалаштиришлар рўйхатини соҳага оид халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш учун танлов мезонларини ва тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, мазкур институтни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш юзасидан амалдаги меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ҳозирда ваколатли иқтисодий операторларга хорижий давлатлар ҳудудида, хорижий давлатларнинг ваколатли иқтисодий операторларига эса Ўзбекистон ҳудудида махсус соддалаштиришлар ва имтиёзларни жорий этиш юзасидан қатор давлатлар билан ўзаро меморандумлар имзолашга ҳозирлик кўрилмоқда.

 


Report Page