Ваҳшиёна қийноқ: Конституцияни оёғости қилманг!

Ваҳшиёна қийноқ: Конституцияни оёғости қилманг!



Куни кеча Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси лойиҳаси қабул қилинди. Конституция лойиҳасига умид билан овоз берганлар, шубҳасиз, унинг 26-моддасини ҳам ўқиб чиққан. Мазкур моддада:

“Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас” дейилади.

Демак, бундай жиноятни содир этган шахс Конституцияга, уни имзолаган Халққа нисбатан жиноят содир этгандир. Бундай жиноятларни яширган мулозим ёки раҳбар Конституцияга, Халққа нисбатан содир этилган жиноятни яширган бўлади.


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоллари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган ЖИЭДга қарашли 3-сонли изоляторда қийнаб ўлдирилган Санжарбек Мамамжонов иши бўйича (034012/2022-50OG-сонли жиноят иши) Андижон вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 12 нафар ходимини жазолатишга ҳисса қўшишди.

Зўровон ходимлар ЖКнинг мансаб сохтакорлиги ва қийноқ моддалари билан 8 йилга қадар қамоқ жазоларига ҳукм қилинди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини иддао қилган.


Суриштирув, адовкатлари ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Дилдошжон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги “ажал фаришталари” ва терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланиб, Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан содир этилган қийноқ натижасида у салкам ногиронга айланиб қолди. Унинг баданига электрошокер воситасида етказилган зарар сиз кўраётган расмларда ҳам акс этган. Унинг моматалоқ баданидаги жароҳатлар ҳануз кетгани йўқ.


Афсуски, бундай қийноқ ва зўровонликлардан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи тугул Қийноқларга қарши Миллий превентив механизмларни амалга оширганини иддао қилаётган Омбудсманнинг ҳам хабари бор. Катта эҳтимол билан улар бундай жиноятларни яширишга ҳаракат қилишади, жамоатчиликни алдаш, мамлакатда қийноқларга барҳам берилган, деган ёлғон ҳисоботлар билан чиқишади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 26 июнь куни Халқаро Қийноқларга қарши кураш куни муносабати билан имзоланган Фармонида бу иллатга қарши кураш стратегияси ишлаб чиқилганди. Ҳатто Омбудсман қошида махсус гуруҳ тузилганди, аммо гуруҳ кўзбўямачиликдан нарига ўтмади.

Ҳатто Ўзбекистон Республикаси Олий суди 2022 йилда айнан қийноқ масаласида бирорта шахснинг жавобгарликка тортилмагани хусусида шубҳали маълумот берди.


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мамлакатда қийноқ ҳолатлари бўйича вазиятни таҳликали, деб баҳолайди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини юқорида номи тилга олинган ишлар бўйича чуқур текширувлар ўтказиш ҳамда Қийноқларга қарши миллий превентив механизмлар гуруҳи фаолиятига ҳуқуқий баҳо беришга чақиради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизмати

P.S. Мазкур хабарномада тилга олинган маълумотлар аллақачон Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази идораларига етиб борган. Қийноқ қурбонларининг адвокатларига кўра, бу ҳолатни яширишга уринишлар бўлмоқда. Жамоатчилик назоратига етказиш юзасидан ягона мақсад тегишли идораларнинг маъсулиятини оширишдир.

Абдураҳмон Ташанов, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси

Report Page