ВИЖДОНСИЗ ИНСПЕКТОРЛАР ГАЗ УЧУН ТЎЛОВ ПУЛЛАРИНИ ЎЗЛАШТИРИБ ЮБОРИШДИ

ВИЖДОНСИЗ ИНСПЕКТОРЛАР ГАЗ УЧУН ТЎЛОВ ПУЛЛАРИНИ ЎЗЛАШТИРИБ ЮБОРИШДИ


"Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бошқармаси ва "Ҳудудгаз Навоий" ГТФнинг Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлими ходимлари томонидан истеъмолчилардан табиий газ учун олинган маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ етказувчи ташкилотларга етказилган зарар миқдори 1 миллиард сўмни ташкил этмоқда (Ушбу миқдор арифметик усули орқали олинган).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 июндаги 6010-сонли Фармонига биноан "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг функциялари сезиларли даражада кенгайтирилди. Хусусан, табиий газ истеъмоли учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек табиий газни сотиш ва истеъмол қилишни ҳисобга олиш ваколати Мажбурий ижро бюросидан (МИБ) газ таъминоти ташкилотларига ўтказилди. Шу билан бирга, ушбу меъёрий ҳужжатда ишидан озод қилинган МИБ инспекторларини газ таъминоти ташкилотларига ишга жойлаштириш тартиби ҳам кўзда тутилган.

Белгиланган вазифаларни амалда бажариш учун янги ишга қабул қилинган инспекторлар ўртасида профилактика ишлари олиб борилди ва Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани "Оқ Мачит", "Маликабод" ва "Қалаиазизон" МФЙ аҳолиси билан мулоқот ташкил этилди. Аҳоли билан суҳбат давомида МИБ собиқ инспекторлари томонидан аҳоли тўлов маблағларини қонунга зид равишда ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди.

Хуллас, аҳоли шу кунгача газ учун тўловларни "Биллинггаз" тизимига ҳисоблагич кўрсаткич маълумотларини киритиш учун уйма уй юриб назорат қилган инспекторлар орқали тўлашган. 2020 йил июль ойи учун истеъмол қилинган табиий газ учун юқоридаги маҳаллаларнинг 650 та абоненти томонидан навбатдаги тўловни амалга оширишда ўнта инспектор уларнинг 10,5 миллион сўмини ғазнага кирим қилмай, ўзлаштириб юборгани аниқланди.

Шуни таъкидлаш керакки, МИБ инспекторлари штати қисқартирилгандан сўнг, 2020 йил август ойида ушбу ўн кишидан тўрт нафари "Қизилтепатумангаз" газ таъминоти бўлимига, биттаси "Навоийшаҳаргаз"га ишга қабул қилинган, қолган беш киши МИБдан бўшатилгандан сўнг, турли сабабларга кўра газ таъминоти ташкилотларига ишга олинмаган.

Ушбу ҳуқуқбузарликларга алоқадор бўлганлар орасида инспекторлар Фахриддин Истамов (50 минг ўзлаштирилган), Эркин Эргашев (500 минг), Бобур Исоқов (100 минг), Фарход Ашуров (7 миллион 253 минг), Ҳумоюн Ҳамидуллаев (1 миллион 110 минг сўм), Жамшид Олимов (795 минг), Санжар Тошев (350 минг), Рустам Қурбонов (165 минг), Шуҳрат Чулиев (50 минг), Хасан Тўхаевларнинг (200 минг) борлиги аниқланди.

Ҳозирда газ истеъмолчиларининг қарзларини камайтириш мақсадида, алданган аҳолининг пулларини кирим ғазнасига қайтариш учун текширув ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ газ учун тўловларни қабул қилишда инсон омилини камайтириш ва шу билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида, истеъмолчилардан ўз тўловларини банк ўтказмалари орқали, шу жумладан, турли хил электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширишга чақиради.

Бундан ташқари, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ раҳбарияти Сизлардан, газ таъминоти ташкилотлари ходимлари томонидан шу каби ҳолатлар ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича Коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича бўлимларга, шунингдек "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг расмий саҳифасига, қолаверса, 1104, 71 200-08-04 рақамларига мурожаат қилишингизни сўрайди.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати


Report Page