ВИЛОЯТДА ДАВЛАТ ТИББИЙ СУҒУРТАСИ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ БЎЙИЧА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

ВИЛОЯТДА ДАВЛАТ ТИББИЙ СУҒУРТАСИ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ БЎЙИЧА СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ


Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирокида “Қашқадарёда Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий қилиш билан боғлиқ ислоҳотлар тўғрисида” семинар ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Фаррух Шарипов ва вазирлик тиббий суғурта бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алмардонов мавзу юзасидан семинар иштирокчиларига батафсил тушунча бердилар.

Қайд этилишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида тиббий суғуртанинг бир қатор механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети асосида аҳолига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ташкил этилиши, кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига:

 -оилавий поликлиникаларида – 15 та лаборатор таҳлил, 23 та диагностик текширув, 90 турдаги дори воситалари, 49 номдаги тиббий буюмлар;

-кўп тармоқли поликлиникаларида – 22 та лаборатор таҳлил, 28 та диагностик текширув, 138 турдаги дори воситалари, 57 номдаги тиббий буюмлар;

 -шифохоналарда – 46 та лаборатор таҳлил, 28 та диагностик текширув, 235 турдаги дори воситалари, 76 номдаги тиббий буюмлар билан таъминланиш кўзда тутилган.

Оилавий шифокор йўлланмаси асосида тор соҳа мутаҳассисларига мурожаат қилинади ва шифохонага ётқизилади. Тиббиёт муассасаларини тиббий жиҳоз ва компьютер техникалари билан таъминлаш чоралари кўрилади. Молиялаштиришнинг янги усуллари, поликлиникаларда - аҳоли жон бошига ва шифохоналарда ҳар бир даволанган ҳолат бўйича амалга оширилади. Тиббиёт муассасаларида маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишининг доимий мониторинги йўлга қўйилади. Ягона ахборот платформаси яратилиб, барча тиббиёт муассасаларга зарур дастурлар ўрнатилади.

Аҳолига дори воситаларини электрон рецепт билан бепул бериш Реимбурсация дастури жорий этилади. Тиббий хизматларнинг сифат назорати, самарадорлиги ва натижадорлигининг мониторинги йўлга қўйилади. Йўлланмаларнинг асосли берилиши ҳамда аҳолига кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилиши таъминланади. Муассасаларга ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади. Тиббиёт ходимлари жамоавий ёндошувда ва ахборот дастурларида ишлашга ўқитилади. Кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилинади.

Шунингдек, тадбирда Давлат тиббий суғуртасини жорий этиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Давлат тиббий суғуртаси механизмларини Қашқадарё вилоятида амалга ошириш бўйича вилоят ҳокими билан йўл харитаси тасдиқланганлиги маълум қилинди.

 Семинарда “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янгича ёндошувлар асосида ташкил этиш” бўйича ҳам тақдимот ўтказилди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

 

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.


@qashqadaryo_ssb

Report Page