ВИЛОЯТ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ.

ВИЛОЯТ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ.


Унда вилоят сайлов комиссияси раиси Ш. Джураев маъруза қилди:

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига дадил қадам қўйди. Иқтисодиётимиз ривожланиб, одамларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, фаоллиги тобора юксалиб бормоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва ошкоралик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Жорий йилдаги сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ушбу сайловлар Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларнинг узвий қисмидир.

Бу йилги сайловларга тайёргарлик ишлари бундан икки йил аввал бошланган эди. Сайлов қонунчилиги тубдан янгиланиб, миллий тажрибамиз ва халқаро стандартларга мос янги Сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодексида сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилди.  

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилди.

Вилоят сайловларини нуфузли халқаро ташкилотлар, халқаро кузатувчилар ҳамда маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб боргани бунинг далилидир.

Биринчи марта сайлов жараёнлари вилоятимизнинг турли ҳудудларидаги 4та сайлов участкаларига тажриба-синов тариқасида ўрнатилган 8 та видеокамералар орқали онлайн трансляция қилинди.

Сайлов кампанияси даврида Марказий  сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази ва вилоятдаги бўлими сайлов жараёнида   матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар, учрашувларни ўтказиб, ёритиб берди. 

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилгани сайловларни қонун талаблари асосида, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Бу йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – бу сайловчиларимизнинг фуқаролик масъулияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик туйғусининг янада ошганлиги билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларида вилоятдаги 418248 нафар сайловчи иштирок этди ва бу сайловчилар умумий сонининг 69,8 % фоизидан иборатдир. 5178 нафар  сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. 

Ўтган сайловлар натижаси, Халқ депутатлари бўлиб, вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомага асосан 60 та округнинг барчасидан депутатлар сайланди. Жумладан,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 19  нафар, яъни 32%,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан  14 нафар, яъни 23 %

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 7 нафар, яъни 12 %,

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 12 нафар, яъни 20 %,

Ўзбекистон Экологик партиясидан 8 нафар, яъни 13% депутат сайланди. 

Жами депутатларнинг 38,3 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланади. 

Эътиборингиз учун раҳмат!




Report Page