ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ НАВОИЙЛИКЛАРГА  МУРОЖААТИ

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ НАВОИЙЛИКЛАРГА  МУРОЖААТИ

https://t.me/navoiuz_official

Азиз юртдошлар, ҳурматли отахону онахонлар,

 ака-укалар ҳамда, опа-сингиллар!

Мен бугун барча навоийликларга, вилоятимизнинг ҳар бир фуқаросига яна бир бор қатъий мурожаат қилишни лозим деб топдим!

 Негаки, барчамиз кўриб, кузатиб, бевосита гувоҳи бўлиб турган сўнгги кунларда коронавирус инфекциясининг вилоятимиз аҳолиси ва ҳудудларида ниҳоятда тезкорлик билан тарқалиб бораётгани барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

 Хабарингиз бор, сўнгги кунларда вилоятимизнинг айрим ҳудудларида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. 

Сўнгги маълумотлар ва таҳлилларга кўра, касалликнинг асосий ўчоғи аҳоли орасида бўлиб қолаётгани ўта ташвишли ва аячли ҳолатдир. 

 Ер юзидаги барча мамлакатларнинг иқтисодиёти, сиёсати ва тараққиётига, энг даҳшатлиси инсонлар ҳаётига тўғридан-тўғри хавф ва таҳдид солаётган, тобора кўлами ва ҳажми кенгайиб бораётган коронавирус пандемияси бизнинг юртдошларимизни жиддий сергаклантириши лозим.

Хотиржамликка берилиш, “бизгача етиб келмайди” ёки “менга нима” қабилида иш тутиш оғир ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини ҳар лаҳзада унутмасликларингизни сўрардим. 

Айниқса, карантин чекловларининг юмшатиб борилишини тўғри ва онгли равишда қабул қилган ҳолда жамоат жойларида, транспорт воситаларидан фойдаланишда ҳамда ўта зарур ҳолларда иштирок этиш тақазо қилинадиган маърака ва маросимларда белгиланган санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этишингиз шарт! 

Бугун кимнингдир кўнглини олиш ёки ўзбекчилик деган андиша билан ташланган нотўғри ҳар бир қадамингиз эртага нафақат ўзингиз учун, балки оилангиз, таниш-билишларингиз ва бутун жамият учун хавфли қуролга айланиши ёки биргина ножўя ҳатти-ҳаракат туфайли бир умрлик виждон азобида қолишингиз мумкин.  

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё миқёсида 5,5 млн. дан ортиқ инсон коронавирусдан азият чекмоқда. Афсуски бу балодан вафот этганлар сони эса дунё бўйича 345 мингдан ошиб кетди. 

Мамлакат ёки миллат, ёш ёки жинс танламаётган мазкур пандемиянинг тарқалиш кўлами, тезлиги шунчалик мисли кўрилмаган тарзда тезлик билан кенгайиб бормоқдаки, бунинг олдини олиш ва ундан ҳимояланиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида эканлигини яна бир таъкидламоқчиман. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус билан касалланган бир одам энг камида ён атрофидаги 400 нафардан ортиқ кишига инфекция юртириши муқаррарлиги такрор ва такрор таъкидланаётган бир пайтда аксар фуқароларимизнинг ҳалигача эътиборсизлик қилаётгани ўзларининг жамият учун энг даҳшатли қирғин қуролига айланиб қолиши мумкинлигидан далолат эмасми!

Хусусан, юртимиз тиббиёт мутахассислари таҳлилларига кўра республикамизда ҳам коронавирус билан касалланган бир нафар бемор ўз танишлари, қариндош ва яқинларидан 50 нафардан ортиғига касалликни юқтириш ҳолатлари қайд этилганлиги ўта аячли ва ташвишли ҳолатдир.

Айниқса, юртимизда карантин бошланган буён олиб борилган тинимсиз тарғибот ва ташвиқот, тушунтириш ва амалий ишларга қарамасдан, айнан вилоятимиз ҳудудларидан аҳоли орасида касалланиш ҳолатларининг кўпайиб бораётгани ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги лозим.

Бугун барчамиз ҳар дақиқа, ҳар лаҳзада доим сергак ва эътиборли бўлишимиз эртанги хотиржам кунларимизнинг кафолати бўлишини унутмаслигимиз керак.

Бир кишининг ортидан узлуксиз занжир бўлиб давом этаётган бу касаллик бугун ҳаммамизга таҳдид солаётганини тушуниб етиш наҳотки қийин бўлса! Нима учун кимларнингдир оғир аҳволга тушишини кутиб туришимиз керак!? 

Бугун бундай ҳолатлар ва фожиаларнинг дунё бўйича қай тарзда тарқалиб бораётгани ва минглаб одамларнинг ёстиғини қуритаётганини кўриб, кузатиб бориб ҳам тўғри хулоса чиқаришга шошилмаётганлар, бепарво ва эътиборсизлик билан ён-атрофдагиларга хавф туғдираётганлар афсуски, кўпайиб бормоқда. 

Сиз ҳам улардан бирига айланиб қолмай, оилангиз ва яқинларингиз бахтига соғ-омон бўлай десангиз ўзингизни асранг ! Зеро, ҳар қандай жамият ва давлатнинг бойлиги бу соғлом авлод, баркамол инсонлардир!

Зеро, давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг барча қатламларини ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг механизми ишлаб чиқилиб, аҳолининг нафақат, жони, моли ҳам бу офатдан ҳимоя қилинишининг барча чоралари кўрилмоқда. 

Аҳолидан эса бунга жавобан фақат бир нарса, ўзини ва оиласини асраш талаб этилмоқда, холос. Афсуски, бу даъват ва тавсияларга ҳар бир киши, ҳар доим ҳам амал қилмоқда, дея олмаймиз. Таъбир жоиз бўлса, аксарият юртдошларимиз ўзбошимчалик билан кўр-кўрона билан иш тутаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Афсуски, бу каби ҳатти–ҳаракатларни фарзандларига, оиласига, умуман юртимизга, миллатимиз ва халқимизга нисбатан нописандликни хиёнат деб айтиш мумкин. 

Кимнингдир хонадонида аза бўлишига, қариндошлик қўни-қўшничилик ришталарининг узилишига айнан сиз сабабчи бўлиб қолишни истамасангиз, белгиланган карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!  

Энг ташвишланарлиси, сўнгги кунларда айнан вилоятимизнинг бир қатор ҳудудларида мазкур касалликни юқтириб олиш ҳолатлари бир оила ёки яқин муносабатда бўлган инсонлар орасида пайдо бўлаётгани такрор ва такрор кузатилмоқда. Бу давомли занжирни узиш ва тезроқ соғлом ва доимий ҳаёт тарзига қайтиш фақат ўзимизга, сиз ва бизнинг оқилона ҳатти-ҳаракатимизга боғлик!

Шундай экан, Сиз азизлардан зарурат бўлмаганда кўча-куйга, бозор-ўчарга чиқмасликни, оила даврасида қолишингизни сўраган бўлардим. Негаки, бугунги кунда дунёга хавф солаётган пандемия ҳеч кимни аяб ёки четлаб ўтмаяпти. 

  Азиз навоийликлар, қадрли юртдошлар!

Бугун ҳар қачонгидан ҳам бирлашадиган, баҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб, мана шундай ташвишли, таъбир жоиз бўлса, оғир кунларни биргаликда енгадиган синовдамиз!

 Сиз азизлар билан, бутун навоийликлар, барчамиз бирдам ва баҳамжиҳат бўлиб, келажагимиз бўлган фарзандларимиз бағрида қолиб, яқинларимизнинг қадрига етайлик! 

Аллоҳ таолодан инсоният бошига ва юртимизга келган балоларни тезроқ бартараф этишини сўраб дуо қилайлик!

Барчамизни Яратганнинг ўзи асрасин!

К.Б.Турсунов, 

 Навоий вилояти ҳокими, 

сенатор



Report Page