“ВЕТЕРИНАРИЯ – ИНСОНИЯТНИ ДАЪВОЛАЙДИ” ХАЛҚАРО ВЕТЕРИНАРИЯ КУНИ МУБОРАК БЎЛСИН!

“ВЕТЕРИНАРИЯ – ИНСОНИЯТНИ ДАЪВОЛАЙДИ” ХАЛҚАРО ВЕТЕРИНАРИЯ КУНИ МУБОРАК БЎЛСИН!


Бугун инсоният глобал ечим талаб этадиган кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Улардан энг асосийси, озиқ – овқат ҳавфсизлиги муаммоси, шунингдек, инсонлар ва ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаб турган атроф-муҳитда вужудга келаётган юқумли касалликларнинг тарқалишидир. Касалликлар давлатларга катта иқтисодий зарар келтириш билан бирга, инсонлар ҳаётига ҳам ҳамиша катта хавф солади.

Мамлакатимизда бунинг учун барча ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар мунтазам олиб борилади. Асосан, четдан кириб келиши мумкин бўлган инсонлар ва ҳайвонлар учун хавфли юқумли касалликлар тарқалишининг олди олиниб, барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда. 

Ҳар йили апрел ойининг охирги шанбасида, яъни эртага Ер шарининг турли нуқталарида Ҳалқаро Ветеринария куни (World Veterinary Day) нишонланади.    Бу касб айни дамда дунёдаги энг муҳим, масъулиятли ва шу билан биргаликда юқори маош тўланувчи касблардан бири саналади.

Жамиятда ветеринария соҳасининг муҳимлиги ва инсоният тараққиётидаги аҳамиятини англатиш, ветеринария ташкилотлари ва ветеринария врачларининг нуфузини кўтариш мақсадида 2000 йилда Халқаро ветеринария ассоциациясининг ташаббуси билан ҳар йили апрел ойининг охирги шанба кунини “Халқаро ветеринария куни” деб белгиланиши ҳақида қарор қабул қилинди ва бу кун дунёнинг деярли барча давлатларда байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.

Ўзбекистонда ушбу инфраструктуранинг ривожланиши ҳудудларда эпизоотик ва эпидемик барқарорликни, аҳолини хавфсиз ва истеъмолга яроқли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва халқаро савдо алоқаларининг ривожланишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон 1992 йилдан буён Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти аъзоси ҳисобланади. 

         Марказий Осиёда ягона бўлган Самарқанд давлат Ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар Университети айнан шу соҳа учун мутахассис – кадрлар тайёрлайди. Таълим масканида бугун жами 6,5 минг нафардан зиёд талаба – ёшлар таҳсил олишмоқда.

Таълим муассасасида 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, халқаро талабларга жавоб берадиган такомиллаштирилган ўқув режалар, ўқув дастурлар асосида ўқув жараёни ташкил этилган бўлиб, илк бор “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши ўқиш муддати 5 йил этиб белгиланди. Университетнинг барча таълим йўналишлари ва мутахассисликларида ўқув жараёни кредит - модуль тизими асосида ташкил этилган ва HEMIS платформасида олиб борилади. Ўқув жараёнида янги ахборот ва педагогик технологияларни жорий этиш юзасидан йўналишлар ва мутахассисликларни хусусиятидан келиб чиқиб, ўқув семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, очиқ маъруза ва амалиёт, лаборатория машғулотлари ташкил этилиб, ёш иқтидорли ва қобилиятли ўқитувчиларда педагогик маҳорат шакллантирилиб борилмоқда.

Университетда айни кунда  381нафар профессор –ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда.

Хорижий давлатларнинг илғор ОТМларидан 23 нафар профессор-ўқитувчилар офлайн ва онлайн тарзда университет ўқув жараёнига жалб этилган.

Маълумотларни келтиришдан мақсад шуки, мамлакатимиз раҳбари, шахсан Президентимиз томонидан соҳа ривожи учун катта эътибор қаратилиб, тизим алоҳида давлат дастури асосида такомиллаштирилиб, ривожлантириб борилмоқда.

Бу касб эгаларини эъзозласак арзийди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ветеринария куни шу соҳадаги ишларни кенг  ёритиш ва хабардорликни ошириш мақсадида нишонланади. Ҳайвонлар билан тил топишиш осон иш эмас. Ўз дардини шифокорига айтиб беролмайдиганларни даъволаш учун кишидан катта қалб, сабр – тоқат ва юксак билим талаб этилади.

Замонавий оламда бу соҳа ҳам анча тараққий этган. Бугунги кун ветеринар шифокорлари етук билимли ва замон билан ҳамнафас кадрлардир.

Ўз касбининг фидойиси бўлган барча мутахассисларни Халқаро Ветеринария куни – касб байрамлари билан муборакбод этамиз!

Фаровон турмушимиз, тўкин дастурхонимиз ва саломатлигимиз учун улардан миннатдормиз!

 

                            

 

Ҳурмат билан, Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

СамДВМЧБУ ректори


Report Page