ВАТАНПАРВАРЛИК МАВЗУСИ ҚАНИ?

ВАТАНПАРВАРЛИК МАВЗУСИ ҚАНИ?

Авазбек ШЕРМАТОВ ваНигора ХУСАНОВА Ижтимоий-маьнавий тадқиқотлар институти илмий ходимлари

Юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтиришда телевидение, радио ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта. Айниқса, телеканаллар бу борада алоҳида ўрин тутади. Бироқ бугун телеканалларимизда ватанпарварлик мавзусига етарли даражада мурожаат килинмоқдами ? Бу борада аҳвол кандай ? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида Ижтимоий-маьнавий тадқиқотлар институти ходимлари томонидан ўзбек телеканалларининг Ватан ҳимоячилари кунидаги дастурлари ўрганилди. Афсуски, натижалар қониқарли эмас.

“Zo‘r TV” телеканалининг бир кунлик дастурлари рўйҳати 10-12 тани (мусиқий дастур, кино, теленовелла, информацион ва кўнгилочар кўрсатувлар) ташкил этади. Хусусан, 13 январь куни қуйидаги кўрсатувлар эфирга берилган: “Эрталабдан салом”, “Бу кун” (информацион дастур), “Ош-хона қироллари” “Зинама-зина”, “Насриддиннинг чопони”, “Ep-ёр” “Uzlywood” ҳамда таниқли хонанда Ўлмас Оллобергановнинг концерт дастури. Шу куни тўртта бадиий фильм намойиш этилган. “Uzlywood” кўрсатувининг тақдим этилган сони 14 январь - Ватан химоячилари кунига бағишланган байрамона сон экан. Кўрсатув мусиқий-кўнгилочар йўналишда бўлгани учун ҳарбий санъаткорлар иштирок этишди. Кўрсатувнинг номини хам ўзбекча атаса бўларди. Тилимизда қандай гўзал сўзлар бор, гибрид ном топишга ҳеч қандай зарурат иўқ эди, бизнингча. Телеканалда ушбу санада намойиш этилган фильмлар ҳам байрамга мос ватанпарвалик руҳидаги фильмлар.

Телеканалда ҳар куни “Сабоқ” номли туркум теленовеллалар намойиш этилади. Ушбу теленовеллалар телеканалнинг Ютуб каналига “Эрсиз қолган опа”, “Қайниукам тегажоғлик қилди”, “Россияда алданганлар”, “Саньатга қарши ота-она”, “Қайтиб кетган совчилар” Душманлик қилган дугона”, “Очкўз почча”, “Болаларни ўлдирган ота” каби номлар билан жойланган бўлиб, кўпроқ шов-шувга урғу берилгани билиниб турибди. Биз бунда ижодкорларни айбламаймиз, чунки хусусий телеканал айнан шу “кўришлар” сони эвазига ишлайди. Бироқ теленовелла ижодкорлари ҳаёт мантиғидан, миллат маънавиятидан узоқлашмаган ҳолда томошабиннинг вақтини ўлдирадиган эмас, унинг вақтини мазмунли қиладиган мавзуларни кўтариб чиқишса мақсадга мувофиқ бўларди.

“Sevimli” телеканалининг бир кунлик дастурлари рўйҳати 8-10 та (мусиқий дастур, кино, теленовелла, информацион ва кўнгилочар) кўрсатувларни ташкил этади. 13-14 январь кунларидаги дастурларда ватанпарварлик руҳи унчалик сезилмади. Телеканал дастурлари давлат тилига ҳурмат, маънавият, тарбия, ахлоқ ва ватанпарварлик туйғуси билан тўйинтирилиши мақсадга мувофиқ. Телеканал дастуридан бир кунда камида 5 та бадиий ва мультипликацион фильмлар намойиши ўрин олган.

Телеканал ижодкорлари бирор-бир кўрсатувни тайёрлаётганда ўз миссиясини унутиб қўймаслиги лозим. Зотан, миллатнинг маьнавий қадриятларини ҳурмат қилиш, томошабинга ҳар томонлама фойдали телемаҳсулот тайёрлаш бугунги медиа вакилларининг жамият олдидаги бурчи ҳисобланади.

Номидаёқ ўз концепциясини томошабинга эслатиб турадиган “Миллий” телеканалида кўрсатувлар сони бироз кам, асосан фильмлар ва сериаллар эфир вақтини эгаллаган. 13 январь куни “Бунчалар зўрсан”, “Ошга мархамат”, “Оталар сўзи”, “Миллар постда”, “Ҳинди шоу”, “Ўткир тергов” каби телекўрсатувлар намойиш этилган бўлса, 14 январь куни “Бунчалар зўрсан”, “Ўткир тергов”, “Ошга марҳамат”, “Ўзбекнинг сўзи қизиқ”, “М-коктейл” “Бахтлимиз”, “Иккаламиз”, “Гулкарам” каби кўрсатувлар телеканалнинг кунлик дастуридан ўрин олган. Дастурларда Ватан ҳимоячилари кунининг шукуҳи сезилмади.

Телеканал дастуридан “Оталар сўзи”, “Иқрор”, “Алхазар” каби туркум теленовеллалар ўрин олган бўлиб, “Оталар сўзи”да нисбатан тоши оғирроқ мавзулар олиб чиқилади. “Иқрор”да эса бироз маиший-ижтимоий, бўрттирилган, хаёт мантиғига тўғри келмайдиган мавзулар етакчилик қилади.

Афсуски, “Миллий” телеканали хам ўз номига яраша тўлалигича миллий эмас. Она тилига ҳурмат, маънавий қадриятлар, тарбия, ахлоқ ва ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга ҳисса қўшадиган бирор кўрсатувни алоҳида эътироф этиш мушкул.

        “Kinoteatr” телеканалининг байрам кунларидаги дастурларини кўриш давомида баъзи мулохазалар туғилди. Икки кунлик дастурлар давомида ватанпарварлик, юрт химояси, тинчликни асраш каби мавзулардаги кинофильмлар деярли эфир юзини кўрмади. Фақат 14 январь куни “Сизга мактуб” номли ватанпарварлик руҳидаги миллий фильм эфирга узатилди. Лекин шу биргина фильм ҳам тонгги соат 06.20 да намойиш этилди. Юртимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган Ватан ҳимоячилари кунида ватанпарварлик ҳақида биргина миллий фильмнинг аксарият юртдошларимиз уйқуда пайти эфирга берилишини қандай тушуниш мумкин ? 14 январь куни “Renessans TV” томонидан “101 рейс” “Тубанлик”, “Dasturxon TV” томонидан эса “Тинчлик ортида”, “Ватан остонаси” “Афв”, “Барон” каби ватан ҳимояси мавзусидаги миллий фильмларимиз томошабинлар эьтиборига ҳавола этилди. Нодавлат каналлар ватанпарварлик мавзусига шунчалик эътибор қаратаётган бир пайтда давлат канали бўлган “Kinoteatr” нинг бу борада сусткашлиги тушунарсиз холат.

Икки соат узлуксиз эфирга узатилган тақинчоқлар рекламаси – “Zargarshop” дастуридан зериккан томошабинга реклама тугаши билан яна соатлаб давом этадиган ҳинд киноси ўрнига ватан ҳимоячилари ҳақидаги бирорта фильм намойиш қилинса, адолатдан бўлар эди. Лекин бундай бўлмади.

Албатта, бугун хориж киносига томошабинлар орасида қизиқиш катта экани бор гап. Улар кўпроқ аудиторияни ўзига жалб қила олади. Лекин байрам муносабати билан миллий бўлмасада, жаҳон киносининг ватанпарварлик, ватан ҳимояси ҳақидаги тан олинган машҳур фильмларини ҳам намойиш этиш мумкин эди. Мисол учун, америкалик машҳур актёр Мел Гибсон ижросидаги “Шерюрак”, “Ватанпарвар” кинофильмлари қайси миллат вакили бўлсин, инсонда ватанга бўлган ҳурмат, ватанпарварлик туй-ғуларини аланга олдира олади.

Дам олиш кунлари болалар эрталабдан “Болажон” ёки “Ақлвой” телеканалларини томоша қилади. Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган дастурлар эфирга узатилади деб, биз ҳам уларга ҳамрох бўлдик.

“Мен ҳарбий бўламан” деб номланган 10 дақиқали ҳарбийлар машғулотига бағишланган дастур эфирга узатилди. Шу орада, бошқа дастурга ўтиш чоғида Galavit, Флуимутцил дори воситалари, дудланган гўшт маҳсулотларию ҳар беш дақиқада 3 мартадан такрорланадиган “ZIZI” сақич рекламалари болалар жўрлигида кетма-кет жаранглайверди.

“Ақлвой” канали ижодкорлари “Оҳ, бу болакайлар”, “Teo ва Лео”, “Ажабтовур кашфиёт” ҳамда “Фиксиклар” каби мультиклардан нарига ўтмаганини кўриб ўйланиб қолдим Ўзбекистонда йилда бир маротаба бўладиган байрамда болаларда ватанга муҳаббат туйғусини уйғотишга қаратиладиган дастурларни кўрганимизда шу ватанда истиқомат қилувчи оддий томошабин сифатида болаларнинг “Малика Эмма” дан кўра мард Тўмарис ёки Ойбарчин ҳақида маьлумотга эга бўлиши ҳамда тасаввури шаклланиши маъқул эмасми, деб ўйлаб қолдик. Чунки болаларимиз телевизор томоша қилганида ана “Шрек” дейишини эмас, балки мана бу “Широқ” дейишини истардик. Бу болалар маънавий хавфсизлиги учун жуда мухим омилдир.

Эьтиборимизни “Кунфу жангчиси” мультфилми тортди. Сабаби, ушбу мультфильмда хитой жанг саньати, маданияти, миллий қадриятлари, обидалари акс эттирилган бўлиб, улар болаларимда хитой маданияти ҳақида тасаввурларни шакллантираётганига гувоҳ бўлдим. Шу мультикларга ўхшаб бизнинг ҳам фарзандимиз ўзи туғилиб ўсган ватани, миллий ўзлиги, миллий қадриятлари ва маданияти тўғрисида маълумотлар ва таассуротлар билан камол топишини истардик. Бу Ўзбекистоннинг эртанги куни учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, биз ҳозирдан болалар қалбида она Ватанга мухаббат, Ватан олдидаги бурч, масъулият ва садоқат туйғусини тарбиялашни бир қарашда оддий туюлган нарсалардан бошлашимиз лозим. Бежиз Ватан онага қиёсланмайди. Бизнинг Ватанда қанчалик ҳаққимиз бўлса, Ватаннинг ҳам бизда шунчалик ҳаққи борлигини болалар қалбига жойлаш шартлигини унутишга, бир зум ҳам хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Шундай экан, ойнаи жахон орқали нима бераётганимизга эьтиборсиз ва лоқайд қараш эртанги кунимизни бой бериш билан баробардир.

Report Page