ВАТАНПАРВАР АВЛОД Уни қандай тарбиялаймиз?

ВАТАНПАРВАР АВЛОД Уни қандай тарбиялаймиз?


Ҳозир ер юзида кучли мафкуравий зиддиятлар ва маданиятлараро тўқнашувлар юз бераётгани ҳеч кимга сир эмас. Глобаллашув даврида деярли барча мамлакатлар мафкуравий, ижтимоий таҳдидлар босимини ҳис қилмоқда. Бугунги кун воқелиги келажакда инсоният дуч келиши мумкин бўлган мураккаб ижтимоий ва мафкуравий муаммоларнинг дебочаси бўлиши мумкинлиги тобора аён бўлиб бормоқда. Шундай мураккаб шароитда мафкуравий ва ғоявий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш вояга етаётган ёш авлод вакиллари­нинг эртага барқарор ва хавфсиз жамиятда яшашининг энг муҳим кафолати бўлиб қолмоқда.  Албатта, бу муҳим масала аввало, маъна­вий-ахлоқий тарбиянинг тизимли ва самарали йўлга қўйилишига боғлиқ. Айниқса, ҳар томонлама етук, ватанпарвар ёшларни камолга етказишга жиддий эътибор қаратиш барқарор келажакни таъминлашнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Машҳур юнон файласуфи Аристотелнинг «Мамлакат тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади» деган сўзлари замирида катта маъно мужассам. Шу боис қадимги даврлардаёқ таниқли мутафаккирлар ватанпарварлик тарбиясига бағиш­ланган кўп­лаб асарлар битишган. Юртимиз тарихига назар солсак, донишманд аждодларимиз ҳам Ватан ва халқ тақдири учун қайғуриб, бу йўлда ибрат ва фидойилик намунасини кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Маънавий-ахлоқий тарбияни ўзларига маёқ деб билган аждодлари­миз ўзларининг илмий-маърифий асарларида Ватанни севиш, ота-онага эҳтиром кўрсатиш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш каби ғояларни илгари суришган. Шу боис бугун ватанпарварлик тарбиясида уларнинг меросига эътибор қаратилса, ҳар жиҳатдан ўринли бўлади. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев бот-бот ёшларни илмни қадрлаш ва унга инти­лишга даъват қилаётгани ҳам бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг «...ўқиган, замонавий илм ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ёш авлодини айни шу руҳда тарбиялаган халқлар, давлатлар жадал ривожланмоқда», деган сўзлари ҳам айни пайтда таълимнинг аҳамияти қай даражада юқори эканидан далолат беради. Жаҳондаги илғор жамиятлар тажрибасига назар солинса, улар биринчи навбатда таълим ва тарбия­ни юксалтириш орқали барқарорлик ва тараққиётга эришгани аён бўлади. Бугун инсониятни ўйлантираётган сиёсий, ижтимоий ва мафкуравий таҳдидларнинг кўлами ва таъсир доираси ҳудуд ва миллат танламаслиги билан ажралиб туради. Мазкур хавф-хатарлар биринчи галда ёшларни ўз гирдобига тортаётгани, айниқса, ташвишлидир. Бундай вазиятда ёшларнинг ахлоқий тарбияси­ни ўнглаш орқали маънавий таназзулнинг олдини ­олиш мумкин. Таниқли француз мутафаккири Жан Жак Руссо «Саховатнинг энг буюги – Ватанга бўлган муҳаббатдир», деган эди. Ватанни чин дилдан севиш, унинг буюклигини тўлиқ идрок этиш учун инсон маънавий жиҳатдан баркамол бўлиши лозим. Айнан шунинг учун ҳам юртимизда ёшларни ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш ва уларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлашга устувор аҳа­мият қаратилмоқда. Ҳамма гап ушбу ҳаё­тий тамойилнинг тизимли равишда амалга оширилишига боғлиқ. Бу ишлар миллий ўзлигимизга таянган ҳолда, Ўзбекистонда юз бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар ҳамда жаҳондаги илғор тажриба­лар билан уйғун равишда олиб борилса, натижаси яхши бўлиши мумкин.  Маълумки, бугунги ёшлар таълим ва ахборот олишнинг энг замонавий имкониятларидан фойдаланмоқда. Бироқ танганинг орқа томони бўлганидек, бундай шароитда уларнинг турли хил бегона ғоялар таъсирига тушиб қолиши эҳтимоли юқори эканини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Чунки бундай зарарли тушунчалар гло­бал ахборот-коммуникация тармоқлари орқали оммавий онгга кучли ахборий ва руҳий босим ўтказмоқда. Бу шароитда фарзандларимизда турли манбалар орқали узатилаётган ахборотлар­нинг асл моҳиятини анг­лаш ва тегишли хулосалар чиқариш кўникмасини шакллантириш бирламчи вазифа ҳисобланади. Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини болалар ва 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил қилади. Албатта, бу жуда катта куч. Хусусан, улар­нинг сиё­сий-ижтимоий жараёнларга адекват муно­сабатини шакллантириш жуда муҳим. Яқинда ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшлар ўртасида юртга муҳаббат, миллат манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий дунёқараш, замо­навий таълим-тарбия, хорижда ўқиш, ишлаш ва яшаш масалалари бўйича ўтказилган ижтимоий сўровномалар бу борадаги мавжуд ҳолат ҳақида муайян хулосалар чиқариш имконини беради. Таҳлилларга кўра, кўпчилик ёшлар мамлакатимизда яшаб, ўз мақсадларига эришишнинг ижобий ва муаммоли жиҳатларини кўрсатиш билан бир қаторда, хорижга чиқишнинг афзалликларини ҳам баён қилишган. Аниқроқ айтганда, уларнинг аксариятида маънавий камолот ва ватанпарварлик туйғулари етарлича шаклланмаган. Бундай йигит-қизларнинг ўзга халқларнинг ҳаёт тарзига ҳавас қилиши, чет давлатлардаги реал вазиятдан бехабарлиги, миллий ғурур, азалий анъана ва қадриятларимиз ҳақидаги тасаввури анча юзаки экани аён бўлди. Катта ҳаётга кириб келаётган баъзи ёшларнинг дунёқарашида «оммавий маданият» ва ижтимоий тармоқларнинг салбий таъсири яққол сезилади. Моддиятни маънавиятдан устун қў­йиш ҳолати ҳам жиддий муаммо ҳисобланади. Чунки бу ҳол таълим ва тарбиянинг самарадорли­гига, миллат ва жамиятнинг узвий ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин. Эртанги кунимиз эгалари­нинг онги ва қалбида соғлом маънавий дунёқарашни шакллантирмасдан туриб, мутараққий жамият барпо этиш имконсиздир.  Демак, бугун ёшларни маънавий-ахлоқий қад­риятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бар­чанинг – давлат, миллат, жамият, маҳалла­нинг умумий вазифасига айланмоғи керак. Шу орқали уларда юртимиз равнақи, хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш борасида шахсий масъулият ҳиссини шакллантириш лозим. Бу жара­ёнда йигит-қизларимизнинг Ўзбекистон ривожига хизмат қиладиган ғоя ва ташаббуслари, инновацион ёндашувлари ҳамда таклифларига эътибор қаратиб, уларни қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти беқиёс.  Аввало, ёшларни ватанпарвар инсонлар сифатида камол топтириш, уларда соғлом дунё­қарашни шакллантириш, миллий ғурур, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш туйғуларини кучайтиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш лозим. Умумтаълим муассасалари ва маънавият масканларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона ҳуқуқий база яратиш зарур. Шунингдек, ёшларни ана шундай руҳда тарбиялашга масъул бўлган малакали кадрларни тайёрлаш ва улар­нинг доимий малакасини ошириб бориш имконини берадиган самарали тизим яратиш керак. Таълим муассасалари, маънавият марказлари, давлат ва жамоат ташкилотларининг моддий-техника база­сини замонавий талаб ва стандартлар асосида шакл­лантиришнинг ҳам аҳамияти беқиёс. Ўз навбатида, ватанпарварлик тарбиясига оид инновацион ёндашувлар, илғор ўқув-услубий қўл­ланма ва ишланмалар, адабиётлар ҳамда ахборот-коммуникация технологияларига асос­ланган тарғибот материаллари, доимий янги­лаб бориладиган интернет контентларини яратишга ҳам жиддий аҳамият қаратилиши зарур. Замонавий медиа майдонида азалий қадриятларимиз, илмий-­маърифий меросимиз намуналари ҳамда миллий маънавиятимиз ютуқларини кенг ёритиб бориш ҳам ижобий натижалар бериши, шубҳасиз. Ёшларда мустақил фикрлаш, масъулият, бағри­кенглик, тадбиркорлик, барча соҳаларда инновацион ёндашувга интилиш, меҳнатсеварлик сингари кўникмаларни шакллантиришнинг илмий асосланган индикаторларини ишлаб чиқиш ҳақида ҳам жиддий бош қотириш лозим. Улар онгида юртимизда кечаётган ислоҳотларга дахлдорлик, давлат рамзлари, буюк тарихий шахслар ва за­мон қаҳрамони каби ижтимоий атрибутларга нисба­тан юксак эҳтиром ҳиссини шакллантириш ҳам ватанпарварлик тарбиясининг энг муҳим жиҳатлари сирасига киради. Шунингдек, хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар, хориждаги ватандошлар, иқтидорли йигит-қизлар билан ишлашда энг таъсирчан, самарали усуллардан унумли фойдаланиш жоиз. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш давлат ва жамият барқарорлиги ва миллий хавфсизликнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, киндик қони томган муқаддас замин­ни чин дилдан севадиган, ҳар қандай вазиятда ҳам уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга тайёр бўлган авлодни вояга етказиш барчамиздан жуда катта масъулият ва сафарбарлик­ни тақозо қилади. Бундай вазифаларни амалга ошириш орқали билим­дон ва шижоатли авлодни тарбиялаш мумкин, келгусида уларнинг инновацион ғояларини давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳалари­га жо­рий қилиш имконияти пайдо бўлади. Шунинг­дек, ватанпарварлик тарбияси бўйича илғор хорижий таж­рибаларни ўрганиш мақсадида чет давлатлардаги тегишли муассаса ва уюшмалар, халқаро ақл марказлари билан ҳамкорликларни йўлга қўйиш ҳам яхши самара бериши шубҳасиз.  Атоқли маърифатпарвар аллома Абдурауф Фитратнинг «Бу дунё – кураш майдонидир. Бу курашнинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши хулқдир», деган ибратли сўзлари бугунги кун воқелигига ҳам тўлиқ мос келади. Айни вақтда Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун чуқур билим ва малакага эга, ахлоқан етук ёшларга эҳ­тиёж жуда юқори. Зотан, ёшликни шиддат билан оқаётган тизгинсиз дарёга қиёслаш мумкин. У ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ўзанидан тошиб чиқиб, атроф-жавонибни вайрон қилиши, агар тўғри йўналтирилса, борган жойини обод этиб, боғу бўс­тонга айлантириши мумкин. Шу маънода, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар соҳиби бўлган чинакам ватанпарвар ёшларни камол топтиришнинг аҳамияти беқиёсдир. 

Сарваржон ҒАФУРОВ,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,
сиёсий фанлар доктори, профессор
«Жадид» газетаси 2024 йил 3 май 19-сон



Report Page