ВАН ГОГ ҲАҚИДА РОМАН

ВАН ГОГ ҲАҚИДА РОМАН


@timur_books

И.Стоуннинг “Ҳаётга ташналик” (Lust for life) асари ҳақида

XIX аср. Капитализм ва инқилоблар, илм-фан ва кашфиётлар асри эди. Шу даврда яшаб ўтган инсоният, қайта туғилган адабиёт ва санъат. Уларга ёмон йўлдош бўлмиш руҳий инқирозлар, фожиалар...

Тарихдан эслайсизми? XIX аср поёнида телбалар, ақлдан озган даҳолар (Мопассан, Ницше, Достоевский, Ван Гоглар) шамдек ёниб, ўчди. Янги вахшийлари (Гитлер, Ленин, Сталин) ўрин алмашди...  Олдинда кутиб турган қонли ХХ асрга одамзод ана шу ақлли телбалиги билан кириб борди. Барча асрлардан кўра шунисида инсон ақли кўп шикастланди.

Аммо санъат барҳаёт экан, телбалик унинг соясида қолиб кетади. Ғарбий ўлкалар бу ноқисликка одатий қарайдилар.

Роман қаҳрамони ҳатто буни маъқуллаб: “Рассомларнинг бари телба. Бу улардаги энг яхши жиҳат. Мен буни жуда қадрлайман” деб фахрланиб қўяди.

Дарҳақиқат, биронта рассом йўқки, телбалик тамғасидан ҳоли бўлса. Рафаэль, Да Винчи, унинг душмани Микеланжело, Рембрандт, Пикассо, ҳатто бизга замондош бўлган Салвадор Далиларда ҳам озми-кўпми телбалик бўлган... (Дарвоқе, туркчада Дали савдойи дегани, аммо бу шунчаки ўхшашлик бўлса керак.)

Биз ўқиган ушбу асарнинг машҳур қаҳрамони – Винсент Ван Гог ҳам улардан қолишмасди!

Ван Гог деганида кўз олдимизда сариқ ранг пайдо бўлади. Сариқ соқолли, сариқпаранг қиёфа... Суратларида ҳам сариқ рангнинг доҳиёна қоришмаси. Гўёки, бутун умр олов бўлиб ёниб яшагандек сийратию ижоди ҳам сап-сариқ.

Одатда ранглар ҳақида гап кетса, Шавкат Раҳмоннинг “Ранглар” шеъри ёдимга тушади.

Рангин дунё,

Ҳотиржамлик,

Вазминлик керак.

Чизган маҳал олам тасвирин

Ҳар бир рангда ҳақиқат бордир,

Ҳар чизиқда ранглар яширин.

.....

Чиза олсанг

Рангин дунёни

Рангин бўлса қуёши, ойи

Сендан буюк мусаввир бўлмас,

Бўлмас сендан буюкроқ шоир.

 

Бу сатрлар худди рассомлар ҳақида ёзилгандек.

Рангларни севувчи даҳолар ҳақида ташхис бўлиб кўринади.

 

Ирвинг Стоун биографик роман устаси сифатида адабиёт майдонига кириб келганида ўз олдига машҳур сиймоларни қайта тирилтириш мақсадини қўйиб адашмади. У янги бир жанрга асос солиб, уни такомиллаштирар экан, ҳам ўз номини, ҳам “реал қаҳрамонлари”нинг номларини абадиятга муҳрлаб қўйди.

Микеланжело, Генрих Шлиман, Чарльз Дарвин, Авраам Линкольн, Жек Лондон, Зигмунд Фрейд сингари буюк инсонларнинг авлодлари Ирвинг Стоундан ана шу бадиият ҳайкаллари учун миннатдор бўлсалар арзийди.

У бу машаққатли ишни айнан Ван Гогдан бошлади.

Бироқ, “Ҳаётга ташналик” осонликча ёзилгани йўқ, осонгина нашр юзини кўргани йўқ. Бир қулоғи кесилган ва телба дея масхараланган рассом ҳақидаги 500 бетлик романни ўшанда 17 та ношир рад қилиб, қайтариб юборган эди.

“Ҳаётга ташналик” романида Стоун реаллик ва бадиий тўқимани қориштириб ёзади. Рассомнинг укаси Теодан қолган мактублардан фойдаланади. Диалогларни эса ўзи айтганидек, бадиийликка ўраб тўқийди. Бу жиҳат асарнинг реализмига сира ҳам путур етказмаган. Чунки, Стоун Ван Гогнинг ҳар бир босиб ўтган йўлларини қайта босиб ўтади:

“Боринаждаги шахтага тушдим.. ижарада турган уйда мен ҳам ижарада турдим.. Францияни бошдан оёқ пиёда кезиб чиқдим, Сариқ уйда ишладим, ...руҳий касалликлар шифохонасида яшадим, ниҳоят, Овердаги кичик меҳмонхонада у вафот этган ҳужрада бир кеча ётдим...” деб ёзади 1894 йилда. У узоқ йиллик изланишлари самарасини 30 йилдан кейин татиб кўришини фақат орзу қилган бўлса эҳтимол.

Романда Ван Гог ҳаёти хронологик баён этилса-да, сюжет асосан унинг машҳур картиналари орбитасида айланиб туради. Винсентнинг инсон сифатида қандай етилганию, қайси шаҳарларда, қандай муҳитда руҳан шаклланиб ёки пастлаб борганлари тасвирланади. Кўз олдингиздан у севган аёллар лентаси, у яшаган шаҳарлар (Лондон, Боринаж, Эттен, Гаага, Нюенен, Париж, Арль, Сен Реми, Овер) манзараси тез-тез ўтиб тураверади. Ҳар бирида Ван Гогнинг жинни дея калака қилиниши уни рассом қилиб пишитади.

“Энг буюк санъат асарлари нафратдан туғилади” дейди унга Лотрек исмли рассом.

Исботи сифатида эса, “Юлдузли оқшом”, “Картошкахўрлар”, “Қизил токзор”, “Кунгабоқарлар”, “Буғдой даласи ва қарғалар” каби бугунги кун санъат асарлари яратилди. Айнан изтироб ва нафрат билан яратилди!

Асарда китобхон XIX аср охирига бир саёҳат қилади! Салбий бўёқларга бой Европанинг маданий ҳаёти Ван Гог исмли вақтида қадрланмаган иқтидорнинг теварагида айланмайди, аксинча, рассом унинг ҳар гўшасида дайдиб юради, ўзидаги ҳаётга ташналикни қондиргиси келади, Золья каби ёзувчига, Гоген, Сезанн, Сёра каби фавқулодда порлаб чиққан импрессионист рассомлар билан дўст тутинади. Ҳаммалари ранг ошиқлари сифатида маданият тарихида қоладилар. Аммо афсуски, бу машҳурликка улар камбағаллик ва хасталик билан етишадилар.

Ҳақиқий санъат одатда қурбонлик талаб қилади. У инсоннинг шамдек ёруғлик бериб, сўниши эвазига боқийликка етишади.   

Ван Гог ҳам чизишни истаган нарсасини чизиб, айтмоқчи бўлган гаплари тугагандан кейин ўлимга юзлашади. Бироқ Гаше исмли персонаж у ҳақида:

“Винсент ўлгани йўқ. Ҳеч қачон ўлмайди” дея абадийлик сари йўл очади. Бу овоз муаллифнинг айтмоқчи бўлган энг муҳим сўзи бўлади!

Асар ҳақида ҳам, Ван Гог ҳақида ҳам сўзлаш учун кўп вақт керак. Аммо, фаол китобхонга тақризлардаги фикрлардан кўра, китобнинг ўзи афзал менимча.

Якунда, таржима ва нашр ҳақида айтиб ўтай.

“Ҳаётга ташналик” романи яқиндагина “Factor Press” нашриётида дунё юзини кўрди. Аммо асар ўзбек тилига анча йиллар аввал таржима қилиниб, “Жаҳон адабиёти” журнали саҳифаларида давомли босилган эди. Бу том маънода ўзбек китоб аудиторияси учун ажойиб туҳфа бўлди!   

Таржимонларнинг ҳам сўз танлашдаги маҳоратлари бизни қувонтирди. Сарфу навҳ, бордоқ, тожир, ўзиқайнар, ермойи, чекинди, бадастир, хиратоб, чилопчин, деворўчоқ, офтобрўя сингари ўзбекча сўзларнинг ўз ўрнида ишлатилганини эътироф этмоқ керак.  

Якунда эса китобхонларга тавсия ўрнида айтмоқ керакки, асарнинг русча ёки инглизча вариантидаги катта ҳажмни кўриб, нега қисқартирилди дея ҳайрон бўлманг! Зийрак таржимон ва муҳаррирлар фахшга бой ва бошқа кераксиз сатрларни олиб ташлашни маъқул кўришган. Кўряпмизки, уларсиз ҳам асар чиройли шаклида қолди!

©    Темур Тангриберганов


Report Page