Узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш, бу соҳадаги истиқболли лойиҳалар ва амалга оширилаётган ишлар

Узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш, бу соҳадаги истиқболли лойиҳалар ва амалга оширилаётган ишлар

http://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг бугунги брифинги давлатимиз раҳбарининг узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш борасидаги йиғилишида қўйилган вазифалар, бу соҳадаги истиқболли лойиҳалар ва амалга оширилаётган ишларга бағишланади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий узум етиштирувчи ва уни қайта ишловчи давлат ҳисобланади. Бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда.

Узумчиликни ривожлантириш, узум ҳосилдорлигини ошириш, ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган узумчилик маҳсулотларини етиштиришда мавжуд узум навларини аниқлаш ўта муҳимдир. Узум фенотиплари атроф-муҳит шароитларига ўта мослашувчан бўлиб, унинг морфологик ўзгаришига олиб келади ва натижада клон-навлар юзага келади. Бу эса навларни фенотипи, яъни ташқи кўринишига қараб аниқлашни қийинлаштиради.

Ўсимликларнинг генетик ресурсларини фарқлаш ва аниқлашнинг тезкор ва ишончли йўли бу ДНК маркерлардан фойдаланган ҳолда генетик ҳилма--ҳиллликни таҳлил этишдир. Мазкур усул алоҳида генотипнинг ўзига хос хусусиятлари учун ДНК-профиль (ген паспорти) олиш имконини беради. Ген паспорти узум навини рўйхатдан ўтказиш, селекционерларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, шунингдек узум навлари ва улардан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт ва импортини назорат қилиш имконини беради.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ЎзР ФА Геномика ва биоинформатика марказида ДНК маркерлардан фойдаланган ҳолда Марказий Осиё селекцияси узум навларининг Ўзбекистон коллекциясининг молекуляр-генетик паспортлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунда ЎзР Қишлоқ хужалиги вазирлиги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти томонидан узум коллекциясининг каталог ёзувлари таҳлил қилинди. 1350 та ёзув ўрганилиб, улардан Марказий Осиё селекциясининг 597 та нави танлаб олинди. Улар қайта текширилиб, уларнинг такрорланмаслиги ва жуғрофий мансублиги қайта аниқланди. Натижада, 179 та ўзбек, 163 та тожик, шунингдек 20 та туркман ва 14 та қирғиз селекцияларининг навлари ажратиб олиниб, тадқиқ этилаётган навларнинг таркиби олти хусусият бўйича таҳлил қилинди.

Геномика ва Биоинформатика марказида илк бор 150 дан ортиқ Ўрта Осиё узум коллекцияси молекуляр ДНК-маркерлар ёрдамида уларнинг генетик паспортлари яратилиб, Европа Комиссиясининг 1994 йил 20 июнда қабул қилинган амалдаги GENRES 081 стандарти бўйича Ўрта Осиё узум навларининг маълумотлар базаси шакллантирилган. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра ҳозирда кенг экилиб парваришланаётган узумнинг 135 дан ортиқ маҳаллий навларининг генетик паспортлари яратилмоқда. Германиялик ҳамкорлар билан бирга узум геномининг генетик хариталари яратилиб, касалликка чидамлилик генларига генетик бириккан молекуляр маркерлар аниқланди. Бу маркерлар асосида, биринчи марта узум селекциясини 2-баробарга тезлаштирадиган маркерларга асосланган селекция платформаси яратилиб амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Геномика ва биоинформатика маркази олимлари томонидан узумнинг қатор маҳаллий ва қадимий навлари, жумладан истиқболли 8 та нави – «Шардоне», «Пино-гри», «Совинён», «Каберне», «Дюбре Де-Марсел», «Пуке», «Мальвазия красная», «Алфонс лавале» навларини «ин-витро» кўпайтириш усули жорий қилинди. Саноатбоп узум навларининг 8 та нави учун импорт ўрнини босувчи махсус сунъий озуқа муҳити тузиб чиқилди ва улар самарали равишда «ин-витро» усулида яратилди. Экспорт салоҳияти юқори бўлган маҳаллий хўраки узум навларининг уруғсиз аналогларини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бундай навга хос «ин-витро» озуқа муҳитлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг лабораторияларида ва қатор хусусий маҳаллий компанияларда ҳам яратиб келинмоқда. Асосий мақсад мамлакатимиздаги эскирган ва деярли ҳосил бермай қўйган токзорларни ўз навларини соғломлаштирган ҳолда янгилаб олиш ва натижада ҳосилдорликни тиклашдир.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 2 март санасида Навоий вилоятига қилган ташрифи чоғида Хатирчи тумани токзорларида етиштириб келинаётган узум навларини замонавий геном технологияларидан фойдаланиб генетик таҳлил қилиш ҳамда эскирган 3 минг гектар токзорларни янгилаш учун замин яратиш чораларини кўриш керакли тўғрисида топшириқ берган эди.

Шунга кўра, Хатирчи туманида узумчилик соҳаси ўрганилди. Деҳқон ва фермерлар билан суҳбатлашиб, ушбу соҳада уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишга ҳаракат қилдилар. Маҳаллий узум навлари етиштирилаётган хонадонлар ва фермер хўжаликлари кўздан кечирилди. Натижада, ушбу ҳудудларда Амир Темур давридан буён етиштириб келинаётган энг қадимий «Оқ дум» ва оммалашган «Қизил дум» узум навларини «ин-витро» шароитида қайта тозаланиб, янги соғлом кўчатлар олишга киришилди. Генетик таҳлиллар ва молекуляр паспортлаш ишлари олиб борилди. Қисқа муддатда, «Оқ дум» ва «Қизил дум» навлари учун янги озуқа муҳити яратилиб, махсус озуқа муҳитида ўстириш ва клонлаш (тўқимадан бир неча марта нусха кўчириш) ёрдамида ток ўсимликлари вирус ва бошқа инфекциялардан тозаланиб, соғломлаштирилди. Соғлом ўсимликлар махсус озуқада кўпайтирилди ва 2019 йилнинг апрель ойида Хатирчи туманига 1000 туп кўчат етказиб берилди ҳамда оналик кўчатзорлари ташкил қилинди. Аҳамиятли жиҳати – ушбу ўсимликлар Ўзбекистон шароитида замонавий «ин-витро» усулида олинган ва фермернинг бир гектарли даласига етиб борган илк оналик кўчатзори ҳисобланади. Ҳозирда илк кўчатлар мевага тўлиқ кирди ва юқори ҳосилдорликни намоён этмоқда. Эндиги вазифа эса, қаламчалаш усули билан бу оналик кўчатлардан бир неча юз минглаб кўчатлар тайёрлаб, экиш ва токзорларни янгилашдир.

Бу қадимий навларнинг бошқа ҳудудларга ҳам тарқатиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Наманган вилояти Чуст туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг чора-тадбирлар дастури доирасида Чуст туманидаги «Янги томорқа хизмати» фермер хўжалигининг 1 гектар ерига «ин-витро» усулида олинган «Оқ дум» ва «Қизил дум» навларининг оналик кўчатлари экилган. Тайёр бўлган оналик кўчатларни келгусида қаламча усулида кўчатлар кўпайтирилиб янги узумчилик боғларини ташкил этиш мақсад қилинган. Ҳозирги кунга қадар узумчилик фермер хўжалиги раҳбарлари учун семинар ташкил қилиниб, оналик кўчатларни етиштириш бўйича керакли тавсиялар берилди. Узум кўчати экиладиган майдонларда тупроқ таркибини ўрганиш бўйича лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Узум кўчатлари парваришлаш бўйича зарур агротехник тадбирларини амалга оширилмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ҳам шундай «она» кўчатзор ташкил қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари Олтинсойда 5 минг гектар узумзорни янгилаш ҳақида топшириқ берганлар, бу борада кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда бу соҳада ҳар бир ҳудудга ўз хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашилмоқда, мисол учун, Олтиариқда инновацион ҳудуд дастури доирасида тажриба сифатида 15 та хонадонга 3 сотихлик иссиқхона барпо қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда иссиқхоналар қуриб бериладиган оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларни томорқа ерлари иссиқхона барпо этишга тайёрланди ва давлат харидлар порталида эълон қилинган танлов орқали тижорат таклифлари қабул қилинмоқда.

Президентимиз мамлакат бўйича узумчиликка ихтисослашган 45 та ҳудудни белгилаб, уларнинг ҳар бирида йил якунигача камида 1 минг гектардан янги экспортбоп плантацияларни яратиш топшириғини бердилар. Бу борада, албатта, ушбу плантацияларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини йўлга қўйилиб, ҳар бир вилоятда узумчиликни ривожлантириш, кўчат билан таъминлаш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича лойиҳа офислари ташкил этилиши борасида конструктив ечим таклиф қилинди.

Шу билан бирга, анъаналаримизга риоя қилган ҳолда Тошкент шаҳридаги бир қанча туманлар маҳаллаларида ҳам узумли хонадонлар яратилишига кўмаклашиш топшириғи берилди. Бу борада узумни парваришлаш ўғитлаш, касалликларга қарши ишлов бериш, қуш ва ҳашаротлардан ҳимоялаш ва ҳосилни йиғиштириб олишдан то сақлашгача бўлган жараёнларни қамраб олган қўлланмалар яратиш, мавжудларини янада оммалаштириб янги маълумотлар билан бойитиш ишлари бошлаб юборилди.

Вазирлик мутасаддилари ва олимлар иштирокида Россия Федерациясининг Курчатов институти олимлари билан видоконференцалоқа тарзида учрашув ташкил этилиб, амалий ҳамкорликлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. Бирламчи қадам сифатида, Курчатов институти билан биргаликда ўзаро ҳамкорлик битимини имзолашга келишилди.

Таъкидлаш жоизки, Институт қатор фундаментал ва амалий физика-кимё йўналишларини қамраб олиш билан бирга генетик технологияларни ривожлантиришга ҳам масъул илмий ташкилот ҳисобланади. Охирги икки йилда марказда узумнинг Россия қадим тарихидан маълум бўлган қадимий навлари геномлари тўлиқ ўқилди ва узумчилик кластери ривожланишида асосий иштирокчига айланди. Ҳозирги кунда 4 минг гектардан ортиқ майдонда узумчилик ва виночилик соҳасида генетик тадқиқотлар ўтказилмоқда.

Мазкур ҳамкорлик битими доирасида Геномика ва биоинформатика маркази, Микробиология институти, Илғор технологиялар маркази олимлари ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги мутахассисларидан иборат илмий гуруҳ шакллантирилиб, Курчатов институтига юборилади. Илмий гуруҳ томонидан жорий йил якунига қадар узумнинг 10 та маҳаллий ҳамда қадимий навлари (жумладан «Оқ дум» ва «Қизил дум» навлари) ҳамда виночиликда ва озиқ-овқат саноатида ишлатиладиган микроорганизмларнинг бир неча ноёб штаммлари танлаб олиниб, ўзбек олимлари иштирокида «Курчатов» институтидаги катта ҳажмли ДНК секвенаторларда тўлиқ геномларини ўқилади.

Аниқланган геном ахборотлари асосида узум селекцияси учун янги авлод геном технологияларини яратиш ҳамда унинг асосида узумнинг юқори маҳсулдор уруғсиз (данаксиз) навларини яратиш технологиялари ишлаб чиқилади. Ҳамкорлик доирасида ҳозирда мавжуд истиқболли Россия навларини Ўзбекистонга «ин-витро» шароитларда олиб келиб, кўпайтиришни йўлга қўйиш ҳамда «ин-витро» кўпайтириш технологияларини ўзлаштириш ва жорий қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Виночилик саноати учун муҳими, Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институтидаги микроорганизмларнинг саноат штаммлари геномлари «Курчатов» институтининг 2500 дан ортиқ штаммларига қиёсий ўрганилиб, институтидаги коллекцияда мавжуд бўлмаган янги штаммлар билан бойитиш ҳамда виночиликда ўзбек бренди сифатини ошириш учун янги штаммларни саноатга жорий қилиш ишлари йўлга қўйилади.

Халқаро ҳамкорликлар доирасида яна бир амалга оширадиган ишимиз –«Чили тажрибаси»ни йўлга қўйишдан иборат. Сабаби, Чили узум ва виночилик кластерида қўшимча қиймат ярата олган энг илғор давлатлардан десак муболаға бўлмайди. Масалан, Чилининг Талька университетининг қишлоқ хўжалик фанлари факультети негизида узумчилик ва виночилик технологиялари маркази фаолият кўрсатади. Марказдаги 5 та лаборатория кичик ишлаб чиқарувчиларнинг анъаналарини сақлаб қолиш ва уларни рағбатлантириш ва виночиликда таннархни арзонлаштириш шу билан бирга қўшимча қиймат яратиш мақсадида маҳсулотларни сопол идишларда ишлаб чиқиш, сақлаш ва тарқатиш учун прототиплар яратилишини доимий қўллаб қувватлайди, бу йўналишда мунтазам изланишларни йўлга қўйган. Сунъий интеллект технологиялари ёрдамида турли ҳудудларда етиштирилаётган узумзорлар ҳосилдорлигини прогнозлайди ва узум навларининг генетик софлигини таъминлаш ишларини олиб боради.

Шу тажрибадан келиб чиққан ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қадоқлаш учун инновацион сопол ва чарм идишлар тайёрлаш» мавзусидаги стартап лойиҳалар танловини эълон қилинди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ғолиб лойиҳа учун 2 йил давомида 1,5 миллиард сўмдан ошмайдиган миқдордаги маблағларни тақдим этади. Лойиҳанинг давомийлиги 24 ойдан ошмаслиги шарт.

Бундай янгиликлар жорий қилиниши мамлакатда камбағалликни қисқартириш учун катта имкониятлар яратади. Хонадон узумчилиги эса унутилиб кетган асрий анъанамизни тиклаши билан бирга, хусусий тадбиркорликнинг янги шаклларига йўл очади. Франция, Испания каби мамлакатларда ана шундай хонадонларнинг ўз машҳур брендлари бор, улар маҳсулотларини бир қанча мамлакатларга экспорт қилишади. Эндиликда бундай имкониятлар юртимиз миришкорлари учун ҳам яратиб берилади.


Report Page