ИСЛОМ МОЛИЯСИГА МУВОФИҚ УЙ-ЖОЙ ҲАРИД ҚИЛИШ ва ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТИШ

ИСЛОМ МОЛИЯСИГА МУВОФИҚ УЙ-ЖОЙ ҲАРИД ҚИЛИШ ва ИНВЕСТИЦИЯ КИРИТИШ




UZARO INVEST бренди OQIL HIMOYA KOMMANDIT SHIRKATI томонидан юритилади.

UZARO INVEST хизматлари шариатга мослиги устоз Абдулманнон Абдуллох ва ASSOODIQ consult жамоаси тўлиқ назоратлари остида амалга оширилади.


Ҳурматли мижоз!

Ушбу қўлланма UZARO invest томонидан халол йўл билан уй-жой ва автомобил олиш ва ушбу фаолиятга инвестиция киритиб фойда олиш тартиби тўлиқ тушунтирилган ва қуйида келтирилган саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Илтимос!!! Ушбу тартиб билан тўлиқ танишиб чиқишингизни сўраймиз. Ушбу қўлланмада келтирилган тартиб билан тўлиқ танишиб чиқиш UZARO invest томонидан кўрсатилаётган ҳизматлардан фойдаланиш осонлаштиради.

Ҳурмат билан, UZARO invest жамоаси


Қўлланмада келтирилган асосий саволлар:

1.             Uzaro invest асосий фаолияти нима?

2.             Uzaro invest томонидан қандай хизматлар кўрсатилади?

3.             Ширкат хизматларидан кимлар фойдаланса бўлади?

4.             Ширкатга аъзо бўлиш тартиби қандай бўлади?

5.             Ширкатга аъзо бўлиш ва инвестиция яъни ҳисса киритиш қонуний асослари?

6.             Бўлиб тўлаш шарти билан мулк олиш учун нима қилиш керак?

7.             Уй-жойни пул киритгандан бошлаб қачон олса бўлади?

8.             Ширкат билан шартнома тузиш учун қандай хужжатлар талаб этилади?

9.             Уй-жойни мижоз ўзи танлайдими?

10.         Ҳиссадорларга мулк сотишда усатама қиммат эмасми?

11.         Фоиз деганда рибо (судхўрлик)ни тушунмаймизми?

12.         Жами қандай миқдор ва турдаги пуллар тўланади?

13.         Мулкни қанча муддатга бўлиб тўлашга харид қилиш мумкин?

14.         Бўлиб тўлаш муддатини узунроқ қилса бўлмайдими?

15.         Мулк кимни номига расмийлаштирилади?

16.         Аввалроқ олган одам ютадими?

17.         Киритилган пул долларда ҳисобга олинадими? Пул қадрсизланишини қандай олди олинади?

18.         Пулни ўзим жамғаришим афзалроқ эмасми?

19.         Ҳиссадор пулларни вақтида тўламаса нима бўлади?

20.         Навбат келганда олдинги киритган ҳиссалар нима бўлади?

21.         Бу лойиҳа молиявий пирамида эмасми?

22.         Ушбу лойиҳа даромад манбаси нима ва иштирокчилар қандай даромад олади?

23.         Ширкатга киритилган пулларнинг кафолати борми?

24.         Бу ташкилотни ким ташкил этган ёки Ислом банкларига алоқадор ташкилотми?

 

  

ИСЛОМ МОЛИЯСИГА МУВОФИҚ УЙ-ЖОЙ ҲАРИД ҚИЛИШ ЁХУД КЕЛАЖАГИМИЗ УЧУН ПУЛ ЖАМҒАРИШ


 Ислом молияси хизматларини тақдим қилувчи ширкат UZARO INVEST бренди остида фаолият юритади, барча хизматлар, жумладан сармоя киритиш (мудораба), уй-жойни молиялаштириш (муробаҳа ва ижара мунтаҳия бит-тамлик) шариат аҳкомларига мувофиқ равишда ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида амалга оширилади.

 

1. Uzaro invest асосий фаолияти нима?

Уй-жой ва автомобилни халол йўл билан муддатли тўловга сотиш ва шу фаолият орқали инвестиция қилиб даромад кўрмоқчи бўлганларнинг маблағларини жалб қилиш;

 

2. Uzaro invest томонидан қандай хизматлар кўрсатилади?

1) Уй жой ва автомобил сотиш хизматлари

        Ширкат ёрдамида белгиланган тартибда уй-жой ва автомобилни халол йўл билан муддатли тўловга харид қилиш

2) Инвестиция хизматлари

         Ширкат фаолиятига инвестиция киритиш орқали пул маблағларини хам жамғариш хам фойда олиш мумкин.

Жамғаришга кўмаклашиш - масалан Муборак ҳаж амалини бажариш, фарзандларни келажакда нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишлари, қарз бўлмай уй-жой ёки автомобил ҳарид қилиш, бирор бир лойиҳага дастмоя киритиш учун тадбиркорликка пул тикиш орқали маблағ жамғариш.

Фойда олиш - уй-жой ва автомобилни муддатли тўловга сотиш фаолиятига инвестиция киритиш ва бу фаолиятдан даромад олиш. Аҳоли жамғараётган маблағи уйда бўш тургандан кўра, бир томондан бошқаларнинг уй-жой ёки автомобилга эга бўлишига кўмаклашишга хизмат қилса иккинчи томондан маблағ эгасига даромад келтириб икки томонлама фойда бўлади.


Асосий ниятимиз: Ҳалқимизга пул жамғариш, хавфсиз фаолиятга сармоя қилиб ҳалол фойда олиш ва мулкни халол йул билан муддатли тўловга харид қилиш имкониятини тақдим қилиш.

 

3.    Ширкат хизматларидан кимлар фойдаланса бўлади?

Ширкат ҳизматларидан қуйида келтирилган мақсадларда барча хохловчилар ширкатга аъзо бўлган холда фойдаланиши мумкин:

1)  Пулини ҳалол йўл билан ҳам жамғариб, ҳам фойда олмоқчи бўлганларга;

2)  Кичикроқ уйини сотиб каттароқ уй олмоқчи бўлганларга;

3)  Уй-жой оламан деб бир миқдорда пул йиғиб қўйган-у, қолганига маблағ топа олмаётганларга;

4)  Келажакда алоҳида рузғор қилиш керак бўлган бир неча фарзандли оилаларга;

5)  Битта хонадонда 2 ва ундан ортиқ оила яшаётган ва алоҳида уй-жой қилиш ниятидагиларга;

6)  Бўш пул маблағларини аста-секин жамғариб, сармоя қилиб бориш ва / ёки мулк сотиб олишни мақсад қилган юридик шахсларга (фирмалар, тадбиркорлар). 

 

4.    Ширкатга аъзо бўлиш тартиби қандай бўлади?

      Харид қилиш режалаштирилган мулк нархи ёки инвестиция қилиш миқдори аниқланади. Ушбу миқдорда ширкат билан МУДОРАБА асосида ҳисса киритиш  шартномаси имзоланиб, ўз имкониятидан келиб чиқиб 3 ёки 5 йил ичида маълум қийматдан ширкат банк хисобрақамига тўлаб боришга келишилади ва бошланғич тўлов тўланади.

Ҳисса киритиш шартномаси имзолаб бошланғич тўлов тўлаган хар бир шахс ширкатда ҳиссадор сифатида расмийлаштирилади ва давлат рўйҳатидан ўтказилади.

 

5.   Ширкатга аъзо бўлиш ва инвестиция яъни ҳисса киритиш қонуний асослари?

Инвестиция киритиш учун ширкат билан мижоз ўртасида таъсис шартномаси шартлари акс этган мудораба келишуви тузилади. Ширкат билан мижоз ўртасида ҳисса киритиш (МУДОРАБА) шартномасига кўра ширкат хисобрақамига тўланган пуллар “ОQIL HIMOYA KOMMANDIT SHIRKATI” коммандит ширкатининг уставига ҳисса сифатида киритилиб улар ширкат тўлиқ шериги – “ОQIL HIMOYA” МЧЖ томонидан бошқарилади. Киритилган инвестиция яъни ҳиссадан йил давомида олинаган соф фойда ҳиссадор ва ширкат ўртасида тақсимланади.

Коммандит ширкатининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик ширкатлари тўғрисидаги” қонунига мувофиқ юритилади, ушбу қонун билан ҳавола бўйича ўтиб танишиб чиқиш мумкин: https://lex.uz/docs/21826 


6.    Бўлиб тўлаш шарти билан мулк олиш учун нима қилиш керак?

Мижоз хисса киритиш шартномаси тузиб бошланғич тўлов қилиш даврида мавжуд гурухга қўшилади. Гурухда мулк олиш хар ойда амалга оширилади. Гурухда йиғилган пул хисобига энг кўп бошланғич тўлов тўлаган ҳиссадорга навбат берилади. Йиғилган пул етарли бўлса иккинчи ва кейинги хиссадорларга хам навбат берилиши мумкин.

Ширкатнинг қоидаларига мувофиқ бир гуруҳда 50 дан 100 та гача ҳиссадорлар ўз шартномаларига кўра ширкатга ҳисса тўлови киритиб боради. Гурухдаги хиссадорлар навбатма-навбат гуруҳ учун белгиланган муддат давомида мулкдор бўлишади. Гурухда ҳиссадорлар томонидан шаклланган пул маблағларидан ўзи учун белгиланган мулк қийматининг энг кўп қисмини ҳисса киритганларга мулк олиш навбати келган ҳисобланади.

Бунда кимдир биринчи ойда, кимдир иккинчи ойда, кимдир олтинчи ойда мулк олиб шу тарзда гурух муддати ичида барча гурух аъзолари мулкдор бўлиши режалаштирилади. Демак, ҳамма бир ойни ичида мулкдор бўлмайди, балки кўпроқ ҳисса киритган аввалроқ уй-жой олиши мумкин. Шарти шуки, хар бир ҳиссадор харид қилишни ният қилган мулк қийматини шартномага кўра ойма-ой тўлаб бориши лозим. Акс ҳолда, гуруҳ муддати чегаралангани сабабли, тўловларни амалга оширмаган ҳиссадорнинг олинган мулкни қийматини тўлаш учун вақт етарли бўлмай қолади.

Навбат хар ойда (ўзининг шартномасида белгиланган мулк қийматига нисбатан) кўпроқ ҳисса киритган ҳиссадорларга берилади. Навбатда биринчи бўлган ҳиссадорнинг мулки қиймати кичикроқ бўлиб, бир ойда гурухда йиғилган пул ундан ортиб қолса ва навбатда ундан кейинги ҳиссадорга мулк олиш учун ҳам етарли бўлса, унинг ҳам навбати келган ҳисобланади. Шу тартибда 1 ойда бир нечта ҳиссадорларнинг мулк олиш навбати келиши ҳам мумкин.

 

7.    Уй-жойни пул киритгандан бошлаб қачон олса бўлади?

Уй-жой олиш учун аввало ширкатга ҳиссадор бўлиб мўлжалланган харид миқдорини сармоя сифатида ойма ой киритиб бориш лозим.

Бунда ҳисса киритиш шартномаси имзолангандан сўнг мулк қийматининг камида 10 (ўн) фоизини, ҳамда қолган қисмини ойма-ой, шартномага мувофиқ тўлаб бориш лозим. Ҳарид қилиш режалаштирилган мулкни қўпроқ қисмини тўланиши навбатни тезлатилишига сабаб бўлади.

 

8.   Ширкат билан шартнома тузиш учун қандай хужжатлар талаб этилади?

Ширкат билан ҳисса киритиш шартномаси тузиш учун шахсни тасдиқловчи хужжат етарли хисобланади. Бироқ, мулк олиш навбати келгандан кейин, мулк олиш жараёнида ҳиссадорнинг тўлов қобилияти текширилади, муддати ўтган қарзлари, суд ёки ваколатли органлар томонидан ундирилмаган тўловлари бўлмаслиги талаб этилади. Ҳиссадорнинг тўлов қобилиятини текширишда расмий маълумотнома ёки иш жойига бориб, иш жараёнини кўриш, рахбарлари билан сухбатлашиш орқали хулоса чиқарилади. Ҳиссадорнинг тўлов қобилияти етарли бўлмаса, бошқа шахсларнинг ёки иш жойининг кафиллиги талаб қилиниши мумкин.

 

9.    Уй-жойни мижоз ўзи танлайдими?

 Уй-жой ёки автомашина мижоз танлагани харид қилинади.

Бунда мулкни нархи, жойлашган жойи, хавфсизлиги (яқин орада бузилмаслиги) инобатга олинади. Аммо мулкни иккиламчи ёки бирламчи бозорга таалуқлиги, ховли жой бўлиши ёки нотурар бўлишини аҳамияти йўқ. Муҳими, мулкни расмий равишда келишилган пулни тўлаб сотиб олиш имконияти мавжуд бўлишидир. Мулк нархи мулк эгасига (жисмоний шахс бўлса сўм пластик картасига, юридик шахс бўлса банк ҳисобрақамига) пул кўчириш йўли билан тўлаб берилади ва олди-сотди шартномаси пул кўчириб берилган куни нотариусда расмийлаштирилади.

Яна бир нарсага эътиборни қаратиш керак, хозирги кунда уй-жойни сотиб олгандан кейин 3 йил давомида сотган жисмоний шахсга сотиб олиш ва сотиш нархлари ўртасидаги фарқдан даромад солиғи ҳисобланади. Шу сабабли, уй-жой эгаси уйни 3 йил аввал сотиб олган (хусусийлаштирган, хадъя сифатида олган) бўлиши мижозга қўшимча харажат бўлишини олдини олади.

 

10.    Ҳиссадорларга мулк сотишда устама қиммат эмасми?

Мулк устамасини инобатга олишда йиллик инфляция, Марказий банк асосий ставкалари инобатга олинади.

Пул маблағлари ҳиссадорлар томонидан шаклланади, шунинг учун устама йиллик 15 (ўн беш) фоиз миқдорида белгиланиши имкониятига эгамиз. Устама миқдори инфляция ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларга боғлиқ ҳолда янги гуруҳлар учун ўзгариши мумкин. Ҳиссадор ширкат гуруҳига аъзо бўлишда шу гуруҳ учун устама миқдори ширкат ходимлари томонидан маълум қилинади.

 

11.    Фоиз деганда рибо (судхўрлик)ни тушунмаймизми?

Ширкатда фоиз математик ҳисоб-китоблар учун қўлланилади. Аксинча, қарз бериб устига фойда олиш эса рибо хисобланади.

Мисол учун: Савдогарлар муайян бир нарсани 100 сўмга сотиб олиб бошқа шахсга 110 сўмга сотганда буни амалга оширган томон 10% фойда олинган бўлади. Ширкат фаолияти рибодан холилиги аслида мулкни тўлиқ ўзига сотиб олиб ушбу жараёндаги, яъни ҳаридорга топширишгача бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олиши савдода молни устама билан сотиш шаръий ҳуқуқини беради.

Ижарада эса (автомобилга нисбатан қўлланилади) берилган мулкка етган ижарачига боғлиқ бўлмаган зарарлар, жумладан капитал таъмир бўйича харажатлар, тўлиқ ижарага берувчининг зиммасида бўлади, ижарачининг айби билан етказилган зарар бундан мустасно.

 

12.    Жами қандай миқдор ва турдаги пуллар ширкатга тўланади?

Лойиҳа бўйича бир неча турдаги тўловлар мавжуд, жумладан:

Мулк олингунча тўловлар:

1)  Дастлабки тўлов: Ширкатга харид қилиш режалаштирилган мулк қийматининг камида 10 (ўн) фоизи устав капиталига ҳисса сифатида ширкатга киритилади. Бу тўлов билан сиз ширкат ҳиссадорига айланасиз ва ширкатнинг фойдасидан даромад оласиз ва зарарларида киритган ҳиссангиз чегарасида иштирок этасиз;

2)  Ойлик тўловлар: Мулк қийматининг дастлабки тўловидан кейин қолган киритилиши лозим бўлган пуллар ойма-ой ширкат уставига ҳисса сифатида киритиб борилади;

 Мулк сотиб олиш жараёнида тўловлар:

3)  Мулк олишдан аввалги тўлов: Мулк олишга навбат келганида мулк қийматидан 5 (беш) фоиз миқдорида кафолат пули ширкатга киритилади. Ушбу пул, ширкат томонидан мулк сотиб олингандан кейин мижоз мулкни олишдан бош тортса, келиб чиқиш эҳтимоли бор ширкатнинг зарарларини қоплаш учун ушлаб турилади ва олди-сотди шартномаси расмийлаштирилаётгандан биринчи тўлов сифатида қабул қилинади.

4) Ширкат томонидан мулк харид қилингандан сўнг уни хиссадорга олди-сотди қилишда нотариусдаги тўловлар. Автомобил хиссадор номига нотариусда расмийлаштирилгандан кейин ЙХҲБ да рўйхатдан ўтказиш тўловлари хам ҳиссадор томонидан тўланади.

5) Мулк суғурта тўлови. Суғурта тўлови мулк тури ва қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Мулкни ҳиссадор номига расмийлаштирилишидан аввал, уни тўлов кечиктирилиши муддати давомида суғуртасини амалга ошириш учун Ўзаро суғурта жамғармасига бадал аввалдан тўлов сифатида тўлиқ тўланади;

Мулк олгандан сўнг тўловлар:

6) Мулкни сотиб олиш бўйича ширкат ҳаражатларидан ҳиссадор навбати келгунча ширкат уставига киритган барча ҳиссалари ва мулк қийматининг 5% кафолат тўлови айрилиб, қолган қиймати йиллик 15% устама қўшилиб кечиктириб тўлаш муддати ойларига тенг миқдордан тақсимланади.

 

13.    Мулкни қанча муддатга бўлиб тўлашга харид қилиш мумкин?

Ширкат томонидан уй жойни 60 ой муддатгача, автомобилни 36 ой муддатгача тўловлар қилиб харид қилса бўлади, бунда тўловларнинг энг охирги муддати гуруҳдаги тўловлар муддатидан кеч бўлмаслиги керак. Масалан, ҳиссадорнинг навбати гуруҳ муддатининг ўн иккинчи ойида келган бўлса, мулк учун тўловлар қолган 48 ойга тенг бўлиб берилади. Бошқача айтганда, тўловлар икки босқичда тўланади, биринчиси - мулк олгунга қадар ҳиссадор ширкатга пулларни ҳисса сифатида киритиб боради, иккинчиси - навбат келгандан кейин эса ҳисса киритишни тўхтатиб ширкатдан олган мулки қолган қийматини устамаси билан тўлашни бошлайди.

 

14.   Бўлиб тўлаш муддатини узунроқ қилса бўлмайдими?

Ҳамма ҳиссадорлар эртароқ мулкли бўлишлари учун ва пул қадрсизланишини ундан кўп муддатда мўлжал қилиш қийин бўлганлиги сабабли, муддат 5 йил билан чекланган.

 

15.    Мулк кимни номига расмийлаштирилади?

1)  Мулк аввал ширкат номига расмийлаштирилади, бир неча кундан кейин ширкат мулкни мижозга устама билан муддатли тўловга сотади, яъни мижоз номига расмийлаштирилади. Бунда мулкка нисбатан нотариус томонидан таъқиқ қўйилади, яъни тўловлар тўлиқ тўлангунга қадар мижоз мулкни сота олмайди. Барча тўловлар тўлангандан кейин ширкатнинг ёзма мурожаатига кўра таъқиқ бекор қилинади. Ушбу муддатда мулк гаровда туриши ҳам мумкин.

Турар жойда доимий рўйҳатга қўйиш ширкат розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Рўйхатга қўйиш (прописка)га эҳтиёж бўлганда мижоз (ҳаридор) ширкатга қарзини вақтида тўлашининг кафолати сифатида қўшимча кафиллик ёки бошқа гаров тақдим қилиши талаб этилади.

2)  Автосалондан сотиб олинган янги автомобил мулкдорлик билан якунланадиган ижарага берилиши ҳам мумкин, бунда автомобил ширкатнинг мулкида туради ва барча тўловлар амалга оширилгандан кейин ширкатнинг ёзма тасдиғига кўра нотариусда таъқиқ ечилади ва мижоз Йўл хавфсизлиги ҳизмати бошқармасида автомобилни ўз номига расмийлаштириб олади.

 

16.    Аввалроқ олган одам ютадими?

Йўқ, аниқ ундай деб бўлмайди, чунки ҳар бир ҳолатни ўзининг ютуқ томонлари бор, мисол учун:

Аввалроқ мулк олган ҳиссадор:

1)  Кўпроқ сармоя киритиб пулини банд қилади;

2)  Мулкни кўпроқ устама билан сотиб олади (йилига 15% бўлгандан кейин, қанча ўзоқ муддатга олинса шунча устама миқдори катталашади);

3)  Мулк олгандан кейин ширкатдан фойда олмайди.

Кейинроқ мулк олган ҳиссадор:

1)  Камроқдан пул киритиб боради, яъни бирданига катта пулини банд қилмайди;

2)  Мулкни аввалроқ олган одамдан камроқ устама билан ёки энг охирида олса умуман устамасиз олади;

3)  Мулк олгунча Ширкат фаолиятидан чиққан фойдадан киритган ҳиссасига яраша улуш олиб туради.

Шу тариқа аввал ва кейин олган одамлар ўртасида муносиб равишда адолатли тизим ўрнатилади.

 

17.     Киритилган пул долларда ҳисобга олинадими? Пул қадрсизланишини қандай олди олинади?

Йўқ, ширкатга киритиладиган ҳиссалар сўмда тўланади ва сўмда ҳисобга олинади. Амалдаги қонунчиликка кўра барча тўловлар ва ҳисоб китоблар миллий валютада олиб борилиши шарт.

Ширкат пулни қадрсизланишини инобатга олинган ҳолда мулкка устама белгилайди, яъни ширкат даромадидан олинадиган дивиденд ҳиссадорнинг киритган маблағининг қадри пасаймаслигини ва ундан ташқари даромад ҳам келтиришини таъминлашга хизмат қилади.

Бу саволлар бўйича яна қуйидагича фикрлар билдириш мумкин.

1)  Аввало ҳар қандай тадбиркорликда бўлгани каби, ширкат фаолиятида ҳам пул қадрсизланиши хавфи мавжуд. Шу билан бирга, тарихга назар солсангиз, баъзида сўмнинг долларга нисбатан айирбошлаш курси баъзида камайса, баъзида кўпаяди. Яъни пулни долларда сақлаганда ҳам пул қадрсизланиши хавфи мавжуд;

2)  Пул қадрсизланишини ширкатдан олинадиган фойда қоплашига ҳаракат қилинади. Долларга нисбатан сўмнинг айирбошлаш курси кўтарилмаса ёки жуда катта кўтарилмаса, ширкатдан олинадиган дивиденд ҳисобига ширкатдаги пулингиз долларда ҳам кўпаяди. Ширкат фаолияти натижасида олинадиган дивиденд таҳминан йиллик ўн фоизни ташкил қилиши кутилмоқда;

4)  Ҳиссадор пулни бирданига эмас, балки бўлиб бўлиб 5 йил давомида киритишини эътиборга олсак, ҳар бир тўлов ширкатга тўланаётган вақтдаги қадри билан киритилади. Худди шундай, ширкат ҳам бу пулларни киритилган вақтдан кейин сармоя сифатида ишлатади, ва шу муддатга мос даромад ҳисобланади;

5)  Аввалроқ мулк олган ҳиссадор ҳам мулк учун каттароқ устама тўлайди, ҳам пулини навбати келишига ва мулк олишга банд қилади (кўпроқ тўлаб), кейинроқ мулк олган ҳиссадор эса пулини ҳам банд қилмайди (яъни пул қадрсизланаётган бўлса, уни қадри баланд пайтида киритмай, қадри камайган пайтда киритади), ҳам кичикроқ устама билан уй олади. Лойиҳа бўйича мулкни қанча кеч олса шунча фойда катта бўлиб устама кичкина бўлиши режалаштирилган.

 

18.    Пулни ўзим жамғаришим афзалроқ эмасми?

Албатта, тартибли ва катъий ният қилган одам ўзи ҳам мулк сотиб олиш учун маблағ жамғариши мумкин. Лекин бунда, мулкни қийматини барчасини жамғарилгандагина харид қилиш мумкин бўлади. Ширкат ҳиссадорлари эса мулкнинг тўлиқ қийматини ҳали жамғармай туриб ҳам мулкни харид қилиш мумкин бўлади.  

Ширкатга ҳиссадор бўлишни эса бир нечта афзалликлари бор:

1)  Ширкат ҳалол ва хавфсиз фаолият юритади, ҳар бир сўмни остида актив (мулк) бор;

2)  Тикилган пуллар сармоя сифатида киритилади ва фойданинг 80 (саксон) фоизига ҳиссадор улушдор бўлади, қолган 20 (йигирма) фоизи иш бошқарувчиларига берилади.

3)  Мулк қийматини йиғишга аниқ жадвал бўлади, бу эса одамни тартибга солиб туради ва берилган ваъдага хилоф қилмаслик учун вазифа қилиб олинади, натижада пул жамғарилади;

4)  Ўзи жамғаргандан фарқли ўлароқ, кичкина устама билан (қанча кейинроқ мулк олинса шунча устама кичкина бўлади ва фойда катталашиб боради, ин шаа Аллоҳ) бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида мулк олишга ҳаққи бўлади. 

 

19.    Ҳиссадор пулларни вақтида тўламаса нима бўлади?

Бу ерда икки ҳил муносабат бор:

1)  Агар пуллар навбат келишидан аввал ҳиссадор сифатида киритилмаса, уни оқибатлари бошқа навбати келганларга мулкни вақтида олишига таъсир қилиши мумкин ҳамда мажбуриятларини вақтида бажармаган ҳиссадорнинг навбати ортга сурилади. Ундан ташқари мулк олишга келганда кейинги тўловларни вақтида амалга ошириб бориши шубха остига қўйилиши мумкин. Ҳиссаларни вақтида киритмаган ҳиссадорнинг навбати келганда ҳам мулк учун тўловига кам вақт қолади ва тўлов қобилияти қолган муддатда мулк учун тўловларни тўлашга етарли бўлмайди ва бундай ҳиссадорга мулк сотишга ;

2)  Агар пуллар мулк олингандан кейин 2 мартадан кўп киритилмаса энди ҳолат бошқача тус олади, чунки бунда қарз тўламаслик бўлиб ширкат уни ундириш учун судга мурожаат қилади. Суд тегишли қарор чиқаргач мулк сотилади ва қарзлар тўлангандан ортиғи мижозга қайтиб берилади.

 

20.   Навбат келганда олдинги киритган ҳиссалар нима бўлади?

Навбат келгандан кейин киритилган ҳиссаларнинг асосий қисми мулк учун тўлов учун ҳисобга олинади, фақат кичик миқдор (200 000 сўм атрофида) жорий йилнинг охиригача ширкат устав капиталида сармоя сифатида туради ва ҳиссадорнинг аризасига кўра йил охирида мулк олди-сотдиси бўйича қарзларини сўндиришга йўналтирилади.

 

21.   Бу лойиҳа молиявий пирамида эмасми?

 Бунинг учун биз молиявий пирамида нималигини билиб олишимиз керак бўлади, демак пирамида бу:

1) Аввалги иштирокчиларнинг фойдаси кейинги иштирокчилар ҳисобидан тўлаб борилади, ширкатда эса тескари ҳолат яъни мулк олмаган ҳиссадорлар мулк олган ҳиссадорлар ҳисобидан ширкатга тушган даромадга улушдор бўлади;

2) Одамлардан пул жалб қилиш мақсадида молиявий пирамида ташкилотчилари томонидан юқори ёки ўта юқори даромадлилик таклиф қилинади ва одатда бу даромадлиликни кўп вақт ушлаб туриб бўлмайди, ширкатда эса даромаднинг аниқ миқдори белгиланмаган, ширкат фаолиятидан келиб чиқиб ўртача таҳмин қилинаётган даромад йиллик ўн фоизни ташкил қилади ва унинг манбаи аниқ ва равшан, яъни мулкни муддатли тўловга устама билан сотиш ёки мулкни ижарага бериш ҳисобига даромад олинади;

3) Ширкат фаолиятига пул тиккан барча иштирокчилар ширкатда шерик бўладилар, яъни даромадда ҳам, зарарда ҳам иштирок этадилар. Ширкатда эса ҳар қандай ҳиссанинг остида реал актив (мулк) мавжуд;

4) Молиявий ёки инвестицион пирамидаларнинг охири албатта банкротлик ва иштирокчиларнинг зарари билан якунланади, ширкат эса ҳиссаларни фақат кўчмас мулк ва автомобилга тиккани ҳисобига зарар кўриш эҳтимоли жуда кичик. Ундан ташқари ҳар бир мулкка нисбатан нотариус томонидан таъқиқ қўйилган бўлиб, уни сотиб юбориш имкони бўлмайди;

5) Пирамидада йиғилган пулларга активлар (кўчмас мулк, тилла, автомобил ва ҳоказо) сотиб олинмасдан бирданига реклама ҳамда аввалги иштирокчилар ва ташкилотчиларнинг фойдасига йўналтирилади, ширкатга тушган ҳиссалар эса фақат мулк сотиб олишга йўналтирилади;

6) Молиявий пирамида қанча узоқ муддат ишласа, шунчалик иштирокчилар ўз тиккан маблағларини у ликвидация бўлганида қайтиб олишлари имкони паст бўлади, ширкатда эса муддатнинг аҳамияти йўқ, чунки юқорида таъкидлаб ўтилганидай кўчмас мулк ва автомобиллар ҳиссаларни таъминлаб туради;

7) Пирамидада одатда даромад манбаи сир тутилади ёки арзимас (ёлғон) манбалар кўрсатилади, ширкатда эса даромад манбаи аниқ ва равшан, шунингдек бу ҳақиқатни барча ҳиссадорлар ўзлари мулк олиш жараёнида кўрадилар, мулк олмаганлар ҳам текширишлари мумкин (қонунан ҳаққи бор);

Молиявий пирамиданинг ҳақиқий бизнес-лойиҳадан фарқи даромад тўланиладиган манбада. Яъни, агар иштирокчиларга тўланаётган фойда лойиҳадан чиқадиган даромаддан юқори бўлса унда ушбу лойиҳа пирамидалигига ёрқин далил бўлади.

Ушбу молиявий ва инвестицион пирамиданинг сифатлари ва аломатлари шикатнинг фаолиятида топилмайди албатта, буни бизнес-модели ҳам, даромадлилик ҳам, қандай активларга пулларни тикилиши ҳам, шериклик асосида даромадни тақсимланиш тартиби ҳам, ҳиссадорлар фаолият билан бевосита танишиб боришлари имкони борлиги ҳам, қолаверса ният, яъни жамиятдаги мавжуд бўлган ижтимоий масалани - инсонларга уй-жой олиб бериш орқали ҳал қилиниши ҳам далолат қилади.

 

22.    Ушбу лойиҳанинг даромад манбаси нима ва қанча даромад олса бўлади?

 Лойиҳанинг даромад манбаси автомобил ва кўчмас мулкларни олиб сотиш, ҳамда автомобилларни ижарага беришдан иборат бўлиб, бунда солиқ ва харажатлардан кейин тўлиқ шерик (20%) ва ҳиссадор ўртасида (80%) тақсимланади. Бунда ҳиссадорнинг тиккан пулига нисбатан йиллик 10-15% даромад берилиши кутилмоқда.

 

23.   Ширкатга киритилган пулларнинг кафолати борми?

Ширкатга киритилган ҳиссалар расмий равишда банк ҳисоб рақамига қабул қилинади ва устав капиталига ҳисса сифатида расмийлаштирилади. Хар ойда киритилган ҳиссалар бир ойда бир марта давлат рўйҳатидан ўтказилади. Ҳиссадор ширкат ҳиссадори ҳисобланади ва тиккан пулига мос равишда даромад ва зарарларида иштирок этади. Ширкат фаолияти шерикчиликнинг бир тури бўлиб, унга киритилган ҳиссаларни кафолатлаш жоиз эмас. Бироқ ҳиссадорларни пулини хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир неча тадбирлар амалга оширилади:

1)  Хар бир маблағ киритган шахс ширкатда ҳиссадор сифатида рўйхатга олинади. Ҳиссадорлар томонидан уставга киритилган маблағлар фақат ва фақат мулк сотиб олиб, уни устама билан сотиш ёки ижарага бериш га йўналтирилади, бу эса хавф даражаси паст тадбиркорлик фаолият бўлиб ундаги зарарлар эҳтимоли жуда кичик. Яъни сотилган мулклар учун тўловлар тўланганда ҳиссадорларнинг барча маблағлари ширкатга қайтади.

2)  Олиб сотиладиган мулкка нотариус орқали таъқиқ қўйилади, шунинг учун сотиш ва ижарага бериш учун фақат нотариусни рўйхатдан ўтадиган мулклар, яъни кўчмас мулк ва автомобиллар олинади.

3)  Ширкатнинг бошқа турдаги фаолият юритиши мумкин эмас, ҳар бир ҳиссадор билан имзоланаётган ҳисса киритиш шартномасида ушбу шарт ўз ифодасини топади.

Тўлиқ шерикнинг лоқайдлиги ва таъсис шартномада кўрсатилмаган фаолият юритилиши оқибатида кўрилган зарарларда ҳиссадорлар қатнашмайди ва тўлиқ шерик томонидан қопланиши лозим.

 

24.    Бу ташкилотни ким ташкил этган ёки Ислом банкларига алоқадор ташкилотми?

 Бу ташкилот Ислом банкларига алоқадор хисобланмайди. Ушбу лойиҳа бир гуруҳ мутахассислар томонидан ишлаб чиқиб, йўлга қўйилган ва бошқарилади. Фаолиятнинг шаръий назорати устозимиз Абдулманнон Абдуллох томонидан амалга оширилади. Ширкат таъсисчилари ширкатга маблағ киритган барча ҳиссадорлар ҳисобланади. Ширкат давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, ҳиссадорлар ўзгариши муносабати билан хар ойда қайта рўйҳатдан ўтказиб турилади.

 

Аллоҳ ишларимизга барака берсин ва оқибатларимизни ҳайрли қилсин!

Қўшимча маълумот ва саволларга жавоб олиш учун, Омилхон Хасанов'га мурожаат қилинг.

Тел.: +998 94 655 5000 / +998 93 919 9000

Бизни Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг:
Телеграм: https://t.me/UZARO_Invest
Сайтимиз: https://invest.uzaro.uz/


Report Page