“UzAuto Motors” АЖ илк халқаро облигацияларининг бошланғич фоиз ставкаси эълон қилинди

“UzAuto Motors” АЖ илк халқаро облигацияларининг бошланғич фоиз ставкаси эълон қилинди

MoliyaPress

“UzAuto Motors” АЖнинг (кейинги ўринларда – “UzAuto Motors” ёки эмитент) 300 млн. АҚШ доллари миқдорида 5 йил муддатга RegS/144A форматида илк халқаро облигацияларини муомалага чиқариш бўйича инвесторлар билан роудшоу якунланди ва бошланғич фоиз ставка эълон қилинди.

Инвесторларнинг таклифларига асосланган молиявий консультантларнинг (Сiti, MUFG, Raiffeisen Bank International, Natixis) тавсиясига кўра, “UzAuto Motors”нинг илк даромадлилик фоиз ставкаси 5,375% атрофида  белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:15 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди. Айни пайтда инвесторлардан талабномалар қабул қилинмоқда. 

Иккиламчи бозор кўрсаткичлари ҳамда бошқа омиллардан (эмитент билан боғлиқ рисклар, облигациянинг кутилаётган ликвидлилиги, бозорнинг жорий ҳолатидан) келиб чиқиб, бошланғич фоиз ставкаларни эълон қилишда (Initial Pricing Thoughts) аксарият инвесторлар учун энг мақбул ставканинг белгиланиши транзакцияда муҳим стратегик аҳамият касб этади.

Кун давомида буюртмалар китобининг ҳажми ва инвесторларнинг таклифларидан ҳамда молия бозорларидаги ҳолатдан келиб чиқиб, “UzAuto Motors”нинг илк корпоратив облигацияларининг купон ставкасини белгилаш жараёни бугун (27 апрель куни) якунланиши кутилмоқда.

Батафсил маълумотлар талабномалар китоби ёпилганидан cўнг ва халқаро облигациялар нархланиши (“pricing”) ниҳоясига етганидан кейин тақдим этилади.

Маълумот учун:  жорий йилнинг 22-26 апрель кунлари бўлиб ўтган роудшоу тадбири доирасида:

·       АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ва Осиё мамлакатларининг 50 дан ортиқ глобал халқаро институционал инвесторлари иштирокида телеконференция (Global Investor Call) ўтказилди;

·       28 га яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди ва уларнинг саволларига тўлиқ жавоблар берилди.

Ўтказилган учрашувлар натижасида ташкиллаштирувчи банклар томонидан инвесторларнинг дастлабки таклифлари йиғилди ҳамда сифатли (диверсификация қилинган, узоқ муддат давомида қўллаб-қувватлайдиган) инвесторларни транзакцияга жалб қилиш муҳим аҳамият касб этиши белгиланди. 

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати