Ҳурматли истеъмолчилар!

Ҳурматли истеъмолчилар!

"Ҳудудгазтаъминот"АЖ матбуот хизмати 

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ куз-қиш мавсуми арафасида кўп қаватли турар жойлар ва ҳовли уйлардаги газ жиҳозларига мажбурий техник ва технологик хизмат кўрсатишни эслатиб ўтади.

Уй ичи газ жиҳозлари текшируви – бу квартира ва ҳовли уйлардаги барча газ тармоқларини даврий текшириш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ҳисобланади. Газ жиҳозлари назоратининг асосий вазифаси хонадондаги хавфсизликни таъминлаш, газ сизиб чиқиш ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш, нотўғри ўрнатилган иситиш печлар ёки мўриконларни аниқлаш, уй эгаларига газ хўжалигидан фойдаланиш қоидаларини яна бир бор эслатиш, носоз ёки маънан эскирган газ жиҳозларини аниқлашдан иборатдир.

Истеъмолчиларнинг уй ичи газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”га мувофиқ амалга оширилади. Газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш барча тоифадаги истеъмолчилар учун ҳудудий газ таъминоти филиаллари жадвалига мувофиқ ҳовли уйлар учун йилига бир марта ва кўп қаватли турар жойлар учун  ҳар икки йилда бир марта амалга оширилади.

Хонадондаги газ жиҳозларини назорати учун режалаштирилган ташриф давомида чилангарлар қуйидагиларни текшириши зарур:

 - газ қувурининг барча қисмлари яхлитлиги ва бутунлигини визуал баҳолаш, қувур линияси қанчалик яхши ётқизилганлиги ва  тармоқда лойиҳадан ташқари рухсатсиз ўзгартиришлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш;

 - уланишлар, шланглар ва қулфлаш механизмларининг герметик мустаҳкамлигини текшириш;

- жўмраклар ва клапанларни назоратдан ўтказиш, уларни мойлаш ва ишлашини кўриб чиқиш, зарурий ҳолатда эса алмаштириш;

- шамоллатиш каналини текшириш ва ундаги ҳаво тортишни ўлчаш;

- барча газ етказиб бериш режимларида жиҳозлардаги газ ёнишини созлаш, тизимнинг босим ҳолатида ишлашини текшириш;

- газ ёндиргич ва бошқа ускуналарни ифлосланишдан тозалаш ва меъёрдан паст бўлган ёнувчанлик бартараф этиш.

Текширув сўнгида чилангар хонадон эгасига газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича кўрсатма бериши керак. Бундан ташқари, агар бирон бир жиҳоз ёки унинг таркибий қисми ишдан чиққан бўлса ёки хизмат муддати тугаган бўлса, уни алмаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтади. Шунингдек, иш якунига кўра, чилангар икки нусхада текшириш ҳисоботини тузади.

Хонадон эгаси режадан ташқари бўлган текширувга ҳам буюртма бериш ҳуқуқига эгадир. Бунинг учун туман газ таъминоти бўлимига мурожаат қилиш ёки тўғридан-тўғри 1104 рақамига, авария-нозимлик хизматининг 104 рақамига қўнғироқ қилиши мумкин бўлади. Мазкур мурожаатлар қандай ҳолатлардан амалга оширилади:

- уйда газнинг енгил ҳиди сезилса ёки ўзига хос “хириллаш” эшитилса;

-        газ жиҳозлари яхши ишламаса ёки носоз бўлса: бу ҳолатда колонка сувни яхши иситмайди ва иситиш печи керакли ҳароратга эришиш учун узоқ вақт талаб этади;

-         газ ёндиргичлари одатдагидан камроқ олов чиқарса ва газ ёнган вақтда тўқ сариқ "тиллар" пайдо бўлса;

-        Газ плитасида носозлик ва ундан фойдаланишдан сўнг идишларда қорайтш кузатилса;

-        газ жиҳозининг ишлаш муддати тугаган бўлса,  одатда газ жиҳозининг яроқлилик муддати - 10-15 йилни ташкил этади.

 Техник ва профилактика хизматларнинг натижаларига кўра, текшириш санаси ва вақти кўрсатилган, бажарилган ишлар рўйхати, реквизит ва бошқа маълумотлар жамланган ҳужжат берилади. Газ жиҳозларининг техник хизмат кўрсатилганлиги бўйича тўловлар миқдори www.hududgaz.uz веб-сайтида эълон қилинган нархлар рўйхатига мувофиқ олинади.

"Ҳудудгазтаъминот" АЖ истеъмолчилар билан барча ҳисоб-китобларни рўйхатдан ўтказиш “HGT Service” дастури орқали амалга оширилишини эслатиб ўтади. Кўрсатилган хизмат учун тўлов онлайн форматда СМС-хабарнома орқали ҳисоб-фактура орқали амалга оширилади ва хизмат тугагандан сўнг дарҳол истеъмолчининг телефонига юборилади.

Агар газ таъминоти соҳаси ходими кўрсатилган хизматлар учун нақд пулда тўловларни амалга оширишни сўраса, истеъмолчилардан 1104 қисқа рақамига қўнғироқ қилишни ёки "Facebook" ижтимоий тармоғидаги "Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари" гуруҳига бу ҳақда хабар беришларини сўраб қолади.



Report Page