Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (3-қисм)

Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (3-қисм)

Xushnudbek Xudayberdiyev
Ушбу мақола дастлаб 2014 йил 1 октябрь куни эълон қилинган

ЎҚУВ МАСАЛАСИГА ОИД МЕТОДЛАР

11-метод. Конспектга минимум талаб

Талабалардан тонналаб конспект сўрашни ёмон кўрардим. Чунки вақтида ўзимга ҳам конспект ёзиш ёқмаган. Энг асосий жойларини қисқа қилиб ёзиб, тезис қилиб келинглар дея таъкидлардим. 1-2 бет бўлса етади дердим. Шунда ҳам “конспектинг йўқ экан, жавоб бермайсан”, “дарсдан чиқиб кет”, “кунингни кўрсатаман” деган гаплар умуман бўлмасди.

12-метод. Ҳеч қандай “отработкасиз”

Мен бутунлай “отработка”ларга қарши эдим. Талабалардан “отработка” олганимни деярли эслай олмайман. Узрли ёки узрсиз сабабларга кўра кела олмаган талабаларни кейинги дарсни ўзида савол-жавоб қилиб қўяверардим. Ростини айтганда, талабага 2 та энг асосий саволни бериб, кела олмаган мавзусини қай даражада тушунган ва ўзлаштирганини билиш мумкин.

Нима кераги бор, талабаларни яна алоҳида кафедрага чақириб, уларни беҳудага қийнаб (бу ерда “беҳуда” сўзига эътибор беринг).

Шахсан мен “отработка” ҳақида шундай фикрда эдим. Адашаётган бўлишим мумкин, албатта.

13-метод. Доскага чиқиш деган нарса йўқ

Дарс ўтиш усулларимдан бири, энг кўп фойдаланганим, бу блиц савол жавоблар.

Ростини айтсам, менга доскага бирин-кетин чиқариб, мавзуни гапиртириш методи умуман ёқмасди. Доскага, минбарга чиқармасдим ҳеч кимни. Бир кишини 10 минут гапиртириб қўймасдим ҳеч қачон. Бунақа эски услуб менга умуман ёқмасди, рости. Ҳамма ўтирган жойида жавоб бераверар эди. Бунда блиц саволлардан фойдаланардим. Масалан:

– Акбаржон, суриштирув муддати қанча?

– Нодирбек, нечта тергов органи бор?

– Жамшидхон, жиноят ишини қўзғатиш сабаблари нечта?

Бу усулнинг яхши томони шунда эдики, мен исталган вақтда, исталган талабага мурожаат қилаверар эдим. Шу сабабли, талабалар бутун дарс давомида диққатини савол-жавобларга қаратишга мажбур бўларди. Кимнидир хаёли дарсдан узоқлашаётганини сезсам, дарров ўшанга мурожаат қилардим. Олдинги гапларни такрорлашини сўрардим. Табиийки, бундай усулдан кейин талабалар беихтиёр дарсдаги савол-жавобларни эшитиб туришга ҳаракат қилишарди.

14-метод. Ўқимай келганлар тўрга ўтсин

Шунча уринишларга қарамай, барибир дарсга тайёрланмай келадиган талабалар бор эди. Буни яшириш ёки инкор қилиш керакмас.

Ўқимай келган талабалар учун ҳам ўзимнинг қатъий принципим бор эди. Фикримча, ўқимай келган талаба ҳам, менинг дарсимдан қуруқ қўл билан чиқиб кетмаслиги керак эди. Ўша дарсда у шунчаки жасад бўлиб иштирок этмаслиги, фақат йўқламага кўриниш учун келмаслиги лозим эди.

Шу сабабли мен ўқимай келган талабаларни энг олдинги партага ўтқазардим. Блиц савол-жавоблар вақтида ҳар бир саволнинг жавобини улардан қайта айтишларини сўрардим. Масалан, бошқа бир талаба савол бераман, у жавоб берди дейлик. Кейин худди шу саволни ўқимай келган талабага яна қайта бераман. У курсдоши айтган жавобни такрорлайди. Айтолмаса, яна такрорлаттирамиз, диқатини жамлаймиз.

Шунақа қилиб, дарс охиригача у кўп маълумотни эшитади, гапиради. Ва натижада дарсимдан нимадир (кам бўлса-да) олиб чиқиб кетади.

Ҳа, эсимда, баъзи талабалар олдинги партада ўтирмаслик учун ҳам ўқиб келадиган бўлганди )))

15-метод. Тик туриб жон берган яхши…

Дарс вақтида умуман ўтирмасдим. Талабалар ўтириб дарс ўтганимни эслай олмаса ҳам керак. Доим тик турган ҳолда дарс ўтардим. Аввало, ўтириб дарс ўтиш ноқулай эди, талабага ҳурматсизликдек кўринарди. Иккинчидан, менинг дарс ўтиш услубларимга ўтириш тўғри келмасди. Юқорида айтганимдек, блиц савол-жавоблар қилишим, ҳамма талабани кузатиб туришим учун, тик туриш менга қулайроқ эди.

16-метод. Доска ва маркер – менинг доимий ҳамроҳим

Дарсда доим маркердан фойдаланардим. Сабаби психологиядан маълумки, инсонда маълумотларни хотирага сақлашнинг бир қанча усуллари мавжуд. Эшитиш, кўриш, гапириш, ёзиш ва ҳ.к. Шу сабабли, дарс вақтида имкони борича барча ташқи воситалар орқали маълумотлар етказишга ҳаракат қилардим. Шу сабабли маркер менга яхши ёрдамчи эди. Баъзан маркерсиз дарсга кириб қолсам, бир нима камдек туюлаверарди.

Бунинг устига фикрни қисқа ва лўнда, конструктив етказишда ҳам доска ва маркернинг ўрни катта.

Ушбу методда менга халақит берадиган битта минус томони бор эди, бу – хунук ҳуснихатим! 

17-метод. Кичик гуруҳларда ишлаш

Доим кичик гуруҳларда ишлашга ҳаракат қилардим. Шу сабабли илк дарсдаёқ гуруҳни 5 кишилик кичик гуруҳларга бўлиб олардим.

Кичик гуруҳлар ишлаш учун жуда осон. Аввало турли хил топшириқлар беришга қулай. Иккинчидан бошқариш бирмунча енгил. Учинчидан кичик гуруҳларда ўзлаштириши бироз сустроқ бўлган талабалар билан ишлаш осонроқ бўлади. Гуруҳдаги бошқа талабаларга интилиб ёки улардан нимадир ўрганиб, ўз билимини ошириб бораверади.

Бундан ташқари энг муҳими, гуруҳлар ўртасида турли илмга асосланган мусобақалар орқали ўзаро рақобатни юзага келтириб, уларни янада ўқишга қизиқтириш мумкин.

Кичик гуруҳлар рўйхатини талабаларга тарқатардим
Талабалар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтиришибди
Талабалар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда ўтиришибди

18-метод. Бир ёқадан бош чиқар

Гуруҳларга бўлгандан сўнг, дарс вақтида гуруҳ бўлиб ишлайдиган турли масалалар, жумбоқлар, ўйинлар олиб келишга ҳаракат қилардим. Ўша кунги мавзу доирасида албатта.

Асосан тарқатма материаллардан иборат бўлган мазкур жумбоқларни ечиш давомида гуруҳлар бирлашиб ишларди.

Биласизми, менга нима учун керак эди бу?

Талабаларни бир-бирини ўқитишини истардим. Кичик гуруҳдаги яхши ўқиган бола, жумбоқни ечиш давомида баҳсли вазиятда шеригига мавзуни тушунтириб берарди. Худди икки ўртоқ ўзаро гаплашгандек.

Бунинг эффекти ўқитувчининг тилидан эшитгандан юқори бўларди анча.

Агар кимдир нотўғри ўқиган ёки тушунган бўлса, унда жумбоқнинг жавоби чиқмасди. Тўғри жавобни билгач, ўзининг нотўғри тушунганини ҳам англаб етарди.

Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда
Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда
Талабалар жумбоқли топшириққа кичик гуруҳларда ечим топишмоқда


ДАВОМИ БОР


Каналга уланиш:

https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ

Report Page