Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (2-қисм)
Xushnudbek XudayberdiyevУшбу мақола дастлаб 2014 йил 1 октябрь куни эълон қилинган
4-метод. “Сиз” ҳам, “сен” ҳам бир оғиздан чиқади
Дарс вақтида барча талабаларга “Сиз” деб мурожаат қилар эдим.
Шундай талабалар бўлар эди-ки, уларни азалдан танийман, дарсдан ташқарида “сен” деб мурожаат қиламан. Аммо дарс вақтида уларга ҳам бирдек “Сиз” дердим. Ўқитувчи сифатида талабани сенсираб гапириш мен учун жуда хунук ишдек кўринарди хаёлимда. Бунга албатта ёшимнинг ҳам таъсири бор, менимча. Кўпчилик талабаларнинг ёши мендан катта эди.
Ҳа, айтганча, айтиш эсимдан чиқибди, биринчи дарсга киришдан олдин талабаларнинг нафақат исми-фамилияси ёки вилояти, балки ёшларини ҳам ўрганиб чиқардим. Агарда ёши мендан катта талаба бўлса, биринчи дарснинг ўзидаёқ ўша талабаларга “ака” деб мурожаат қилардим. Бундан ҳечам уялмаганман, хижолат бўлмаганман.
5-метод. Инсон учун энг ёқимли сўз – ўз исми
Юқорида айтганимдек, дарс вақтида доимо талабаларга исми билан мурожаат қилар эдим. Исмларга албатта ҳурмат қўшимчаларини қўшардим. Масалан, Бобурбек, Акромжон, Аброрхон ва ҳ.к.
Лекин қизларга исми билан эмас, фамилияси билан мурожаат қилардим. Талаба қизларни исми билан чақириш менга хунук кўринарди.
6-метод. “Ало, ало”
Ушбу метод жуда ғалати кўринса керак кўпчиликка. Баъзилар нотўғри хаёлга ҳам борса ажаб эмас. Аммо наилож, қилинган ишни қилинди дейиш керак.
Хуллас, талабалар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш мақсадида мобил телефонимга талабаларнинг телефон рақамларини битталаб “сохранить” қилиб чиққанман.

У ерда нафақат телефон рақамлар, балки уларнинг гуруҳлари, туғилган санаси, туғилган (яшаш) жойи ва шарифи ўрин олган.
Бундан кўзланган мақсад нима эканлигини 7, 8 ва 9-методларда тушунтираман.
P/S: Мазкур метод фақат 2013/2014 ўқув йили 1-семестридаги 100 нафар талабага қўлланилди. Кейинчалик 2-семестрда яна янги 205 нафар талабага қўлланилмаган.
7-метод. SMS
Бу метод бироз қимматроқ, лекин анча самарали метод. Ва кўп меҳнат талаб қилади ҳам.
Талабаларга ҳар дарсдан олдин SMS юборишни одат қилгандим. Ҳа, ҳа, адашмадингиз, ҳар ҳафта, ҳар дарсдан олдин.
SMSлар мазмуни тахминан қуйидагича: “Эртага фалон мавзу. Ўқиб келсангиз яхши бўларди. Ҳурмат билан…”

Талабаларга гуруҳ-гуруҳ тарзда SMS юборардим.
Бу кўп ҳам машаққат талаб этмасди. Чунки телефонимда барчаси гуруҳларга ажратилганди. Битта буйруқ орқали, битта SMSни барча гуруҳ талабаларига юбора олардим.

Баъзан SMSлар мазмунини атайин ўзгартириб юборардим. Яъни “мабоооодо вақтингиз бўлса, мени фанимдан ҳам дарс қиларсиз-а?” деган маънода. Бир талаба айтган эди, “Устоз, ростини айтаман, кечаги SMSдаги ўша “мабооооодо” деган сўзингиз тегиб кетди, қаттиқ ўқиб келдим” деб

SMSларни фақат йигитларга юборардим. Талаба қизларга бунақа SMSлар бормасди. Чунки дўст бор, душман бор. Бунинг устига баъзиларининг турмуш ўртоқлари бор. Нотўғри тушунишлари мумкин. Ўзи бизда талаба қизлар сони жуда кам эди. Асосан йигитлар.

SMSларни юборишни бошлаганимда, дастлаб SMS Ник орқали жўнатганман. Сабаби дабдурустдан бегона номердан SMS келса, тағин унда эртага ўқиб келинг дейилган бўлса, унда ғалати бўлиши мумкин эди. Шу сабабли 3 ойга яқин вақт давомида SMS Ник хизматидан фойдаланганман. “ustozjph”никидан SMSлар борарди. Номерим чиқмасди. Бу ҳам талабаларга ўзига хос сюрприз бўлганди, менимча.

SMS хизматидан фақат дарсни огоҳлантиришда эмас, балки турли байрамларда табриклашда, баъзи эълонларни айтишда ҳам фойдаланардим.


SMSларимга доим Х.Х. деб имзо чекардим. Бу ўзига хос фишкам эди
Ва асосийси жойни камроқ оларди )))
SMSлар билан боғлиқ бир қизиқ воқеа бўлган. Бир куни бир талабамнинг онаси телефон қилган. Салом-алик, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин, “Ўғлимнинг ўқиши яхшими?” деб сўраганлар. “Ҳа, яхши, ўзлаштиришида муаммолар йўқ” деганман. “Ростини айтяпсизми, алдамаяпсизми?” деб қайта-қайта сўраганлар.
Кейин билсам, ўша талаба уйига борганда (Самарқандлик эди) телефонини онасига ташлаб келган экан. Ва ҳар ҳафта икки марта мендан SMS келган. Кейинги дарсда фалон мавзу, ўқиб келишни унутманг деган мазмунда. Дастлаб, тасодифдир деб ўйлабдилар. Аммо иккинчи ҳафтасида ҳам шунақа SMS келгач, ўғлига телефон қилиб роса уришибдилар: “Нега яхши ўқимаяпсан, устозинг ҳар сафар сенга ўқиб кел деб SMS юборяпти” деб.
Бечора талаба онасини ишонтиролмабди. “Устозимиз ўзи шунақа, фақат менга эмас, ҳаммага юборадилар, ўқишим яхши” деса ҳам, онаси ишонмаганлар. “Эртак айтма менга, бунақа бўлиши мумкин эмас” деб.
Ўғли тугул, менинг ўзимга ҳам анча пайт ишонмай турдилар-у )))
Лекин қувонарли томони, охирида дуо қилдилар. “Мунақасини ҳали эшитмагандим, раҳмат сизга” дедилар. Кимдандир чин дилдан дуо эшитиш, ёқимли. Умрлари узоқ бўлсин.
P/S: Мазкур метод фақат 2013/2014 ўқув йили 1-семестридаги 100 нафар талабага қўлланилди. Кейинчалик 2-семестрда яна янги 205 нафар талабага қўлланилмаган.
8-метод. Тест ва SMS
Ҳар 10 та мавзудан кейин тест олардим. Тестни шунчаки олишни хоҳламасдим. Ҳар бир талабанинг тести бўйича чиққан натижасини таҳлил қилишни, қайси мавзуда оқсаётганини, мавзуларнинг қайси жойини ўзлаштира олмаётганини таҳлил қилишни хоҳлардим. Ва энг асосийси ҳар бир талабага тестдан олган натижасини шахсан етказишни хоҳлардим. Бу билан ҳар бирингизга эътибор қиляпман, Сиз ҳам шунга яраша жавоб қайтаринг дейишни хоҳлардим.
Биласизми, тест натижаларини талабаларга қандай етказганман? Тўппа-тўғри, SMS орқали! )) Юборганда ҳам, эринмасдан ҳар бирига индивидуал жавоб ёзганман. Тахминан мана бундай: “Фалончибек, сизнинг тест натижангиз – 20 та тўғри, 10 та нотўғри. Ўзлаштириш фоизингиз 67%”
Ва ҳар бир натижанинг тагига алоҳида гап ёзганман. Агар натижа зўр бўлса, мақтаганман. Янада яхши ўқинг деганман. Ўртачароқ бўлса, сустлашмасликни айтганман. Ёмонроқ бўлса, ўқишини яхшилаши кераклигини, унга ишонишимни, мени бошқа уялтирмаслигини ёзганман.


Албатта 100 кишига битталаб бунақа SMS ёзиш учун кўп вақт кетади. Тағин ҳар бир натижани ҳисоблаб чиққан бўлишингиз ҳам керак.
Ҳа, энди, жон чекмасанг жанона қайда дейишади-ку. Қийин бўлганми йўқми, билмадим-у, лекин менга қизиқ бўлган. Ўзим севган касбим билан шуғулланиб, роҳатланганман.
Ҳа, айтганча, ўзи индивидуал SMS юборишни кейинчалик ҳам бир неча маротаба қўлладим. Айниқса, байрамлар билан табриклаш вақтида. Биласизми, ҳаммага юбориладиган узундан-узун шаблонлардан кўра, исмингиз ёзилган кичик SMS кўпроқ таъсирлироқ бўлади. Мен ҳам матнини бир хил ёзганим билан, лекин исмларни ҳар бир кишига эринмасдан ёзиб чиқишга ҳаракат қилардим. Мана масалан, янги йил табригидан парча:

9-метод. Туғилган кунлар
Туғилган кун кўпчилик учун ўзгача байрам. Ўша куни эслаб қўйсангиз, қанчалик хурсанд бўлишади эътибордан.
Юқорида кўрган бўлсангиз, телефонимда талабаларнинг туғилган кунлари ҳам ёзилган эди. Ҳар куни бугун кимнинг туғилган куни экан дея бир назар солиб қўяман. Ва ҳар бир талабани имкон қадар, туғилган куни билан табриклайман. Одатда телефон қиламан. Дарс пайтида бўлса, дарс пайти эълон қиламан. Ёки камида SMS юбораман.
Балким баъзиларни унутган бўлишим эҳтимолдан ҳоли эмас, бунинг учун узр сўрайман.
10-метод. Телефонда сўзлашиш мумкин, фақат…
Дарсим давомида, талабаларга телефонда сўзлашишга қатъий тақиқ қўймаганман. Фақат қуйидаги шартлар бажарилиши шарт эди:
1. Телефон овозсиз режимга қўйилиши, аммо вибрация функциясида туриши керак;
2. Ҳақиқатдан зарур қўнғироқ бўлса, рухсат сўраш керак;
3. Ташқарига чиқиб, аудиториядан узоқлашмасдан, паст овозда суҳбатлашиш лозим;
4. Суҳбат давомийлиги имкон қадар 5 дақиқадан ошмаслиги керак.
Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, ўқитувчилар талабаларга ҳар қандай қўнғироқ бўлса ҳам, телефонда суҳбатлашишга рухсат беришмайди. Лекин иссиқ жон, ҳаётда ҳар нарса бўлиши мумкин. Ота-онаси ўта шошилинч равишда қўнғироқ қилиши мумкин. Агар ҳақиқатдан зарурият бўлмаса, улар ҳам дарс вақтида безовта қилиб ўтиришмади-ку, барибир.
Ёки кўпчилик талабалар ижарада туради, ижара уйи билан боғлиқ шошилинч қўнғироқ бўлиши мумкин.
Ёки энг кўп учрайдиган ҳолат, аксарият талабаларга вилоятлардан такси орқали уйдагилари “почта” юборишади. Унда пул ҳам бўлиши мумкин, озиқ-овқат, кийим-кечак бўлиши мумкин. Ўша таксига жойини, вақтини тушунтириш учун ёки бошқа мақсадларда зарур қўнғироқ бўлаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бундай вазиятлар кўп. Шу сабабли телефонда гаплашишларига эркинлик берганман. Лекин биласизми, бу шундай эркинлик эди-ки, унинг пойдевори виждон устига қурилганди. Талабаларим ушбу эркинликни суиистеъмол қилишганлари билан боғлиқ деярли биронта ҳолатни эслай олмайман.
ДАВОМИ БОР
Каналга уланиш: