Ўқитувчилик фаолиятим ҳақида (1-қисм)
Xushnudbek XudayberdiyevУшбу мақола дастлаб 2014 йил 1 октябрь куни эълон қилинган
Устозлар ҳақида қанча гапирсак оз дейишади. Лекин барибир гапираверамиз. Бу бурчимиз.
Устозлик шарафли касб. 2 йил давомида Тошкент давлат юридик институти (университет)да ўқитувчи бўлиб ишлаганимдан сўнг юқоридаги сўзлар нечоғлик тўғри эканлигини ҳис қилдим.
Ўқитувчи… Ҳа, илк дарсим ҳали ҳамон эсимда. Қанчалик ҳаяжонланганим, қанчалик қўрққаним…
Ушбу постни ёзиш фикри менда анча олдин, АҚШлик педагог Рон Кларкнинг 55 та қоидаларини ўзбек тилига таржима қилаётганимда пайдо бўлган эди.
Икки йил давомида Тошкент давлат юридик институти (кейинчалик “университет”) “Жиноят-процессуал ҳуқуқи” кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Фаолиятим давомида бевосита жами 440 нафар талабага “Жиноят-процессуал ҳуқуқи” ва “Жиноят ишлари бўйича процессуал ҳужжатлар” фанидан дарс бердим.
Юқорида айтганимдек, ўқитувчиликнинг машаққатларини танамда ҳис қилиб кўрдим. Менимча, ўқитувчилик фаолиятим давомида ўргатишдан кўра, кўпроқ нарса ўргандим. Ўқитувчилик менга катта ҳаёт тажрибасини бера олди. Аммо менинг ўзим ўша катта ҳаёт тажрибасини талабаларга бера олмаганимдан афсусланаман.
Гапни қисқа қилиб, асосий мавзуга ўта қолай.
Ўқитувчилик касбига киришган илк кунларимда ўзим учун фаолиятимнинг асосий қоидаларни ишлаб чиқишим лозимлигини англаб етган эдим. Чунки ҳар бир ўқитувчининг ўз услуби, ўз методи бўлади.
Мен ҳам ўзимнинг оригинал услубимни, методимни ишлаб чиқишни хоҳлар эдим. Талабаларга ҳам замонавий, ҳам самарали билим бериш усулларини топишни, уларни амалиётга татбиқ қилишни жуда-жуда истар эдим.
Устозларнинг маслаҳати ва ўгитлари орқали шундай методлар жамланмасини ишлаб чиқдим. Икки йил давомида ўша методлар орқали дарс ўтдим. Мазкур методлар қанчалик самарали бўлди, талабалар ўша дарслардан қанчалик билим олишди, уларда қанчалик таассурот қолди, рости билмадим. Бунга баҳони мен эмас, талабаларим, ёнимдаги ҳамкасбларим беришади.
Лекин барибир ҳам, мен ўша методлар (балки булар метод ҳам эмасдир) ҳақида бугун Сизга сўзлаб бермоқчиман.
Методларни шартли равишда икки турга бўлиб оламиз:
1. Дарсни ташкил этиш масаласига оид методлар;
2. Ўқув масаласига оид методлар.
ДАРСНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАСИГА ОИД МЕТОДЛАР
1-метод. Биринчи дарс
Биласизми, менимча, янги ўқитувчининг биринчи дарси кўп нарсани ҳал қилади. Талабаларда янги ўқитувчи ҳақида биринчи дарсда қолган таассурот узоққача сақланиб қолади. Уларнинг хотирасига муҳрланади. Бу ерда янги ўқитувчи деганда фақат ёш ўқитувчиларни эмас, балки умуман янги гуруҳга илк марта дарсга кирган барча ўқитувчиларни назарда тутдим.
Хуллас, мен ҳам доим янги гуруҳларга дарсга кирганимда илк дарсга катта эътибор беришга ҳаракат қилдим. Биринчи дарсданоқ талабаларда ўзгача таассурот қолдириш орқали, келгусида пайдо бўлиши мумкин бўлган кўплаб муаммоларга ечим топишни мақсад қилдим.
Хўш, биринчи дарсда нималар қилдим? Бу ҳақида 2-3-методларимда ўқийсиз.
2-метод. Келинг, танишайлик
Илк дарслар одатда янги ўқитувчи ва талабаларни ўзаро танишув дарси бўлади. Ким аслида ким, қаердан, исми нима, фамилияси нима ва ҳ.к. Аксарият ҳолларда дарснинг катта қисми танишувга кетади.
Мен дарсларимда бирон марта танишув маросими қилмадим. Унинг ўрнига бошқа, айёрона усулдан фойдаландим.
Ҳар гал янги гуруҳга илк дарсимга киришимдан аввал ўша гуруҳдаги барча талабаларнинг расмига қараб, исм-фамилиясини ёдлаб чиқдим.
Юқорида айтганимдек, анча йиллар маъмуриятда ишлаганман, талабаларнинг маълумотларини топиш муаммо эмасди. Компьютеримда барча гуруҳларнинг мана бундай расмлар жамланмаси мавжуд эди:

Эринмасдан, ҳар бир расмга қараб, талабанинг исм-фамилиясини ёдлаб чиқардим. Бир неча марта машқ қилардим.
Ҳа, айтганча, фақат исмлар эмас, балки уларнинг анкетасидан қайси вилоятдан эканлигини ҳам ёдлардим.
Хўш, энди Сизда савол туғилгандир: бу нима учун керак бўлган?
Яхши савол. Жавоби қуйидагича:
Тасаввур қилинг. Янги дарс, янги ўқитувчи. Одатга кўра, ўқитувчи танишув маросими қилиши керак. Лекин мен фақат ўзимни таништирардим холос. Талабаларнинг фамилия-исмини сўраб ҳам ўтирмасдим.
Дарсни бошлагач, талабаларга исми билан мурожаат қилишни бошлардим. Масалан:
– Сарварбек, бугунги мавзуимиз нима эди?
Сарвар исмли талаба ҳайрон: “Мени қаердан танийди” деб?
Биттаси тасодиф бўлиши мумкин, тўғрими?
Лекин мен ҳар сафар ҳар хил талабаларга исми билан мурожаат қилардим ва имкон қадар адашмасликка ҳаракат қилардим.
Талабалардан бундан бироз саросимага тушиб қоларди ҳатто.
Тағин қўшимчасига, уларнинг вилоятларига ҳам шаъма қилиб кетардим. Масалан:
– Бобурбек, айтайлик Сиз ўз вилоятингиз Жиззахга терговчи бўлиб бордингиз. Шундай вазиятда мана бу масалани қандай ҳал қиласиз?
Талаба мен берган саволни эмас, балким “Домла мени қаердан танийди?” деган саволни кўпроқ ўйларди.
Бир-бирига пичир-пичирлар бошланарди: “Ҳаммамизни таниркан-а?” деган.
Баъзи довюраклари юрак ютиб, сўрарди ҳам: “Устоз, бизни қаердан танийсиз?”
Бундай саволларга мавҳум жавоб бериш керак, шунда яна ҳам “ваҳима” ортади: “Ҳа, энди ишимиз шу” ёки “Вазифамиз шу” деган.
Жавоб бера туриб, секин сирли кулиб ҳам қўясиз. Қўшимча эффект беради.
Бунинг нима фойдаси бор дерсиз?
Фойдаси катта. Аввало биринчи дарсданоқ ўқитувчи ўз шахсига қизиқиш уйғота олади. Дарсни тугатиб чиққанингиздан сўнг, аниқ биламан, гуруҳ талабалари камида 15 минут сизни муҳокама қилишади. “Вей, сени ҳам точный айтди-я?”, “Товба, фамилиямни ҳам биларкан-а?”, “Мени Қўқонлик эканимни билишларини айтмайсанми?” ва ҳ.к.
Ана ўша гуруҳ сизнинг иккинчи дарсингизни интиқ бўлиб кутади. Бу ўқитувчининг биринчи ютуғи. Руҳий ютуқ. Уёғига талабаларнинг ўша қизиқишини сақлаб қола билиш ёки билмаслик, ўқитувчининг ўзига боғлиқ.
Менимча, дарсга фақат ўқитувчи сифатида кирадиган педагоглар бироз қийналишади. Ҳозир фикримни аниқ тушунтира олмаётгандирман, лекин шуниси аниқки, талабалар билан муомала қилишда, уларга дарс беришда психологик восита ва усуллардан ҳам унумли фойдалана билиш керак. Бу албатта шахсий фикрим.
3-метод. Маълумотлар пойдевори
Биринчи дарсда талабаларга фан ҳақида, ўзим ҳақимда, дарс машғулотлари давомидаги амал қилишимиз лозим бўлган умумий қоидалар ҳақида маълумот берар эдим. Берадиган маълумотларим фақат оғзаки эмас, балки ёзма – тарқатма материал кўринишида бўлар эди.
Булар қуйидаги иккита тарқатма материал эди:
1. Фан соатлари, баҳолаш мезонлари, талаблар ва исм-шарифим ҳақидаги маълумот.

Масалан, унда қуйидагича сўзлар ёзилган эди:
Қуйидагилар семинар вақтида талабада бўлиши керак:
1. Кодекс;
2. Дарслик;
3. Конспект дафтар;
4. Бошда билим;
5. Қалбда виждон;
6. Кўнгилда билим олиш учун хоҳиш.
2. Қайси мавзу қайси санада ўтилиши ва дарс машғулотининг тури (маъруза, семинар, амалий) ҳақида маълумот.

Бундан мақсад нима?
Талаба халқи бироз дангаса ва баҳоначироқ бўлади (ўзим ҳам ғирт шунақа талаба бўлганман). Уларга келгусида баҳона қилишга имкон бермаслик керак. Шу сабабли, илк дарсда юқоридаги тарқатма материалларни ҳар бир талаба учун алоҳида чоп этиб, кейин дарсга кирардим. Тарқатмаларни ҳар бир талабага шахсан тарқатиб, дафтарларининг орқасига ёпиштириб қўйишларини сўрардим.
Бу ерда яна бир жиҳатга эътибор бериш керакки, баъзи ўқитувчилар шундай тарқатмаларни бир ёки икки дона чиқариб, “ўзингиз кўпайтириб, оволинглар” дейишади. Аммо юқорида айтганимдек, бундай вазиятларда дангасалик бироз панд беради.
Ҳар қандай тарқатма материални яхшиси ўзим чиқариб, ўзим тарқатганим маъқул деб ўйлардим (албатта бу бироз чиқимни талаб этади).
ДАВОМИ БОР
Каналга уланиш:
https://t.me/joinchat/AAAAAEe1KDC7Hm03UPVooQ