Умумтаълим мактабларининг синфларида ўқувчилар сонини ортиб кетиш холатлари юзасидан маълумот

Умумтаълим мактабларининг синфларида ўқувчилар сонини ортиб кетиш холатлари юзасидан маълумот

EconomyPress

Умумтаълим муассасаларида битта синфдаги ўқувчилар сонининг 36 нафардан 40 нафаргачани ташкил этиши ва ушбу ҳолат таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши юзасидан билдирилаётган эътирозлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Бугунги кунда республика бўйича умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сони тўлиқлилиги ўртача 25 нафарни ташкил этади. Бироқ, айрим мактабларда ушбу кўрсаткич 40 нафар бўлса, айримларида 20 нафарни ташкил этади.

Ушбу кўрсаткич бўйича Тошкент шаҳрини таҳлил қиладиган бўлсак, синфлардаги ўқувчилар сони тўлиқлилиги ўртача 31 нафарни ташкил этади. Бироқ, алоҳида таълим муассасалари кесимида олиб қаралганда 78 та мактабда синф тўлиқлиги 30 нафардан кам бўлса, 23 та мактабда синфлардаги ўқувчиларнинг ўртача сони 35 нафардан 40 нафаргачани ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларида айрим фанлардан ўқитувчиларнинг етишмовчилиги юзага келмоқда.

Маълумот учун: умумтаълим мактабларида жами 500 мингда ортиқ ўқитувчи фаолият юритса, шундан бугунги кунда 20 фоизи 1,0 дан ортиқ педагогик ставкада ишлайди.

Шунингдек, халқаро тажрибанинг таҳлили шуни кўрсатаяпди-ки, Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқув юкламаси таълим сифати юқори бўлган бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ.

Аҳоли сонининг ўсиш кўрсаткичларини инобатга оладиган бўлсак кейинги 5 йилда мактаб ўқувчиларнинг сони 7,7 миллион нафарни ташкил этиши ёки бугунги кундаги кўрсаткичга нисбатан 1,5 миллион нафарга ортиши кутилмоқда.

Кейинги 5 йилда мактаб ўқувчилари сонининг ушбу тарзда ўсиши фонида педагогик ставкалар сони ҳам шунга мутаносиб равишда кўпаяди.

Ўқув дастурини такомиллаштириш бир кунлик масала эмас. Бу масала таълим соҳасидаги ислоҳотлар доирасида ўқитувчилар, мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтиши зарур.

Агар ушбу муҳокамалар доирасида умумтаълим мактабларида ўқув дастурини мақбуллаштириш хулосасига келинса, шунга тегишли равишда ўқитувчиларнинг педагогик юкламаси миқдори ҳам халқаро тажрибадан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилиши зарур.

Ўз навбатида, бугунги кунда умумтаълим мактабларида педагогик ставкаларни қисқартириш юзасидан ҳеч қандай ишлар олиб борилмаётганлигини маълум қиламиз. 

Report Page