Умумтаълим мактабларида ўқув йили ва ўқув машғулотларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича таклиф
Ilm-fan va ta'lim: tanqid va taklif•Кўплаб ривожланган давлатларда умумтаълим мактабларидаги ўқув йилини бошланиши ва таътил кунларининг ҳамда дарс машғулотлари давомийлигини белгиланиши, асосан таълим мақсадларидан, ташкилий масалалардан ҳамда иқлим шароитларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
•Умумтаълим мактаблари ўқувчилари, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг куз-қиш мавсуми даврида ўқув машғулотларига қатнашидаги қатор ноқулайликларни ўқув йилининг бошланиши, тугаши ҳамда таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ва дарс машғулотлари давомийлигини қисқартириш орқали сезиларли даражада бартараф этиш мумкин.
•Республикамиздаги 10 000 га яқин умумтаълим мактабларининг аксарияти қишлоқ ҳудудларда жойлашганлиги, ушбу мактабларга 3 км радиусда жойлашган хонадонлардан ички йўлларнинг ҳозирги ҳолатида қиш кунларида, ёғингарчиликлар даврида ҳам ўқувчиларнинг, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларининг пиёда қатнаб ўқиётганлиги, бу даврда ўқувчилар касал бўлишларининг кескин кўпайиши, умумтаълим мактабларининг марказий иситиш тизимларига уланмаганлиги ҳамда куз-қиш мавсумида иссиқлик ва электр-энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиб кетиши натижасида энергия танқислиги вужудга келиши, таълим муассасаларини куз-қиш мавсумида иситиш учун ва электр энергияси учун, жумладан, кўмир сотиб олиш учун давлат бюджетидан 80-100 миллрд. сўмга яқин маблағлар сарфланаётганлиги масаланинг долзарблигини кўрсатади.
•Тошкент вилояти мисолида охирги 10 йил давомидаги об-ҳаво маълумотларининг таҳлили кўрсатишича, 26-31 август кунларидаги (340) ўртача ҳарорат 1-10 сентябрь кунларидаги (330) ўртача ҳароратдан бир градусга, 26-31 май кунларидаги (31,50-320) ўртача ҳарорат 16-25 май кунларидаги (300) ўртача ҳароратдан эса 1,5-2 градусга фарқ қилар экан (жадвал илова қилинади).
Шунинг учун, иссиқлик ва электр энергиясига бўлган талабнинг куз-қиш мавсумида кескин ортиб кетиши сабабли энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, ўқувчиларга қиш мавсумида қулайлик яратиш, куз-қиш мавсумида таълим муассасаларининг иситиш ва ёритиш сарфини икки баробарга яқин камайтириш ҳамда мавсумнинг қолган даври давомида таълим муассасаларини талаб даражасида иситилишини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларидаги ўқув йилининг бошланиш ва тугаш вақтини, ўқув йили давомидаги таътил кунларининг муддатини ўзгартириш ҳисобига қишки таътил кунларини белгилаш таклиф этилади.
Бунинг учун,
•ўқув йилининг бошланишини 2 сентябрь куни ўрнига 26 август,
•ўқув йилининг тугаш кунини эса 25 май ўрнига 31 май деб белгилаш,
•ўқувчилар учун амалдаги 4-9 ноябрь, 28декабрь-10 январь, 21-27 март кунларидаги таътил кунлари ўрнига 25 декабрдан 2 февралгача қишки таътилни жорий этиш;
•ёзги таътил вақтининг икки ҳафтага қисқариши муносабати билан ўқитувчилар учун 11-25 январь кунлари давомида икки ҳафталик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини бериб бориш;
•1 ва 2 чораклар ҳамда 3 ва 4 чораклар оралиғида қисқа муддатли таътил зарур деб ҳисобланса, 1 ва 3 чоракнинг охирги ўқиш куни машғулотларини ҳамда 2 ва 4 чоракнинг биринчи ўқиш куни машғулотларини тегишли чораклардаги бошқа ўқиш кунларида ўтиш ҳисобига чораклар орасида икки кунлик таътил белгиланиши таклиф этилади(жадвал илова қилинади).
Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари синф ўқувчиларининг ёш ва жисмоний ривожланганлик даражаси ҳар хил бўлишига қарамасдан, шунингдек, ноқулай об-ҳаво шароитларида, яъни ўта иссиқ ёки совуқ кунларда истиш ёки совутиш тизимлари билан жихозланмаган ҳамда икки-уч сменада ўқитиладиган мактабларда ҳам дарс машғулотининг давомийлиги фақат 45 минут деб белгиланган. Бу эса, ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Бошланғич ва юқори синф ўқувчиларнинг ёш ва жисмоний ривожланганлик даражасидан келиб чиқиб, бошланғич синф ўқувчилари учун дарс машғулоти давомийлигини 40 минут деб белгилаш(бунда бошланғич синфлар учун танафус вақтини 5 минутга узайтириш орқали барча синфлардаги дарс вақтининг бошланишини бир хил қилиш мумкин); туман ёки шаҳар ҳалқ таълим бўлимлари рухсати билан ноқулай об-ҳаво шароитларида, яъни ўта иссиқ ёки совуқ кунларда иситиш ёки совутиш тизимлари билан тўлиқ жихозланмаган, шунингдек, икки-уч сменада ўқитиладиган умумтаълим мактабларида дарс машғулотининг давомийлигини 5 минутга қадар қисқартиришга рухсат бериш амалиётини жорий этиш таклиф этилади.
Ушбу таклифларнинг жорий этилиши натижасида ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таътиллари ёзги ва қишки таътилларга бўлинишидан ҳамда ўқув йилининг бошланиш ва тугаши муддатларининг бир ҳафтага ўзгаришидан ташқари жиддий салбий оқибатларга олиб келмагани ҳолда қуйидаги ижобий натижаларга олиб келади:
•куз-қиш мавсуми давридаги иситиш ва электр энергияси сарфини 30% атрофида тежалади;
•ушбу мақсадлар учун харажатлар сарфи 20-30 миллиард сўмга камаяди;
•ҳозирги кунда бир вақтга тўғри келаётган Мустақиллик байрами, Биринчи Президентимизнинг Хотира куни ҳамда Билимлар кунларининг тарбиявий-маънавий тасъирчанлигини ошишига хизмат қилади;
•ўқувчиларга, айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига қулайликлар яратилади;
•бошланғич синф ўқитувчиларининг дарс машғулотларидаги меҳнат сарфи 10%га яқин қисқаради;
•ўқитувчилар учун ўқув йили ўртасида ҳам меҳнат таътилига чиқиш ва ўз устида ишлаш учун қўшимча имконият пайдо бўлади;
•Президент фармонида белгиланган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича таълим муассасалари ўқувчилари, раҳбар-ходимлари учун қўшимча имкониятлар яратади.