Уйдан чиқмай туриб қаерга бориш мумкин?

Уйдан чиқмай туриб қаерга бориш мумкин?


Ҳар биримиз ҳозирги давр саёҳатлар учун энг қулай вақт эмаслигини тушуниб турибди. Бироқ айнан шунинг учун биз COVID-19 ҳақидаги янгилик ва тавсиялар қаторида сизни уйдан чиқмай саёҳат қилишга илҳомлантиришга қарор қилдик. 

Қолаверса, бу янги жойларни ўрганиш ва келгуси саёҳатларни режалаштиришнинг қулай усулидир. Олам қизиқарли сафарлар учун ўз қучоқларини яна очган чоғда сиз саёҳатлар учун шай турасиз. 

Шундай қилиб, бугун Тошкент политехника музейига йўл олдик. Бунинг учун сиз ушбу манзил ҳақидаги қисқа ҳикоямизни ўқигандан кейин ҳаволани боссангиз етарли.

🔸 Тошкент политехника музейи пойтахт музейлари орасида нисбатан ёшидир. У 2015 йилнинг ноябрь ойида очилган.

🔸 Музей экспозицияси учта бўлимдан иборат: “Жаҳон автомобилсозлик тарихи”, “Ўзбекистон автомобилсозлик тарихи” ва “Интерактив амалиёт”. 

🔸 Ретро автомобиллар ихлосманди бўлсангиз, ушбу музейга албатта ташриф буюринг. Ҳозирча эса виртуал саёҳат ёрдамида сиз афсонавий “Wolksvagen Juk”ни ҳамда бизга азалдан таниш бўлган “Чайка” каби автомобилларни кўришингиз мумкин. Улар дунё автомобиллари бўлимида намойишга қўйилган.

 🔸 Ўзбек автомобилсозлик саноатининг ривожланишини ўз ичига олган музейнинг иккинчи бўлимида Daewoo конвейеридан чиққан турли русумдаги автомобилларни ва машҳур “Нексия-2” машинасини кўришингиз мумкин!

🔸 Ушбу бўлимнинг яна бир ўзига хос жиҳати тўлиқ очиқ ҳолатда намойиш қилинаётган Chevrolet Spark автомобилидир. Музей ходимлари астойдил киришиб, Spark автомобилини энг майда қисмларгача ажратиб, ажойиб композиция барпо этдилар ва буларнинг барчасини умумий томоша учун тақдим этдилар. Агар сиз Chevrolet Spark автомобилининг эгаси бўлсангиз, сизга политехника музейига ташриф буюриш ва автомашинанинг бундай ноодатий, очиқ ҳолда кўриш қизиқарли бўлади. Лекин бундан аввал музейга виртуал саёҳат қилиб, уни 360 даража кўринишида томоша қилинг!

🔸 Шунингдек, яқин кунларда музей Bugatti'нинг илк машиналаридан бирининг ноёб модели билан тўлдирилди ва у эътиборингизни тортмай қолмайди!

Тезроқ буларни кўрмоқчимисиз? Уяли алоқа телефонингиз ёки компьютер ёрдамида ҳавола орқали ўтинг ва виртуал сайрдан баҳраманд бўлинг:

 https://uzbekistan360.uz/ru/location/politehniceskij-muzej-vuoK.