Уйғур этнонимининг этимологияси ҳақида
Туркистон кутубхонаси
Уйғурлар туркий халқлар ичидаги энг қадимийларидан бири эканлигини ва уларнинг дунё цивилизацияси, Марказий Осиё, хусусан, Буюк ипак йўли тарихида муҳим ўрин тутганлиги дунё олимлари томонидан эътироф этилган. Шу сабаб уйғурлар тарихи кўп олимлар диққат марказида бўлган ва бўлиб келмоқда. Уларнинг мазкур масала юзасидан баён этилган фикр-мулоҳазалари 1991 йилда Алмати шаҳридаги собиқ Қозоғистон Фанлар академияси таркибидаги уйғуршунослик институти тарихчилари томонидан 1991 йилда нашр этилган «Краткая история уйгуров» («Уйғурларнинг қисқача тарихи») номли асарда батафсил таҳлил қилинган.
Бундан кейинги давр давомида уйғурлар тарихига оид дунё олимларининг тадқиқотлари ҳам талайгина. Улар орасида 2001 йилда турк тилида чоп этилган 21 жилдли «Турклар» («Turkler») ва инглиз тилида нашр этилган 6 жилдли «The Turks» ҳамда «Xinjiang China’s muslim borderland» («Шинжян Хитойдаги мусулмонлар яшайдиган чегара замини») номли асарлар муҳим илмий аҳамият касб этади. Сўнги 30 йил ичида Хитой Халқ Республикаси (ХХР)да ҳам уйғурларнинг тарихини, хусусан, этник тарихини ўрганиш ишлари жонланди. Натижада, қатор йирик асарлар чоп этилди. Хронологик тартибда биргина уйғур тилида нашрдан чиққан фундаментал асарларларни мисол қиладиган бўлсак, улар орасида, энг аввало, «Уйғур тарихи», «Уйғурлар», «Шинжянгдики миллатларнинг тарихи», «Қадимги уйғурлар тарихи», «Уйғур этнографияси», «Уйғурлар Шарқда ва Ғарбда», «Қадимқи уйғурлар ва қорахонийлар», «Уйғурларнинг қисқича тарихи», «Урхун уйғур ханлиқининг қисқича тарихи», «Ғарбий юрт тарихи ҳақида тадқиқот», «VIII-X асрлардаги Ғарбий юрт тарихи ҳақида тадқиқот» каби асарларни тилга олиш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, юқорида тилга олинган «Краткая история уйгуров» номли китобнинг уйғурча таржимаси «Уйғурлар ва Ғарбий юртдаги бошқа туркий халқларнинг қисқича тарихи» номи билан Урумчида нашр этилган.
ХХРда уйғурлар тарихига оид хитой тилида чоп этилган китоблар ҳам кам эмас. 1952 йилда нашр этилган «Вэйвуэр шилюэ» («Уйғурланинг қисқича тарихи») ва икки марта нашр этилган «Вэйвуэр зу шиляо жянбян» («Уйғур тарихига оид маълумотларнинг қисқача тўплами») шулар жумласидан.
Умумий характерга эга бўлган қатор йирик асарларда ҳам уйғурларнинг этник тарихига эътибор берилган. Ванг Чжунгхан раҳбарлигида тузилган «Чжунггуо минзуши» («ХХР халқларининг тарихи»), ката бир гуруҳ олимлар битган «Чжунггуо Шинжянг гудай шэхуэй шэнгхуо ши» («ХХР Шинжянгнинг қадимги жамияти ва ҳаёти тарихи»), Хэ Жихунг. «Шиюй лунгао» («Ғарбий мамлакатларга оид мунозаралар баёни») каби китоблар шундай асарлар қаторидан жой олган.
Хитой тилида уйғурларга бағишлаб ёзилган асарлар орасида тайванлик олим Лю Йитангнинг қаламига мансуб бўлган «Вэйвуэр янжю» («Уйғурларга оид тадқиқот») номли китобни алоҳида тилга олиш мумкин. Зеро унда муаллиф ўзигача ёзилган тадқиқотларда келтирилган фикрларни умумлаштириш билан бирга қатор масалалар юзасидан ўзининг янги қарашларини ва мулоҳазаларини баён этган.
Уйғурлар тарихига тегишли хитой манбалари ва тарихий адабиётларидиги уйғурларга тегишли маълумотлар билан танишиб чиққанимизда маълум бўлдики, уларда ушбу халқнинг номи 23 дан зиёд шаклда ифодаланган. Улар қуйидагилардан иборат:
Юангэ (yuan-ge袁纥), вэйгэ (wei-ge韋纥), уху (wu-hu烏護), угэ (wu-ge烏纥), хуэйгэ (hui-ge回纥), хуэйгэ (hui-ge廻纥), хуэйгу (hui-gu廻鶻), хуэйгу (hui-gu回鶻), угэ (wu-ge烏鴿), вэйъу (wei-wu畏吾), вэйъу (wei-wu畏兀), вэйъу(wei-wu委吾), гуй-гу(gui-gu瑰古), вэйъу(wei-wu瑋兀), вайъу (waiwu外五), вэйъуер (wei-wu-er畏吾兒), хуэй (hui回), чанхуэй (chan-hui緾回), уже (wu-jie烏揭), хуже (hu-jie呼揭), ухун (wu-hun烏渾), угуан (wu-guan烏灌), уху (wuhu烏護) каби номлар экан.
Бироқ уйғур этнонимининг этимологияси масаласи ҳанузгача мунозарали бўлиб келмоқда. Шу боис ушбу мақоламизда бу масала ҳақида тўхтаб ўтишни лозим топдик.
Уйғур атамасининг луғавий маъноси ҳақида дунё олимлари ўртасида ҳар хил фикрлар мавжуд. Буларнинг бирига кўра, уйғур этноними бирикиш маъносига эга бўлган «уй» сўзига қадимий туркий тилда сўз тузишда ишлатиладиган «ғур» қўшимчасини қўшиш натижасида келиб чиққан. Бунинг исботи сифатида уйғур тилидаги «тинғур», «қурғур», «бўлғур», «ўйғонмағур» каби сўзлар келтирилади.
Бу ҳақда 1644-1664 йилларда Хоразмнинг ҳукмдори бўлган ва тарихда йирик олим сифатида ном қолдирган Абулғозихон ўзининг «Шажарайи турк» номли асарида «Уйғурнинг маъноси ёпишқур темак (муаллиф шевасидаги демак – А.Х.) бўлур. Айтурлар сут уюди. Сут эрканинда (уютилишдан аввал – А.Х.) бир-биридан айрилур. Уйиғондин сўнг айрилмас», деб ёзган. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғат-ит турк» асарида ҳам уйғур этнонимининг шунга яқин луғавий маъноси келтирилган.
Фэн Цзяшэн, Чэнг Суло, Му Гуангвэн каби уйғуршунос хитой олимлари ҳам уйғур этнонимининг маъноси уюшиш, бирлашишдан иборатлигини эътироф этганлар. Шунинг билан бирга, улар ушбу этнонимнинг «итоаткорлар» ва «бирликка суянувчилар» (гуййичжэ 归依者) маъноси бўлганлиги таъкидлаб ўтишган.
Иккинчи фикрга кўра, уйғур этноними ўғуз атамасидан келиб чиққан. Мазкур илмий нуқтаи назарнинг муаллифларидан бири европалик олим В.Томсон (V.Thomsen) бўлади. Тайванлик олим Лю Йитанг ҳам бу тахминни асосли деб ҳисоблайди. У турк тилида ёзилган уйғур хоқонларига оид битикларда «ўғуз менинг халқимдир», деган ибора кўп учрашини инобатга олиб, В.Томсоннинг «ушбу фикри шубҳасиз», деб таъкидлайди.
Учинчи фикр тарафдорлари уйғур этнонимии хўр этнонимининг олдига бирикиш маъносини англатувчи «уй» сўзини қўшиш асосида шаклланган, деб ҳисоблайдилар. Улар қадимий Хитойнинг шимолий ва ғарбий томонида яшаган барча халқларни хитойлар умумий ҳолда "ху" деб атаганини ва Тибет манбаларида уйғур атамаси «ўйхўр» деб номланишини асос сифатида қўллайдилар.
Тўртинчи нуқтаи назарга кўра, уйғур этнонимии «хузхўр» (ﺨۇﺯﺨﻭﺭ/ khuz-khur) сўзидан, яъни «ўз кучи билан ўзини боқа оладиганлар» маъносига эга бўлган сўздан келиб чиққан. Бу фикр асосчилари иккита маълумотга асосланадилар.
Буларнинг бирига кўра, Александр Македонский турклар заминига борганида, унга бош кийимига патлар таққан ва камонни нафақат олдинга қараб, балки орқа томондаги нишонга ҳам бир хил мерганлик билан ота оладиган 4 минг нафар отлиқ дуч келган. Уларни кўриб, буюк лашкарбоши «inan khuz khurand», яъни «ўз кучи билан ўзини боқа оладиганлар», деган. Ўша даврда бундай ҳислат мустақилликни, ўзини ўзи ҳимоя қила олиш қобилиятига эгаликни англатган.
Иккинчи маълумотга кўра, қадимги уйғурлар khuz сўзини aui, ui деб, khur (ﺨۇﺭ)ни эса ғур деб талаффуз этган. Шу боис «хузхўр» (ﺨۇﺯﺨﻭﺭ/ khuzkhur) уйғур (uy-ĝur)га айланган.
Бешинчи фикр тарафдорлари уйғур атамаси «Ханшу»да учрайдиган «Иву» (伊吾) топонимидан келиб чиққан, деб ҳисоблайдилар. Лю Йитанг бу фикрни асоссиз, деган хулосага келган. Бизнинг қарашимизча, ушбу олимнинг бу фикри тўғри. Чунки «Иву» маҳаллий халқ тилида Иверғул (ҳозирги Қумул) деб номланган топонимнинг хитойча транскрипциясидир.
Мазкур фикрларнинг қайси бири асосли эканлигини билиш мақсадида бирламчи хитой манбаларига мурожаат қилиб, уйғур этнонимига доир маълумотларни ўрганиб кўрдик. Бунинг натижасида биз В.Томсон ва Лю Йитангларнинг қарашлари, яъни уйғур этноними икки сўздан иборат бўлиб, унинг биринчи қисми «бирлашмоқ», «уюшмоқ», «уютиш» каби маъноларни англатувчи уй сўзидан, иккинчи қисми эса ўғуз атамасининг қисқартирилган шакли бўлмиш ғуз этнонимидан келиб чиққан деган фикрни асосли деб топдик. Хулосамизнинг исботи сифатида қуйидаги маълумотларни келтириш мумкин.
Биринчи маълумот. 1044-1060 йилларда Оу Янгшю 欧阳修, Сунг Чи 宋祁 ва бошқа сарой тарихчилари томонидан ёзилган «Шин Тангшу» (新唐书– «Танг [сулоласи]нинг янги тарихи»)да «уху [атамаси] ухэ деб номланган» (Уху зэ ухэйе烏護則烏纥也), деб аниқ ёзилган.
Ушбу маълумот 853-961 йиллар давомида ёзилган ва Ванг Пу (王溥) исмли тарихчи қаламига мансуб «Танг хуэйяо» (唐会要– «Танг [сулоласи] нинг қисқача тарихи») номли асарда ҳам келтирилади.
Иккинчи маълумот. «Шин Тангшу»нинг уйғурлар тарихига бағишланган бобида қуйидагилар ёзилган:
Юангэ [атамаси аслида] уху, угэ деб номлан-ган, Суй [сулоласи даврида (581-618)] вейгэ деб аталди» (袁纥者亦曰烏護烏纥至随曰韋纥).
Ушбу маълумотлардаги юангэ (юанхэ деб ҳам ўқилади) этноними қадим замонда ғиван-ғэт (γiwan-γət) ўқилган бўлиб, у милодий IV-V асрларда шимолда, яъни Монголия ҳудудида яшаган уйғурларга нисбатан ишлатилган. Улардаги уху этноними юангэ атамасидан анча қадимий бўлиб, у ўғуз атамасининг қадимги транскрипцияси сифатида ишлатилган. Буни оғуз атамасини ифода қилган икки иероглифнинг қадимги ўқилишидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Чунончи, ўз замонасида бу иероглифлар уғу (uγu) деб талаффуз этилган. Хитой тилининг хусусиятига кўра, ажнабий тиллардаги атамаларнинг охири ундош товуш билан тугалланган бўлса, қадимий хитойлар уларни иероглифлар билан транскрипция қилганида албатта ундош товуш тушириб қолдирилган. Уғу (uγu) атамасида айнан шу аньанани кўришимиз мумкин. Агар ўғуз этнонимидаги з товушини ифодалаш учун қадимги хитойлар зи ёки зы ўқиладиган учинчи иероглифни ишлатиш керак бўлар эди. Бу эса қатор фонетик ва технологик мураккабликни юзага келтирар эди. Энг муҳими, тарих ёзишда ишлатиладиган иероглифлар сонини кўпайтирар эди.
Учинчи маълумот. Катта бир гуруҳ хитой тарихчилари тузиб чиққан «Шиюй диминг каолу» («Ғарбий мамлакатлар топонимикасига оид тадқиқотлардан лавҳалар») номли изоҳли луғат характерига эга бўлган асарда Хэ Жянминг (何建明) исмли тарихчининг «Шюнгну минзу као» («Ҳун этносига оид татқиқот») номли асарида баён этилган хулосаси келтирилади. Унда «Хан-шунинг ҳунлар тазкирасида ёзилган уже, Танг сулоласи даврида қўлланилган хуэйхэ (回纥), уху (乌护), юанхэ (袁纥) ва буларнинг бошқа синонимлари туркларнинг тош битикларидаги биргина Oghuz этнонимининг транскрипциясидир», дейилган.
Тўртинчи маълумот. Хитой манбаларида «жюшинг угуси» («тўққиз ўғуз») ва «жюшинг ху-эйхэ / хуэйгэ» («тўққиз уйғур») атамалари учрайди. Биз ўз тадқиқотларимизда ушбу атамалар доирасига кирган қабилаларни ўрганиб, таҳлил қилиб кўрдик. Натижада,маълум бўлдики, бу атамалар уйғурларнинг 9 қабиладан иборат бўлган бир қисмига нисбатан ишлатилган. Баъзан бу 9 қабила «жюшинг тиетлэк / телэ» («тўққиз турк») деб ҳам аталади.
Бешинчи маълумот. Сўнги ярим аср давомида ҳозирги Шинжянг-Уйғур мухтор ўлкаси (тарихий Шарқий Туркистон)нинг Турфан вилоятида хитой тилида битилган ҳужжатлар топилган. Буларда уйғур номи уху (烏護), уже (烏揭) ва хуже (呼揭) шаклида ёзилган. Мазкур этник атамалар ўгуз этнонимининг хитойча транскрипцияси ҳисобланади.
Олтинчи маълумот. «Чжунгуо сичоу чжилу цидян» («Хитойча ипак йўли луғати») номли изоҳли луғатда зикр этилишича, уху (ўғузлар) 9 қабиладан (жюшин 九姓) иборат эди. Шу боис, улар цзюсин-уху (九姓乌护– тўққиз ўғуз), цзю-син-угусы (九姓乌古斯– тўққиз ўғуз) деб номланган ва Селенга дарёси атрофида яшаган. Улар туркларнинг ёзма ёдгорликларида тилга олинадиган тўққиз ўғуз (托古兹乌古斯)ларнинг джал ўзидир. Ўғузларнинг яна бир қисми бўлиб, улар угуань (乌 灌, ухуань деб ҳам ўқилади) ва угу (乌鹘, 乌骨уғу деб ҳам ўқилади) деб аталган. Булар Тангритоғ (Тян-шан)нинг Турфан (Гаочан 高昌)га яқин қисмида яшаган.
«Шинжянг лиши цидян» («Шинжянг тарихи луғати») номли иккинчи бир изоҳли луғатда қуйидагилар ёзилган:
«Уху (乌护 – ўғуз) жюшинг телэ (九姓铁勒– 9 турк) қабилаларининг биридир. У угу (乌鶻), угу (乌骨), ухэ/угэ (乌紇) шаклларида ҳам учрайди. Шарқий Жин (Дунгш-жин 东晋– 265-316) ва Ғарбий Жин (Шижин 西晋317-420) хонликлари даврида уху қабиласининг шарқий қисми Суолинг (Suoling 娑陵– ҳозирги Монголиядаги Селинга дарёси) қирғоқларига бориб яшаган. Ушбу қабиланинг Ғарбий бўлаги Тангритоғ (Тян-шан)нинг Гаочанг (ҳозирги Турфан) шимолидаги қисмида истиқомат қилиб қолган. Турк қабиласи кучайганида, бу икки бўлак уху (ўғуз)лар бирин-кетин унинг фуқаролигига ўтган. Танг сулоласи ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ғарбий уху (ўғуз) Балхаш кўли атрофи ва Сирдарёнинг қуйи оқими қирғоқларига кўчиб борган».
Мазкур луғатнинг уже (烏揭) этнонимига ёзилган шарҳда «уже [атамаси] хуже (呼揭), худэ (呼得) деб ҳам айтилади. ... У илк бор Хан императори Вэнди (文帝) даврида пайдо бўлган», деб ёзилган. Ушбу маълумотдаги Вэнди милоддан аввалги 179-162 йилларда тахтда ўтирган.
Япония олими Мацуда Ҳисао ҳам уже (烏揭), худэ (呼得), хужи (呼偈) ва хуже (呼揭) этнонимлари бир этнос номининг турли хитойча транскрипцияси эканлигини айтиб ўтган. Шубилан бирга, мазкур этнонимлар билан номлан-ганлар қадимий Хитойнинг ғарбий томонидаги Тангритоғ (Тян-шан) ва унинг атрофидаги ерларда яшаганлигини аниқлаган.
Бирламчи манбалардан келтирилган маълумотлардаги уху, Турфон ҳужжатларида учрайдиган уже, уже ва хуже атамалари ўғуз этнонимининг хитойча транскрипцияси эканлиги қатор хитой олимлари томонидан таъкидлаб ўтилган. Чунончи, тайванлик олим Лю Йитанг Турфанда топилган хитойча ҳужжатларда учрайдиган уху (烏護, қисқартирилган шакли 乌护), уже (烏揭) ва хуже (呼揭) ўғуз этнонимининг хитойча транскрипциясидир, деб таъкидлаб ўтган. Ушбу хулоса Шюе Зунгчжэнг қаламига мансуб «Туцзюэ ши» («Турклар тарихи») номли йирик асарда ва Лю Сиган томонидан ёзилган ҳамда араб графикасига асосланган уйғур тилига таржима қилиниб, нашр этилган «Уйғур Қоғонлиқи тарихи» номли китобда қайд этилган.
Албатта келтирилган маълумотлар билан танишганда хитой тили ва унинг хусусиятларидан бехабар бўлган тадқиқотчилар ҳамда китобхонларда ўғуз атамасининг хитойча ёзилиши унинг туркий талаффузидан узоқлашиб кетган деган фикрга келиши мумкин. Ўйлашимизча, бунинг иккита сабаби бўлиши мумкин. Биринчиси, хитойлар тилида “ғ” товуши бўлмаганлиги сабабли улар атамадаги “ғу” қисмини гу, гэ, хэ, же, хуан иероглифлари билан ёзишга мажбур бўлишган. Иккинчи сабаб, узоқ ўтмушда туркийлар хитойлар билан муносабатга киришганда уларга мактуб ёзгач, ўзларининг этник номларини иероглифлар билан ёзиб беришган ва бунинг учун ишлатган хитой ёзувларини ўғуз деб талаффуз этишган. Лекин турли шеваларда сўзлашадиган хитойлар улани бошқача ўқишган.
Уйғур этноними хитой манбаларида учрайдиган ху (胡) атамасидан келиб чиққан, деган фикр ҳам ҳақиқатдан узоқ эмас. Чунки ушбу иероглиф қадимда ku, γu, hu деб талаффуз этилган бўлиб, у ғуз этнонимининг хитойча ўқилиши эди. Унинг пайдо бўлган вақти хуэйхэ этнонимининг юзага келишидан анча олдинги даврга бориб қадалади. Айни замонда ХХРда уйғур тилида нашр этилган тарихий адабиётларда ху (胡) атамаси ғуз деб тўғри таржима қилинмоқда. Бинобарин, дастлабда ушбу атама қадимий Хитойнинг шимолий ва ғарбий томонида яшаган ҳамда тиек (ди) деб номланган туркларга, кейинроқ рузие (юэчжи - ўғуз) ва ҳунларга нисбатан ишлатилган. Рузиелар Амударё бўйига кўчганидан сўнг уларнинг Сирдарё жанубида яшаганлари ҳам ху деб номланган.
Рузие (юэчжи) этнонимининг келиб чиқиши ҳам ғуз ёки ўғуз атамасига бориб тақалади. У аслида «ўғуз-ер», «ғуз-ер», яъни «ўғузлар замини», «ўғузлар мамлакати» сўзидан келиб чиққан. Ушбу сўздаги ўғуз ёки ғуз эса этник ном бўлиб, у қадимги туркий тиллардаги ўгур (ögur), ўгуз (öguz), ҳозирги замон ўзбек ва уйғур тилларида «ҳўкиз», «ўкуз» сўзларидан келиб чиққан. Бу ҳайвон ўз замонасида куч-қувват рамзи бўлиб, айрим қадимий қавмларнинг тотеми бўлган. Шуларни инобатга олганимизда, уйғур этноними аслида «уйғуз» деб талаффуз этилган, кейин «з» товушининг «р»га айланиши натижасида у ҳозирги шаклига келган, деган хулоса келиб чиқади.
Лю Йитанг исмли йирик хитой тарихчисининг хулосаларига кўра, уйғур атамаси аслида бир авлоддан ташкил топган қабиланинг номи бўлган. Кейин у йириклашиб ва кучайиб, қабилалар иттифоқига айланган. Охирида бу қабилалар бир миллатни ташкил этган. Шунинг билан бирга мазкур олим В.Томсон (V.Thomsen)нинг уйғур атамаси аслида хонлик номи бўлган, кейинчалик у ўз фуқароларининг номига айланган, деган фикрининг асоссиз эканлигига амин бўлган.
Уйғур, яъни уйғуз (уюшган ўғузлар) этнонимининг пайдо бўлган вақти масаласи ҳам олимлар эътиборини жалб этиб келган масалардан биридир. Бу ҳақда кейинги мақоламизда тўхтаб ўтамиз, деган умиддамиз.
Юқорида баён этилганлар асосида хулоса қилиш мумкинки, уйғур этноними аслида «уйғуз» деб талаффуз этилган, "з" товушининг “р” га айланиши туфайли у ҳозирги шаклига келган, ғуз этноними эса ўғуз атамасининг қисқартирилган шаклидир, шунинг учун уйғур этноними уюшган ёки бирлашган оғузлар маъносини англатади деган хулоса тарихий асосга эга, деб айтиш мумкин.

____________________________________
Бизни кузатиб боринг: https://t.me/turkiston_kutubxonasi