Учқўрғон туман ҳокими А.Вахобовнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Учқўрғон туман ҳокими А.Вахобовнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан байрам табриги

Учқўрғон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Ассалому алайкум азиз юртдошлар!

Барчангизни халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги байрами билан чин дилдан муборакбод этишга рухсат бергайсизлар!

Азиз юртдошлар!

Жонажон Ватанимиз - тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳа ва тармоқларда янгиланиш жараёнлари амалга оширилаётган бугунги кунда биз учун бебаҳо неъмат бўлган мустақилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Муқаддас Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллик шодиёнаси барчамизнинг қалбимизга ифтихор бахш этаётгани шубҳасиз.

Энг улуғ ва энг азиз айёмимизни ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан кутиб олиш, "СЕН ҚУДРАТ МАНБАИ, САОДАТ МАСКАНИ, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ" бош ғояси остида ўтаётганлиги барчамизга аён.

Мустақиллигимизнинг тарихан қисқа даврига назар солсак, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида қўлга киритилган улкан ютуқларнинг гувоҳи бўламиз.

Жамият ҳаётининг кўпгина соҳалари янгиланди, иқтисодиётни ислоҳ қилишда талайгина ютуқларга эришилди, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва мавқеи мустаҳкамланди.

Ватанимиз гуллаб-яшнаб, шаҳар ва қишлоқларимизда кенг кўламда ободончилик, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари амалга оширилди.

Юртбошимиз ташаббуслари билан қишлоқларимиз инфратузилмаси ва қиёфасини ўзгартириш, замонавий уйлар қуриб, коммуникация тизимларини барпо этиш билан қишлоқ аҳолисига хеч кимдан кам бўлмаган, муносиб шароитлар яратиш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган замонавий, шинам, барча қулайликларга эга турар-жойлар қад ростламоқда.

Айни шу кунларда халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват, шафқат ва саховат туйғулари яққол намоён бўлиб, барчамизни эҳтиёжманд, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, ёлғиз кексаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжоларни обод қилиш каби савобли ишларга даъват этмоқда.

Бундай ҳайрли амаллар мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида рўёбга чиқарилаётган, инсонни азиз ва мукаррам деб билишга, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Бунда Муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан қабул қилинган ҳаётбашх қарорлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг қарорлари асосида 2020 йилда тумандаги Саноат массивида 4 та, Ўрдабоғ массивида 2 та, Қўрғонча массивида 1 та, Яшиқ массивида 1 та ва Қўғай массивида 2 та кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиши олиб борилмоқда.

Шунингдек, Жахон тараққиёти банкининг 7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари ҳисобидан Учқўрғон-Бурилма йўлининг 0-22-км.да асфальтлаш, темир бетон новлар ва ёритиш чироқлари ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси бўйича Учқўрғон туманининг комплекс ривожлантириш Дастури доирасида жами

152 та инвестиция лойиҳалари тасдиқланди.

Мазкур лойиҳаларни 2020 йилда 121 та 2021 йилда 31 тасини амалга ошириш белгиланган бўлиб, лойиҳаларни молиялаштиришга жами 1 трлн 147 млрд. сўм, шундан 350.9 млрд. сўм ташаббускорларнинг ўз маблағи, 168.2 млрд. сўм банк кредити ва

62 млн АҚШ доллари хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан сарф этилиши ҳамда

1605 нафар янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Жорий йилда туманимизга Эрон, Россия, Туркия, Хиндистон ва Сингапур давлатларидан 15 га яқин инвесторлар томонидан жами 10 та умумий қиймати 100.0 млн. долларлик хорижий инвестиция ҳисобига янги 400 нафар иш ўринлари яратиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Туманимизда балиқ етиштиришнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича тумандаги “Кинг Фиш Экспорт” МЧЖ томонидан 5 гектар ер майдонида интенсив усулда ноёб балиқ тури “форель” балиқлари етиштириш бўйича умумий қиймати 34 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Фикримни давом этирар эканман  туманда таълим, санъат ва спорт соҳасида яратилаётган шароитлар Мухтарам Президентимизнинг ушбу соҳа вакилларига бераётган катта эътибор белгисидир. Туманимизда спортчилар учун кенг шароитлар яратилган бўлиб, спортчи ёшлар Республика ва Халқаро мусобақаларда     2 та олтин, 20 та кумуш ҳамда 11 та бронза медалларни қўлга киритдилар.

Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларини 2019-2020 ўқув йилида тамомлаган 21 нафар иқтидорли ёшларимиз муддатидан олдин талаба бўлиш шарафига мушарраф бўлдилар.

Жумладан, 6-сонли Давлат ихтисослашган мактаб-интернати ўқувчиси Фазлиддинов Сайдулло муддатидан олдин бир йўла 12 та,          5-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Неъматуллаев Ислом 6 та, 23-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Мўйдинбоев Бекзодбек 5 та республикамиз ва хорижий университетларига талабаликка қабул қилиндилар.

Азиз туманимиз фаоллари!

Жорий йилда туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бир қатор ютуқларга эришилди.

Туманимиз пиллакорлари олдиларига қўйилган давлат шартномавий режасини ортиғи билан бажаришга эришган бўлсалар, ғаллакорларимиз ҳар гектар ердан 72 центнердан ҳосил кўтариб, давлатга дон сотиш шартномавий режаси ортиғи билан уддаладилар.

Ушбу эришилган ютуқлар билан туманимиз фаолларини чин қалбимдан табриклайман.

Шунингдек, пахтачилик соҳасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилиши эвазига туманимиздаги фермер хўжаликлари томонидан мўл ҳосил яратилди. Ана шу етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай давлат омборларига топширишда ва белгиланган режаларни ортиғи билан уддалашда пахта йиғим теримида иштирок этадиган барча туманимиз аҳлига авваламбор соғлик саломатлик, куч-қувват, хонадонингизга қут барака тилайман.

Ҳурматли юртдошлар!

Барчамизга маълумки, бугунги кунда дунё ҳамжамиятини хавотирга солаётган, ҳатто катта давлатларнинг ҳам иқтисодиётига таъсир кўрсатаётган “Коронавирус пандемияси” халқимизни матонати, иродаси, имон-эътиқодини имтиҳон қилиб турибди.

Шундай оғир ва мураккаб шароитда Муҳтарам Президентимиз мазкур даҳшатли офатни олдини олиш, халқимизни талофатсиз олиб чиқиш юзасидан қатор Фармон ва қарорлар қабул қилаётганлиги юртдошларимизнинг руҳини, кайфиятини янада кўтариб, эртанги ёруғ кунларга умиди ва ишончини мустаҳкамламоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишини олдини олиш, мухтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чораларни амалга ошириш вазифалари белгилаб берилди.

Бунда ҳудудларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқланиб, шакллантирилган рўйҳатлар асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Ҳукуматимиз ва саховатпеша тадбиркорлар томонидан эхтиёжманд аҳоли ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз Мустақилликка эришгандан буён ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлардан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Мустақиллигимизни асраб-авайлаш, тинчлик ва осойишталиги, барқарорлигини таъминлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ҳурматли юртдошлар!

Сўзимни якунлар эканман яна бир бор туманимиз аҳолисини мустақиллигимизнинг  29 йиллик байрами билан табриклайман. Барчангизга тан-сиҳатлик, бахт-саодат тилайман.


Report Page