Учқўрғон МТБ:100 ҚУВВАТ ПЛЮС, 100 ҚУВВАТ! 

Учқўрғон МТБ:100 ҚУВВАТ ПЛЮС, 100 ҚУВВАТ! 


Туманнинг  “Файзобод” маҳалласида жойлашган 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам ташкилотнинг тубдан янги қурилган биносини фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўтган асрнинг эллик еттинчи йилида фаолият бошлаган мазкур ташкилотнинг собиқ биноси, бор-йўғи 90 қувватга эга эди. Боз устига, қарийб 65 йиллик бинодаги эскириш, шароитсизлик кун сайин ортиб бораётган эди.

Туман ҳокими ташаббуси ва саҳоватпеша кишиларнинг мадади билан мазкур гўшада 3 миллиард сўмлик иш бажарилди. Натижада қисқа фурсатларда 100 қувватга эга бўлган замонавий мактабгача таълим ташкилоти бунёдга келди ва байрам шодиёналари арафасида ушбу янги маскан болажонларга туҳфа этилди.

Ҳозирда, ташкилотда яна 100 ўринли қўшимча бино қад ростламоқда. Демак, тез орада 28-сонли ДМТТ 200 ўринли ташкилотга айланади. Табиийки, ушбу омил эвазига туманнинг қамров даражаси сезиларли даражада ортади. Энг муҳими, “файзабод”лик болажонлар замонавий шарт-шароитларга эга бўлган даргоҳнинг дастлабкисида таълим-тарбия эгаллаш имконига эга бўлдилар.

– Набираларим шу боғчага қатнай бошлашди, – дейди Абдужаббор Набиев. – Боғча уйимизга яқин. Мана энди замонавий тус олди. Шароитлари яхшиланди. Яратилган имкониятларни кўриб баҳри-дилимиз очилди. Фарзандларимизнинг эртанги кунига бўлган ишонч янада ортди.

Очилиш тадбирида туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари, маҳалла аҳли, нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирок этишди.

Вилоят МТБ Ахборотхизмати




Report Page