УЗУМ ШОДАСИ

УЗУМ ШОДАСИ

Ёзувчи: Абдул Муътий Долотий / Таржима: Усмон Маҳмуд


Тоиф аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказган озори ортидан У Зот узум дарахти остидан бошпана топиб, унинг соясида Роббиларига муножот қилдилар. Боғнинг ходими Аддос бир шингил узум олиб келиб, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга тортиқ қилди. У Зот “Бисмиллаҳ”, дея қўл узатдилар. Шунда Аддос: “Ахир бу ерликлар бундай гап айтмайди”, деб таажжубланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен қаерликсан, эй Аддос?”, дея сўрадилар. У: “Мен Найнаволикман”, деб жавоб берди. У Зот: “Солиҳ зот Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?”, дедилар. Аддос: “Сиз Юнус ибн Маттони қаердан танийсиз?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У менинг биродарим. У пайғамбар эди, мен ҳам пайғамбарман”, дедилар. Шунда Аддос У Зотнинг қўлларидан тутиб, шаҳодатининг изҳори ўлароқ уни ўпди. 

Шеър:

كانَ عُنقـوداً ندِيّـا

رائعَ الحَـبِّ ، شهِيّا

قد تَحَلّى .. وتَدَلّـى

مُشرقاً مثلَ الثريّا

لم يكنْ يَحسَبُ يوماً

أنْ يكونَ القِطْفُ شَيّا

غيرَ عُنقودٍ سيُجنى

ثم يُطوى الذِّكرُ طَيّا

قال عَدّاسُ الكريـمُ

أيّها القِطفُ ! إِلَيّا

زارَنا ضيفٌ عظيمُ

وجهُهُ طَلْقُ المُحيّا

قُمْ بنا نَسعـى إليـهِ

نَرتوي بالنّور ريّا

نَرتمي بيـن يديـهِ

قُمْ بنا نسمو سويّا

أيها العنقودُ ! هيّـا

نَدخلِ التاريخَ .. هيّا

لم نكنْ نحلُمُ يومـاً

أنّنا نلقـى النبيّا!

Бор эди нафис бир узум шодаси, 

Осилиб турарди иштаҳа очиб. 

Юлдуздек ёрқин эди ҳар донаси,

Ялтирарди атрофга нурин сочиб.


Ҳеч ҳаёл ҳам қилмаган эди бир кун, 

Ўзгача тақдири бор деб дунёда.

Шунчаки ейилиб йўқ бўлмоқ учун,

Келмаган, балки у турфа бир шода.


Аддос деди бир кун: қани кел буён, 

Шошилгин, ахир бахтинг кулди бугун. 

Бизга ташриф буюрди улуғ меҳмон, 

Чеҳраси ойдек порлоқ, юзи гулгун.


Юр, бориб, нуридан оламиз баҳра,

Бағрига отайлик руҳ-у жисмимиз.

Бу не олийлик, не шараф, бир қара,

Тарихга киради бизнинг исмимиз.


Эй шода! Бахтимиз бўлди-ку зоҳир,

Кўнгил масрур, тўлди бугун сафога.

Етти ухлаб туш кўрмагандик ахир,

Йўлиқурман деб ҳазрат Мустафога!


Шу билан Аддоснинг узум шодаси тарихдаги энг бахтиёр шодага айланди…

Шу билан Аддос тарих таниган энг покиза, энг тақводор ва энг соф насл ҳисобланмиш саҳобаи киромлар қаторида саналадиган бўлди…

Мен бу воқеани қишдаги Рамазон кунларидан бирининг аср вақтида яшадим. Руҳим билан қаламни тутдим, илҳом тўлқин бўлиб оқиб, сиёҳдан парда кўтарилди. Шеърни ёзган онимда узум донасига бўлган кучли ташналикни ҳис қилдим. Ҳимс бозорларини кездим-у, бироқ шаҳарнинг бирорта бозоридан топа олмадим. Унинг ширинлигиги ташна ҳолда қолиб кетдим. Мавсум ортидан мавсум келди. Бироқ, ҳали ҳануз узумзорларнинг барча узумлари менинг бу ташналигимни қондира олмади. Эҳҳ… қанчалар ширин эди У Зоти муборакнинг оғизларида эриб кетган доналар..! У Зотга Аллоҳнинг салом-у саловатлари бўлсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни Жаннат токларининг узум шодалари соясида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа жамики Пайғамбарлар билан жамласин… Менга эса ўшанда узум донасини узиш насиб этсин..!


Ёзувчи: Абдул Муътий Долотий / Таржима: Усмон Маҳмуд


Report Page