ЎЗРТХБ МОБИЛЬ ТЕЛЕФОН РАҚАМЛАРИНИ СОТИШ БЎЙИЧА ЯНГИ САВДО ПЛАТФОРМАСИНИ ИШГА ТУШИРМОҚДА

ЎЗРТХБ МОБИЛЬ ТЕЛЕФОН РАҚАМЛАРИНИ СОТИШ БЎЙИЧА ЯНГИ САВДО ПЛАТФОРМАСИНИ ИШГА ТУШИРМОҚДА

Пресс служба

2019 йил 4 июндан бошлаб “ЎзРТХБ” АЖ чиройли сонлар комбинациясига эга уяли телефон рақамларини сотиш бўйича янги савдо платформаси ва mobilraqam.uzex.uz вебсайтини тест режимида ишга туширди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 августдаги 249 - сонли “Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг-ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорига мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖ ва «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) ўртасида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг ахборот тизимида пуллик абонент рақамларини сотиш бўйича шартнома тузиш ҳуқуқини берувчи электрон аукционни ташкиллаштириш тўғрисида келишув имзоланган эди.

Мобиль рақамларни сотиш бўйича онлайн-аукцион очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида mobilraqam.uzex.uzвебсайти орқали амалга оширилади. Аукцион предмети деб сонларнинг чиройли комбинациясига эга абонентнинг уяли телефон рақамидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш белгиланган.

Мобиль телефон рақамларини сотувга қуйилиши сотувчи, яъни «COSCOM» МЧЖ (Uсellтм) уяли алоқа оператори томонидан “ЎзРТХБ” АЖнинг ахборот тизимидаги шахсий кабинет орқали ҳафтанинг иш кунларида соат 10-00 дан 17-00 гача амалга оширилади.

Ҳар бир лотнинг спецификацияси ва сотувга қуйилаётган ҳар бир рақамнинг тафсилотлари сотувчи томонидан белгиланади. Шу билан бирга, иштирокчиларнинг тоифаси (юридик ёки жисмоний шахс), сонларнинг чиройли комбинациясига эга абонентнинг уяли телефон рақами, лотнинг бошланғич нархи ва рақобатли тартиботнинг якунлаш муддати аниқ кўрсатилиши шарт.

Иштирокчилар (юридик ёки жисмоний шахслар) онлайн-аукционда қатнашиш учун mobilraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн рўйхатдан ўтишлари керак. Харидор Woy-Wo электрон тўлов тизими орқали биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига (ҲКП) гаров маблағларини қуйиши керак. Харидор томонидан киритиладиган закалатнинг миқдори рақамнинг бошланғич баҳосидан 10%ни ташкил қилади. Битимлар бўйича барча ҳисоб-китоблар биржанинг ҲКП орқали юридик шахсларнинг нақдсиз тўловлари ва жисмоний шахсларнинг пластик карталари асосида амалга оширилади.

Аукцион онлайн-режимда бошланғич нархларни кўтарилиш тартибида буюртмалар берилган пайтдан бошлаб камида икки иш куни муддати давомида ўтказилади. Савдо жараёнида харидорлар энг яхши нархдан юқори даражадаги чекланмаган миқдорда таклифларини беришлари мумкин. Берилган ҳар бир янги нарх таклифи аукционни қўшимча 10 дақиқага узайтиради. Бир вақтнинг ўзида сотувчи ким ошди аукцион муддатини узайтиришга ҳақлидир.

Ўз навбатида, савдо иштироклари аукционлар ўтказилаётган пайтда келиб тушаётган барча нарх бўйича таклифларни эркин кузатиб боришлари мумкин. Энг юқори нарх берган харидор электрон тизим томонидан автоматик тарзда аниқланади ва савдо ғолиби сифатида белгиланади. Аукцион якунланганидан сўнг биржанинг ахборот тизими тузилган битимни рўйхатга олади ва харидордан комиссия тўловини ечиб олади. Биржа хизмати учун тўланадиган комиссион йиғим тузилган битим нархидан 3% миқдорида белгиланган.

Савдо якунланиши билан аукцион ғолиби тузилган битим рўйхатга олинган пайтдан бошлаб беш иш куни мобайнида ҲКПдаги ўзининг ҳисоб рақамига битим бўйича тўловларни тўла миқдорда ўтказиши шарт. Сотувчи мобиль алоқа хизмат кўрсатиш шартномасини сотувчи томонидан белгиланган тартибда тузади.

Иштирокчи битимдан бош тортса ёки тўловларни ўз вақтида ўтказмаса, битим бекор қилинади, ва биринчи ғолибдан кейинги энг юқори нарх таклиф қилган навбатдаги иштирокчи аукцион ғолиби сифатида эътироф этилади. Биринчи ғолибнинг закалати эса жарима сифатида ундирилади.

Молиявий мажбуриятлар тўлиқ қопланган санадан бошлаб 10 кун мобайнида расмийлаштириш харидорнинг айби билан таъминланмаган тақдирда, тузилган битим қийматидан 50% шартнома мажбуриятлари бажармаганлик учун жаримага тортилади, қолган қисми эса харидорга қайтарилади. Ушбу талаблар биржада тузилган битимларни қатъий шартнома тартибини таъминлаш учун қўлланилади.

“Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖнинг ахборот тизимида пуллик абонент рақамларини сотиш бўйича шартнома тузиш ҳуқуқини берувчи электрон аукционни ўтказиш қоидалари” билан биржанинг расмий вебсайти www.uzex.uz ва мобиль рақамларни сотиш бўйича жорий этилган mobilraqam.uzex.uz янги вебсайтида танишиб олишингиз мумкин.

Мобиль рақамларни сотиш бўйича ўтказилаётган онлайн-аукционда иштирок этиш масалалари юзасидан саволлар билан UZEX и Ucell компанияларнинг Call-марказларига мос тарзда қуйидаги телефон рақамлар орқали мурожаат қилишингиз мумкин (+99871) 207-00-33 и (+99893) 180-00-00.