UZEX ҳафталик дайжести (10 январь – 16 январь)

UZEX ҳафталик дайжести (10 январь – 16 январь)

“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими

Ўтган ҳафта давомида, яъни 10 январь – 16 январь кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 1 947,6 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 34,5% га ортиқдир. Бунда сотувларнинг 91,8% - биржа савдолари; 0,1% - кўргазма-ярмарка савдолари; 7,5% - электрон давлат харидлари ва 0,6% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 668,2 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 14,3 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 4 602 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 10,7 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 5,1% биринчи тоифадаги авторақамларга; 9,8% иккинчи; 8,3% учинчи; 13,0% тўртинчи; 20,4% бешинчи ва 43,4% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 788,1 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Қора металл

Ўтган ҳафтада биржа савдоларига 27 154,0 тонна қора металл қўйилди ва улардан 17 352,0 тоннаси, яъни 63,9% қисми сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 163 харидор иштирок этди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 3 470,4 тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча маркадаги қора металлнинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 9 287,2 минг сўмдан 9 261,3 минг сўмгача пасайганини таъкидлаш лозим.

Кўмир

Биржанинг кўмир бозорида ҳам нархлар пасайиши қайд этилди. Ҳафта давомида биржа савдолари орқали 4 544,0 тонна кўмир сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 8 харидор иштирок этди.

Кўриб чиқилаётган даврда кўмир бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 261,2 минг сўмдан 250,2 минг сўмгача, яъни 4,2%га пасайган.

Техник чигит

Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 19 137,0 тонна техник чигит қўйилди ва улардан 18 075,0 тоннаси, яъни 94,5% қисми сотилди. Маҳсулотнинг ўртача кунлик сотув ҳажмлари 3,6 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда техник чигит бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 4 070,2 минг сўмдан 3 975,6 минг сўмгача, яъни 2,3% га пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 31 харидор иштирок этди.

Report Page