“UZAUTO MOTORS” ОАВ ВАКИЛЛАРИ ВА ОЛИЙ МАЖЛИС ДЕПУТАТЛАРИ УЧУН ПРЕСС-ТУР ЎТКАЗДИ

“UZAUTO MOTORS” ОАВ ВАКИЛЛАРИ ВА ОЛИЙ МАЖЛИС ДЕПУТАТЛАРИ УЧУН ПРЕСС-ТУР ЎТКАЗДИ


2021 йил 2 март, Тошкент–Асака

Бугун, 2 мартда “Uzauto Motors” компанияси ОАВ вакиллари учун ташкил этган пресс-турнинг биринчи куни якунланди.

Биринчи кун давомида компания меҳмонлари компаниядаги янгиликлар ва ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш борасидаги ишлар билан танишдилар.

2021 йил март ойида компания корхонани бошқаришнинг замонавий SAP S/4HANA тизимини жорий этди.

SAP S/4HANA – бу ERP-тизим бўлиб, йирик корхоналарга мўлжалланган ресурсларни режалаштириш учун дастурий пакетдир. Янги тизимга ўтиш компания мослашувчанлиги, самарадорлиги ўсиши ва харажатларини тежаш имконини беради, шунингдек етказиб бериш занжирини оптимизациялайди. Компаниянинг амалда барча бизнес-жараёнларини қамраб олувчи бу тизим такрорланувчи топшириқларни бажаришдан халос бўлиш, мураккаб бизнес-жараёнларни оптимизациялашга қодир ҳамда барча миқёслардаги жараёнлар, жумладан автомобилларни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва бутловчилар логистикаси жараёнлари, тайёр маҳсулот реализациясини тўлиқ автоматлаштириш имконини беради.

Аввалда жорий этилган тузилган шартномалар навбатига мувофиқ автомобилларни тақсимлашни автоматлаштириш дастури баробарида, SAP S/4HANA бу жараённи мутлақо янги боқичга олиб чиқади – унда инсон омили таъсири бутунлай истисно қилиниши таъминланади, бу эса, компанияга мижозлар эътиборига хизмат кўрсатишнинг буткул янги даражасини ҳавола этиш имконини яратади.


“Uzauto Motors” компанияси, истеъмолчилар нимани афзал кўришларини аниқлаш мақсадида, 2020-2021 йилларда ўз мижозларига Спарк, Нексия, Кобальт ва Лассетти моделларидан ташқари, “Chevrolet” русумидаги бошқа автомобилларни ҳам харид қилиш имконини бермоқда. Бундай изланишлар натижасида ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда ўзлаштириш мумкин бўлган B ва SUV-B сегментида барқарор талаб борлиги аниқланди. Ушбу сегментлардаги янги моделлар – Chevrolet Tracker ва Onix меҳмонларга намойиш этилди.


 Ушбу моделларни ўзлаштириш учун инвестицияларнинг ҳисоб-китобдаги ҳажми 500 млн АҚШ долларига тенг, бунга двигателлар ишлаб чиқаришни “UzAuto Motors Powertrain” АЖ базасида маҳаллийлаштириш ҳам киради. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш доирасида янги авлод бензинли двигатели – CSS Prime (1.2L/1.2L Turbo, қуввати – 131 о.к.) ўзлаштирилмоқда. Ушбу двигатель General Motorsнинг энг янги ишланмаси саналади – у энг тежамкорроқ, экологик тоза ва қудратлироқ двигателардан бўлиб, бутун дунёдаги GM моделларини ишлаб чиқаришда кенг жорий этилган.

Шу билан бирга, меҳмонларга автомобилларнинг янги нархлари, шунингдек яқин келажакда сотувга чиқадиган жорий моделлар учун жорий этиш режалаштирилаётган янги опциялар тақдим этилди.

Шу билан бир қаторда, чиқарилаётган моделлар таннархини пасайтириш ва маҳаллийлашувини кенгайтириш устидаги ишлар ҳам узлуксиз олиб борилмоқда. Бу йўналишда компания томонидан жиҳозларни Кореядан Ўзбекистонга кўчириб келиш бўйича кенг кўламли ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Кўчириб келтириш (трансфер) бу йилнинг ўзида 200 дан зиёд номдаги бутловчи деталларни маҳаллийлаштириш ва маҳсулот таннархини йилига 100 млн. долларга пасайтириш имконини беради.

Пресс-турнинг давомида меҳмонлар “савол-жавоб” форматида компаниянинг жорий ишлаб-чиқариш-хўжалик фаолияти билан танишдилар. Чунончи, масалан, ўтган йилги COVID-19 пандемияси жаҳон автомобиль саноатига яримўтказгичли маҳсулотга эҳтиёжни қондириш борсида салбий таъсир кўрсатмоқда.

Пандемия даврида турли гажетлар ва электрон техникага бўлган талабнинг ўсганлиги бутун дунёда ярим ўтказгичлар бўйича сезиларли танқисликни юзага келтирди. Чиплар етказиб беришдаги узилишлар ва логистика занжирларининг бузилиши аллақачон қатор автозаводларнинг ёпилишига сабаб бўлди, улар коронавирус локдаунлари бошланишида, 2020 йил бошида микропроцессорлар харидини максимал қисқартирган эдилар.

Замонавий автомобилларнинг аксариятида ўнлаб микросхемалар ишлатилади, айрим ҳолатларда улар сони 150 тагача боради. Чиплар, амалда, давигателнинг ишлаш режимидан то навигация тизимларигача – барча жиҳатлар учун жавоб беради. Афсуски, глобал муаммо “Uzauto Motors” АЖ компаниясига ҳам, жумладан 2021 йил иккинчи чораги ишлаб чиқариш режаларига таъсир кўрсатмай қолмади.

Ушбу вазиятни GM президенти ва стратегик бозорлар, альянслар ва дистрибьюторлар бўйича бошқарувчи директори Кристиан Соммер ҳам шундай шарҳлади:

“GM глобал етказиб бериш тизими бошқаруви етказиб берувчилар билан уларнинг яримўтказгичлар соҳасидаги талаблари учун ечим топиш ва GM ҳамда шерикларимиз, жумладан UzAutoMotors учун таъсирини юмшатиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилади”,- қайд этди у. “Ниятимиз ҳар бир корхонада имкон қадар кўпроқ ишлаб чиқариш йўқотишларининг ўрнини тўлдиришдан иборат. Ҳозирда биз вазият шу йилнинг иккинчи ярмидаёқ барқарорлашувига аминмиз”.

Шу билан бирга, компания матбуот хизматида қайд этдилар: SAP тизимининг асосий босқичи якунлангани сабабли, “Uzauto Motors” АЖ сотуви 12 февралда тўхтатилган Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларига контрактацияни жорий йил 3 мартдан яна йўлга қўяди.

Бироқ, жаҳон автомобиль ишлаб чиқаришнинг ярим ўтказгичли бутловчи қисмларга талабининг тўлақонли қондирилишидаги вақтинчалик чекловлар тўғрисидаги мавжуд ахборот инобатидан, ишлаб чиқариладиган автомобилларни етказиб бериш муддатлари 1-2 ойга чўзилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу вазиятни шарҳларкан, Асака автозаводи раҳбарияти қуйидагиларни қайд этди:

“Ярим ўтказгичлар борасидаги вазият “UzAutoMotors” АЖ ва General Motors раҳбарияти назоратида бўлиб, бу глобал микросхемалар танқислиги вазиятидан минимал йўқотишлар билан чиқиш, шунингдек олдин тузилган шартномалар бўйича харидорлар олдидаги барча мажбуриятларни бажариш имконини беради.

Компания истеъмолчиларимиз учун глобал инқирознинг оқибатларини юмшатиш борасида бор имкониятларни ишга солади. Янги контрактлар бўйича олинган маблағлар автомобилларнинг узлуксиз ишлаб чиқарилишини таъминлаш учун хом ашё ва бутловчи қисмлар харид қилишга йўналтирилади, заводни ҳеч қандай тўхтатиш режалаштирилмаган. Бунда яримўтказгичлардан ишлаб чиқариладиган деталлар авиатранспорт орқали етказиб берилади ва етиб келишига қараб тайёр автомобилларга ўрнатилади”.

Микропроцессорларни етказиб бериш билан боғлиқ вазият ривожи тўғрисидаги янгиликлар мунтазам равишда Uzauto Motors расмий ресурсларида ёритиб борилади.   


Report Page