УСТОЗ ОФТАЛЬМОЛОГДАН - МАҲОРАТ САБОҚЛАРИ
Аввал хабар берганимиздек, Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Қашқадарёдаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига раҳбар сифатида 6 ой муддат давомида бириктирилган, республиканинг нуфузли тиббиёт марказларидан келган, юқори илмий салоҳиятга эга бўлган малакали мутахассисларнинг амалий ёрдами ҳудудларда соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай мутахассислардан бири, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий маркази директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Воҳид Розукулов Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасига бириктирилган. У тиббиёт бирлашмасидаги ташкилий тадбирлардан ортиб, вилоятдаги кўз шифокорларига мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга оширишда ҳам яқиндан амалий кўмак бериб келмоқда.
Кеча В.Розукулов вилоят кўз касалликлари шифохонасида жами 8 нафар беморда факоэмульсификатор ёрдамида “маҳорат дарси” тарзидаги мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказди. Беморларнинг 4 нафарида мазкур операциялар имтиёзли тарзда амалга оширилди.
-Воҳид Розукулов шифохонамизга ўтган йилда келтирилган факоэмульсификатор, яшил лазер ускунаси, ОСТ кўз томографияси сингари замонавий ва ноёб тиббий ускуналар орқали беморларимизга аниқ ташхис қўйиш, даволаш, жарроҳлик амалиётларини ўтказиш сирларини шифокорларимизга мунтазам равишда ўргатиб келмоқда, - дейди шифохона бош шифокори Иброҳим Очилов. - Малакали мутахассиснинг 6 ой давомида вилоятимизда фаолият олиб бориши узоқ туманлардаги беморларимизни пойтахтга овора бўлиб бориш ташвишларидан қутқарса, воҳадаги шогирдларининг унинг бой тажрибасидан баҳраманд бўлишида қўл келмоқда.
Бундан ташқари шу куни В.Розукулов томонидан 15 нафар беморда амбулатор шароитда тиббий кўрик ўтказилиб, керакли маслаҳатлар берилди.
📝 Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.
👉 @qashqadaryo_ssb