«УСТОЗ», «МУАЛЛИМ», «ДОМЛА», «ПРОФЕССОР» — БУ СЎЗЛАРНИНГ АСЛ МАЪНОСИ НИМА?[1]

«УСТОЗ», «МУАЛЛИМ», «ДОМЛА», «ПРОФЕССОР» — БУ СЎЗЛАРНИНГ АСЛ МАЪНОСИ НИМА?[1]

 

Дарё уз (daryo.uz) каналида Ориф Толибнинг «Устоз», «муаллим», «домла», «профессор» — бу сўзларнинг асл маъноси нима?, деган мақоласи эълон қилинган экан. Бунда жуда ибратли маълумотлар берилганлиги менинг диққатимни тортди. Таълим соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассислар бир неча номлар билан аталади. Уларнинг келиб чиқиши, этимологияси турлича, албатта. Ушбу мақолани ўқиб кўплардан сўрадим. Кўрганимиз йўқ дейишди. Кейин ўқитувчидан, профессорлардан бу сўзларнинг маъносини сўрасам, бирортасидан аниқ луғовий маъносини яхши англамаганлигига гувоҳ бўлдим. Шу туфайли Ориф Толибнинг ушбу сўзларга берган маънолари ҳақида тўхталишни мақсадга мувофиқ, деб топдик. Чунки Мен шу соҳада фаолият кўрсатаман ва касбдошларимга ҳам етиб боришини истаб юқорида номи зикр этилган муаллифнинг фикрларини тарқатишга жазм қилдим. Ким бундан манфаат топса, ундан келадиган савобларни Ориф Толибга тегишини яратгандан сўраб қоламан.

  Устоз – уста деган сўз. Устоз сўзи тилимизга форсчадан кириб келган бўлиб, у уста сўзи билан ўзакдош экан. Аслиятда муаллим, уста маънолари ишлатиладиган бу сўз ўзбекчада икки хил маънода қўлланади:

1. Касб, ҳунар, илм ва шу кабиларни ўргатувчи; ўқитувчи, муаллим.

Устозидан сабоқ олган, аудиторияларда бўладиган баҳслар ва жиддий машғулотларда қатнашган талаба бўшаган заҳоти иккинчи уйи – ётоқхонага шошилади. Газетадан.

  2. Йўл-йўриқ кўрсатувчи, тарбияловчи, мураббий; раҳнамо, ўқитувчи, муаллим. Шундай қилиб, китобни кўтариб, минг истиҳола билан устоз Миртемирга яқинлашдим. Газетадан.

Бу сўз устод шаклида ҳам қўлланади, лекин бу шакл ҳозир эскирган.

  Муаллим – илм берувчи дегани. Муаллим сўзи араб тилидан олинган, илм, таълим, олим сўзлари билан ўзакдош. Ўзбек тилида ушбу сўз ҳам икки хил маънода қўлланади:

1. Дарс берувчи киши; ўқитувчи, педагог: математика муаллими, мусиқа муаллими, университет муаллими. Фиқҳдан таълим берувчи муаллимнинг маоши 300 дирҳамни ташкил этган. «Фан ва тумуш».

  2. Таълим берувчи, бировга бирор нарса ўргатувчи киши; устод, усто.  Бугун муаллим сўзи жонли тилда кам қўлланади. Оғзаки услубда малим шаклида ишлатилганига гувоҳ бўламиз.

  Домла – катта ўқитувчи. Домла сўзининг этимологияси ҳақида турли қарашлар бор. Сўзнинг тўлиқ шакли – домулла. Халқ тилида ана шу тўлиқ шакли ҳам ишлатилиб туради. Изоҳли луғатга кўра, форс ва ҳинд тилларидаги сўзлардан ҳосил бўлган додо ва арабча мулла сўзлари бирикишидан ҳосил бўлган. Додо – ота, катта; мулла эса ўқимишли, тақводор одам маъносига эга. Яъни домулла – катта ўқитувчи, бош муаллим.

Миллий энциклопедияга кўра, бу сўз эски мактабларда ўғил болаларга таълим-тарбия берган зиёлилар; масжид имом-хатиблари; олий ва ўрта махсус ўқув юртларида дарс берувчилар; бирор соҳада обрў-эътибор қозонган, илғор дунёқараши, эътиқоди ва бошқа фазилатлари билан ўзгаларга намуна бўладиган кишиларга нисбатан ишлатилади.

  Ўқитувчи – соф ўзбекча атама. Ўқитувчи сўзи домла, муаллим, устоз, мураббий каби сўзлар қаторида соф ўзбекча экани билан ажралиб туради. У фан, тарбия асосларидан бирини ўқитадиган, дарс берадиган кишини англатади.

Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида, мактабларда дарс берадиган мутахассисларнинг расмий лавозими ҳам айнан ўқитувчиликдир:

Жисмоний тарбия ўқитувчиси унга «сендан яхши спортчи чиқади», деган. Ў. Ҳошимов, «Қалбингга қулоқ сол».

  Мураббий – тарбиячи деган маънода ишлатилади. Мураббий араб тилидан олинган, тарбия сўзи билан ўзакдош. Ўзбек тилида тарбиячи, раҳнамо, спорт тренери каби маъноларда ишлатилади:

Мураббий – бола қалбида ниш ура бошлаган умид ғунчаларининг меҳрибон соҳибидир. М. Усмонов, «Одобнома».

Хосиятхон фақат Назиранинг устозигина эмас, қанчадан-қанча қиз-жувонларнинг мураббийси. Ё. Шукуров, «Марғилон гўзали».

У ўз жамоси билан жуда кўп совринларни қўлга кирита олган мураббийдир.

Мамлакатимизда энг яхши мураббийлар учун «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони таъсис этилган.

  Мударрис – дарс берувчи маъносини англатади. Мударрис сўзи араб тилидан кирган бўлиб, дарс, мадраса сўзлари билан ўзакдош. Мадрасада дарс берувчи кишини, мадраса ўқитувчисини билдиради. Ҳозир ҳам диний таълим муассасалари, жумладан, мадраса муаллимлари мударрис деб аталади. Бу сўз олдинлари тилда фаол қўлланилган:

Катта амакиси Бухоронинг «Хўжа Порсо» мадрасасининг мударриси бўлиб, Абдураҳмон шу кишининг тарбиясига келган эди. А. Қодирий, «Меҳробдан чаён».

  Педагог – қадимги атама. Бу сўзнинг илдизи қадимги юнон тилидаги пайдагогос иборасига бориб тақалади. Бола етакловчи маъносига эга бу атама дастлаб болага илк таълимни берувчи ва унга ғамхўрлик қилувчи қулларга нисбатан ишлатилган. Қадимги Афинада бола етти ёшга етгач, педагог тарбиясига берилган. У боланинг саводини чиқарган. Жисмоний ва руҳий хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ҳам педагог зиммасига юклатилган. Педагог болани мактабгача кузатиш ва олиб келиш, ҳамиша унинг ёнида бўлиш мажбуриятини олган.

Педагог сўзи педиатр сўзи билан «қариндош». Педиатр болалар саломатлиги бўйича мутахассисдир.

Педагог сўзи дастлаб лотин тилига, ундан француз тилига ўтган. XVIII асрда рус тилига кириб келган ва кейинчалик ўзбекчага ўзлаштирилган.

Ҳозирги ўзбек тилида педагог сўзи педагогика соҳаси мутахассиси; болалар ва ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш билан шуғулланувчи, шу соҳа бўйича махсус тайёргарликка эга бўлган шахс, ўқитувчини англатади:

Педагогнинг вазифаси юксак, мураккаб ва олийжанобдир. «Фан ва турмуш».

  Тьютор – мураббий демак

Тилимизда охирги бир йил ичида пайдо бўлган бу атама талабаларнинг маънавий ва ижтимоий ҳолатини доимий равишда таҳлил қилиб борувчи, мавжуд муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи мутахассисни англатади.

Тьютор – инглизча сўз. Инглиз тилига лотин тилидан қадимги француз тили орқали ўтган. Тахминларга кўра, бу сўзнинг илдизи санскрит тилига бориб тақалиши мумкин.

Тьютор замонавий инглиз тилида устоз, мураббий, хусусий таълим билан шуғулланувчи мутахассис маъноларида қўлланади.

Ўзбек тилида олий таълим муассасаси ходимини англатади. У талабаларнинг қизиқишлари, дарсдан кейинги машғулотлари, яшаш шароитлари каби масалалар билан шуғулланади. Бу мазмунни ўзбек тилида шу пайтгача қўлланиб келаётган мураббий сўзи бемалол бера олади. Фикримча, тилимизда тайёр сўз турган пайтда яна янги атама қидириш мутлақо ортиқча.

  Профессор – халқ ўқитувчиси. Профессор сўзи лотинчада оммавий ўқитувчи, халқ ўқитувчиси деган маънони англатади. Унинг ўзаги profiteri – очиқ айтмоқ, эълон қилмоқ, ошкор гапирмоқ феълига бориб тақалади.

Профессор олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтларидаги юксак малакали илмий ходимларнинг илмий унвони ёки лавозимидир. Дастлаб XVI асрда Оксфорд университетида расмий мақом сифатида татбиқ этилган.

Профессор сўзи ўзбек тилига рус тилидан ўтган. Рус тилига XVII–XVIII асрларда немис тилидан кирган.

Биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратдир. У 1926 йили ана шу илмий унвонга эга бўлган.

┈•┈•❁•┈•┈

Ориф Толиб. «Устоз», «муаллим», «домла», «профессор» — бу сўзларнинг асл маъноси нима? Мавзусидаги мақоласи асосида тайёрланди.

Тўпловчи: Мамаюнус Пардаев – СамИСИ профессори, и.ф.д.

 


[1] Ориф Толиб. «Устоз», «муаллим», «домла», «профессор» — бу сўзларнинг асл маъноси нима?.  https://daryo.uz/k/2022/10/01/ustoz-muallim-domla-professor-bu-so%25ca%25bbzlarning-asl-ma%25ca%25bcnosi-nima/?utm_source=@daryo_kirill. 1.10.2022.



Report Page