УРЧУҚ ЙИГИРИБ, БАХТ ТЎҚИДИМ

УРЧУҚ ЙИГИРИБ, БАХТ ТЎҚИДИМ


105 ёшида дунёдан ўтган аммамиз­нинг тутдан ясалган урчуғи бўларди. У ип йигирганида кўз олдимизда курраи замин айланаётгандай бўлиб, урчуқнинг чириллаган овозидан завқимиз ошарди. Аммам урчуғини асраб-авайлаб, ёш болаларга ҳеч ушлатмасди. Биз опа-сингиллар унинг кўзини шамғалат қилиб, ўзимизча урчуқ йигиришга уринардик, – дейди Сайхунобод тумани, «Паймард» маҳалласида истиқомат қилувчи таниқли ҳунарманд Асиба Ботирова. – Онам­нинг бошқирдистонлик курсдоши бўларди. У бизга қутида тивит жунини жўнатарди. Онам ана шу тивитдан рўмол, пайпоқ тўқиб берарди. Маҳалламиз аёлларининг ҳаммаси ҳам урчуқ йигиришни яхши билар, билмаганлари нўноқ ҳисобланарди. Онам ва аммамдан кўриб мен ҳам бу ҳунарга қизиқдим. 

Ўрта мактабни тугатиб, ўқишга кира олмадим. Отам сополдан урчуқбоши ясаб бердилар. Қиши билан шу урчуқда иккита гилам учун ип йиги­риб қўйибман. Биринчи тўқиган гиламчамни акамга совға қилганман.

Урчуқда йигирилган ипнинг мустаҳкамлиги йигирувчининг маҳоратига боғлиқ. Иплар ингичка йигирилиб, икки қават ўралиб, пишитиб тўқилса, маҳсулот енгил, нафис ва бир текис бўлиб чиқади.

Бугун замонавий асбоб-ускуналарда йигирилган ипда тўқилаётган гиламларнинг тури кўп. Би­роқ урчуқ ипдан тўқилган маҳсулотлар ўзининг мустаҳкамлиги ва ранги узоқ вақт ўчмаслиги билан ажралиб туради. Замонавий механик урчуқлар ХVIII асрда саноат ривож­ланиши натижасида пайдо бўлиб, гиламчилик соҳасининг кескин ривож­ланишига таъсир кўрсатган бўлсада, бу шид­датли жараёнлар қўл урчуқларининг аҳамиятига путур етказгани йўқ. Пахтадан тўқилган табиий жулпатларнинг нақшларига қараб кишининг зав­қи ошади. Мен ҳам тўқиган буюмларимда миллий­лик, анъанавийлик ва замонавийликни акс эттиришга ҳаракат қиламан. Ҳар бир ишимга ўзига хос ижодий ёндашиб, табиат гўзаллигини тўқиган буюмларимда акс эттиришга уринаман. 

Ўзим учун қадрли бўлган оқ тошдан ясал­ган урчуқбоши отамнинг онасидан мерос қолган. Бувим уни онамга қолдирган. Ана шу оилавий меросни авайлаб сақлайман. 

Янги оила қурган кезларимда турмуш ўрто­ғим Андижонда талаба эдилар. Ундан сўнг ҳарбий хизматга кетдилар. Ёлғиз қолган кунларим урчуқ йигириш билан ўзимни овутардим. Тўқиган нарсаларимни сингилларимга, қайинсингилларга совға қилардим. Ҳалигача ҳар бир ишимни ўша пайтлардагидай завқ-шавқ билан бажараман. Айниқса, қарийб 40 йил ўқитувчиликдан нафақага чиқиб, 2015 йили «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлгач, ип йигириш ва тўқишга янада жиддийроқ киришдим. 

Ҳозир ҳам юртимизда бўладиган турли фестиваллар, кўргазмаларда ўзим тиккан қуроқлар, гилам ва шолчалар билан иштирок этаман. Бекор ўтиргунча бекор ишла, деб бежиз айтишмаган. Шу касбнинг ортидан эл-улус орасида ҳурмат қозондим, кўплаб шогирдлар ҳам тайёрладим. 

Ишқилиб, ҳаётим давомида нимагаки эришган бўлсам, урчуқ йигириш ортидан деб биламан. Шу ҳунар билан эл кезиб, дунё кўрдим. Тошкентда бўлиб ўтган халқаро кўргазмада Буюк Британиянинг Кембриж шаҳридан келган тадбиркор Муҳаммад Абдулазиз ал-Марғуб ишларим билан танишгач, мен тўқиган поёндоз, шолча ва гиламларни сотиб олиш учун шартнома тузган эди. Эндиликда тўқиган гиламларим Европада ҳам сотилмоқда.

Бу ҳунар момоларимиздан мерос. Ҳар бир иш ниҳоясига етганда унинг завқини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Ёзувчи-шоирлар яхши асар яратганида қанчалик хурсанд бўлса, завққа тўлса, мен ҳам улардан кам қувонмайман. Яна урчуқ йигириб, бунданда гўзал ва бежирим буюмлар тўқишга ҳаракат қила­ман. 

Ҳозир юртимизда моддий ва номоддий қад­риятларимизни асраб-авайлашга катта эъти­бор қаратилмоқда. Бу ишларга ҳамоҳанг тарзда ҳар биримиз миллий ҳунармандчилик соҳасида муносиб шогирдлар етиштирсак, боқий анъанала­римиз, моддий ва маънавий меросимизни келажак авлодларга бус-бутун етказишга ҳисса қўшган бўламиз. Мана шу йўлда менинг ҳам озми-кўпми ҳиссам борлигидан доим фахр­ланиб юраман.


Баҳром БОЙМУРОДОВ оққа кўчирди.

«Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон


Report Page