УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВАЗИРЛИГИ ВА УНИНГ ТИЗИМИГА КИРУВЧИ КОРХОНА, ТАШКИЛОТ ВА ИДОРАЛАР ХОДИМЛАРИНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

УЙ-ЖОЙ КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВАЗИРЛИГИ ВА УНИНГ ТИЗИМИГА КИРУВЧИ КОРХОНА, ТАШКИЛОТ ВА ИДОРАЛАР ХОДИМЛАРИНИНГ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

1 боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2016 йил 2 мартдаги 62-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги 340-сонли қарори билан тасдиқланган  Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тўғрисидаги Низомга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (кейинги ўринларда – вазирлик) ва унинг тизимига кирувчи корхона, ташкилот ва идоралар (кейини ўринларда - тизим ташкилотлари) ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг нормалари, тамойиллари ва хизматдаги хулқ-атворининг қоидаларини белгилайди.

2. Мазкур Қоидалар ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, ходимларни юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

3. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя этишлари шарт. Мазкур Қоидаларни билиш ва уларга риоя қилиш мажбурияти эгаллаб турган лавозими ва бажарадиган ишининг ҳусусиятидан қатъи назар вазирлик ва унинг тизим ташкилотларининг барча ходимларига тадбиқ этилади.

4. Вазирлик ва тизим ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини бошқариш доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар вазирлик тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомда белгиланган.

5. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларида мазкур Қоидалар, касбий хулқ-атвор ёки вазирлик ва тизим ташкилотларида тартиб-таомиллар билан боғлиқ ҳар қандай саволлар пайдо бўлганида улар ўзининг таркибий бўлинмаси ёки Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва (ёки) вазирлик коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” секторига, шунингдек, 71-234-11-03 “ишонч телефони”га маслаҳат сўраб мурожаат қилишлари мумкин.

2-боб. Асосий терминлар ва тушунчалар

6. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

яқин қариндошлар – қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар, яъни ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари;

уруғ-аймоқчилик – ходимнинг умумий аждодга эга бўлган муайян қариндошга мансублиги асосида учинчи шахсларга субъектив, илтифотли ва нохолис муносабатда бўлиш тарзидаги шахсий манфаати;

манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик вазирлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан вазирлик ва унинг тизим ташкилотлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият;

коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция белгиларига эга бўлган, содир этилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;

контрагент – вазирлик ва унинг тизим ташкилотлари билан шартномавий муносабатларга киришган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс, меҳнат муносабатлари бундан мустасно;

ходимнинг шахсий манфаатдорлиги – Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходими томонидан ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида унинг яқин қариндоши ёки ходимга алоқадор бўлган шахслар томонидан ходимнинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир қилиши мумкин бўлган пул маблағлари, моддий ёки номоддий қимматликлар, бошқа мол-мулк, бойлик ва имтиёзлар кўринишида шахсий наф олиш имконияти (шахсий, ижтимоий, молиявий, сиёсий ва бошқа тижорат ёки нотижорат манфаатлари);

маҳаллийчилик – шахсни фақатгина қариндошлиги (қариндошини ҳамма билиши ёки машҳурлиги ва унинг жамоатчилик тан олганлиги) ва бундай шахснинг коммунал соҳасидаги қариндошларининг хизмат мавқеи сабабли лавозимга қўйиладиган малака талабларини ҳисобга олмасдан ишга ёллаш, ротация қилиш ҳамда лавозимга тайинлаш;

непотизм (таниш-билишчилик) – ўзининг яқин қариндошлари ёки дўстларига асоссиз имтиёзлар бериш мақсадида ҳокимиятдан фойдаланиш ва (ёки) таъсир ўтказиш, бироқ қуйидаги вазиятлар билан чекланиб қолмаслик: яқин қариндошлари ва (ёки) дўстларига асоссиз мукофотлар ҳисоблаш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва муассасалари манфаатлари зарарига яқин қариндошлари ва дўстларини ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш;

ҳомийлик – ён босиш, қулай меҳнат шароитларини яратиб бериш шаклида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва муассасаси ходимини юқорироқ лавозимдаги ходим томонидан ҳимоя қилиниши;

Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходими – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва тизим ташкилотлари билан меҳнат муносабатларига киришган шахс;

фаворитизм – Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходими бир шахс ёки бир гуруҳ шахслар манфаатларини бошқа шахс ва (ёки) шахслар гуруҳи манфаатларидан устун қўйиш, шу билан бирга, Вазирлик ва унинг тизим ташкилотларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, лавозими бўйича кўтариш, мукофотларни ҳисоблаш ва давлат мукофотларига тавсия қилиш, меҳнат таътиллари бериш ёки санаториялар ва хориж сафарларига юбориш, мурожаатларни кўриб чиқиш навбатини, шунингдек, иш вақти ва навбатчилик графикларини белгилаш шулар жумласидандир.

3-боб. Ходимларнинг хизматдаги хулқ-атворнинг асосий тамойиллари ва қоидалари

7. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини қуйидаги тамойиллар асосида бажаришлари шарт:

 қонунийлик – Вазирлик ва тизим ташкилотлариходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига сўзсиз риоя қиладилар ҳамда ўз хизмат мажбуриятларини мансаб йўриқномалари, меҳнат шартномалари, ички ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бажарадилар;

фуқароларнинг коммунал соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги – фуқароларнинг коммунал соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари Вазирлик ва тизим ташкилотларининг олий қадрияти бўлиб ҳисобланади. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари коммунал соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўймайдилар ва қонунбузарлик бўлган ҳолларда уларни тиклашга кўмаклашадилар;

ватанпарварлик ва хизмат бурчига содиқлик – Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари ўз фаолиятини маънавий ва ватанпарварлик қадриятлари, Ватанга садоқат, хизмат бурчига содиқлик асосида жамиятнинг Вазирлик ва тизим ташкилотларига бўлган талабини ифодалаган ҳолда амалга оширадилар. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари ўз хизмат бурчларини шахсий хайрихоҳлик, ўз манфаатлари ва мафкуравий қарашларидан қатъи назар бажарадилар;

давлат ва жамият манфаатларига садоқат – Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришга ҳамда давлат ва жамият манфаатларини кўзлашга тўсқинлик қиладиган шахсий манфаатдорлиги таъсири билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзларини тийишлари лозим;

 ҳалоллик ва холислик – Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва муассасаларига мурожаат қилган барча шахсларга нисбатан адолатли, ҳалол ва холис муносабатда бўлишни таъминлайдилар;

профессионаллик ва компетентлилик – Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари Вазирлик ва тизим ташкилотларининг асосий қадрияти бўлиб ҳисобланади, уларнинг малакаси, ишончи, эзгу нияти, ҳамкорлиги ва жамоавий руҳи қўйилган мақсадларга эришиш ҳамда Вазирлик ва тизим ташкилотларини такомиллаштириш имконини беради. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари профессионаллик, бенуқсон ишчанлик обрўси, жамоада қулай маънавий ва руҳий муҳитни яратишда ёрдам бериш, шунингдек, ҳамкасблари билан самарали билим ва тажриба алмашишни таъминлаши мажбурийдир;

самарадорлик ва тежамкорлик – Вазирлик ва тизим ташкилотлари ўз фаолияти самарадорлигини оширишни, жумладан, эришилиши жамият ва давлат фаровонлигини ошириш имконини берадиган стратегик вазифалардан бири сифатида ички бошқарув, фуқаролар, ташкилотлар ва давлат органлари билан ўзаро алоқалар тизимини такомиллаштириш, инновацион технологияларни тадбиқ этиш ва бошқа йўллар билан доимий равишда кўриб чиқадилар.

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари, ўз навбатида, Вазирлик ва тизим ташкилотларининг мулкига, ўзининг ва бошқа ходимларнинг вақтига масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашадилар.

4-боб. Ўзига бўйсунувчи ходимларнинг ахлоқий хулқ-атворини шакллантиришда вазирлик  ва муассасаларининг роли

8. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг раҳбарлари ходимларнинг ахлоқий хулқ-атворини шакллантиришда қуйидагиларга мажбурдирлар:

ўз мансаб мажбуриятларини бажаришда мазкур Қоидаларда белгиланган ахлоқ нормалари ва тамойилларга сўзсиз риоя қилинишида шахсий намуна кўрсатиш;

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари билан ўзаро муносабатларда ҳалол бўлиш, уларнинг таклифлари, ғоялари, талаблари ва шикоятларига ўз вақтида жавоб бериш;

камситишга оид сиёсатга йўл қўймаслик ва ходимларга меҳнатга ҳақ тўлаш ва хизмат бўйича кўтарилишида тенг ҳуқуқ ва имкониятларга кафолат бериш; ходимларга уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказмайдиган шароитларни яратиш;

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари билан муносабатларини узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш, мақсадлар умумийлиги, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш, ижтимоий шериклик асосида ўрнатиш;

манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва ҳал қилиш бўйича ўз вақтида бирламчи чораларни кўриш;

коррупцияни олдини олиш, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда фаол қатнашадиган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бўйича чоралар кўриш; 

вазифалар доирасини аниқ белгилаб олиш ва бўйсунувчи ходимлар ўртасида уларнинг мансаби ва касбий лаёқатидан келиб чиқиб тақсимлаш, ходимларнинг лавозим мажбуриятлари доирасидан четга чиқадиган вазифаларни бермаслик;

ходимни асоссиз равишда рағбатлантириш ва лавозим бўйича кўтарилишига йўл қўймаслик, шунингдек, ғайриҳуқуқий ҳаракатларга эътибор бермасликка қарши чоралар кўриш (масалан, ходимлар томонидан ўз фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш учун етарли даражада чоралар кўрилмаслиги);

ходимларни мажбурий меҳнатда, жумладан, шаҳар ҳудудларини ободонлаштиришда, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларида, металл қолдиқларини йиғишда, шунингдек, бошқа мавсумий тадбирларда қатнашишларини олдини олиш (тегишли ташкилот ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилинган ҳолда ихтиёрий шанбалик ташкил этилган ҳоллар бундан мустасно);

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимларини самарали бошқариш, улар томонидан Вазирлик ва тизим ташкилотларининг мол-мулки ва молиявий ресурслари билан эҳтиёткор ва тежамкор муносабатда бўлишларини кузатиш; ўзига бўйсунувчи ходимлар томонидан мазкур Қоидалар бузилишини олдини олишга бўлган ҳаракатсизлиги учун жавоб бериш.

9. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг раҳбарлари, шунингдек, Вазирлик ва тизим ташкилотларидаги бўлим ва бошқармалар бошлиқлари ўзига бўйсунувчи ходимлар билан муносабатларда профессионал, ҳалол ва адолатли хулқ-автор намунаси бўлиши, қулай иш муҳитини яратиши ҳамда Вазирлик ва тизим ташкилотлариида ижобий маънавий-психологик муҳитни шакллантиришга кўмаклашишлари лозим.

10. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг раҳбарлари, шунингдек, Вазирлик ва тизим ташкилотларидаги бўлим ва бошқармалар бошлиқлари непотизм, фаворитизм, маҳаллийчилик, ҳомийлик, уруғ-аймоқчилик ва бошқа белгиларга кўра ходимларни ёллаш, ротация қилиш, лавозимга тайинлаш, рағбатлантириш ёки жазолаш, шунингдек, уларга бошқача субъектив муносабатда бўлишга йўл қўймасликлари керак. 

5-боб. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларининг ахлоқ нормалари ва қоидаларга риоя қилиш бўйича мажбуриятлари

11. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда қуйидагиларга мажбурдирлар:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига риоя қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Вазирлик Ҳайъати қарорлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг буйруқлари, Вазирлик ва унинг тизим ташкилотларининг ички идоравий ҳужжатларини бажариш;

ўз хизмат мажбуриятларини виждонан ва профессионал даражада бажариш; юқори турувчи давлат органлари ва мансабдор шахслари томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган фармойишларни ўз вақтида ва сифатли ижро этиш;

ўз фаолиятини қонунчилик ва ички ҳужжатларда белгиланган компетенция доирасида амалга ошириши;

ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда фуқаролар ва бошқа шахсларни камситмаслик, улар таъсиридан ўз мустақиллигини сақлаб қолиш, фуқаролар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш;

хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилиши ёки уларни бажаришда бирон-бир шахсий, мулкий ёки бошқа манфаатларга тааллуқли бўлиши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тийиш;

хизмат мажбуриятларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни доимий асосда ошириш;

ўз ваколатларидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки улар мансабдор шахслари фаолиятига ноқонуний аралашиш мақсадида фойдаланмаслик;

турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиб, ижтимоий барқарорлик, миллатлар ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш;

ходимлар томонидан ўз хизмат мажбуриятларини виждонан бажаришига шубҳа уйғотиши мумкин бўлган хулқ-автордан ўзини тийиш ва ўз обрўъси ёки Вазирлик ва унинг тизим ташкилотларининг нуфузини таҳдид остига олиши мумкин бўлган вазиятларни олдини олиш;

эгаллаб турган лавозими, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, юқори даражада маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлиш, ҳамкасбларига, фуқароларга ва бошқа учинчи шахсларга ҳурмат, хушмуомалалик ва хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш;

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг иши тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари фаолиятига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, шунингдек, белгиланган тартибда ишончли маълумотларни олишга кўмаклашиш;

махфий ахборотдан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш, шунингдек, махфий ахборот ва шахсий маълумотларни нобуд қилиш, йўқотиш, ўзгартириш, ошкор қилиш, зарар етказиш, рухсатсиз фойдаланиш хавфидан тегишли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ҳақоратли, ҳурматсиз ва камситувчи хулқ-атворда бўлишга, шунингдек, Вазирлик ва тизим ташкилотларива (ёки) улар ходимларининг обрўсига путур етказадиган зўравонлик ёки ёлғон миш-мишларни тарқатилишига йўл қўймаслик;

ўз хизмат мажбуриятларини бажараётганда хизмат хоналари, давлат мулки, моддий-техник базадан ҳамда Вазирлик ва тизим ташкилотлари бошқа мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиш; хатлар ва хизмат хабарларини етказиш ва олишнинг Вазирлик ва тизим ташкилотларида белгиланган қоидаларига риоя қилиши;

қонунбузарлик содир этишга ундаб ўзига мурожаат қилган ҳолатлар, шунингдек, Вазирлик ва тизим ташкилотларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган ва ўзига маълум бўлган ҳар қандай қонунбузарлик фактлари ҳақида ўз раҳбари ёки бошқа ваколатли шахсларни зудлик билан хабардор қилиш; 

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг янги ва бошқа ходимларига зарур амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, ҳамкасбларини уларнинг касбий интилишларида қўллаб-қувватлаш; меҳнат интизомига риоя қилиш ва иш вақтидан самарали фойдаланиш; иш жойида ва (ёки) ўз хизмат мажбуриятларини бажаришда алкоголь, гиёҳванд ва бошқа тақиқланган воситаларни истеъмол қилишдан, шунингдек, иш жойида алкоголь ёки гиёҳванд воситалар таъсирида бўлиш ҳолатидан воз кечиш; ҳамкасблари ва бошқа шахслардан танқидни тўғри қабул қилиш, шунингдек, холис эътирозлар бўлганда хулқ-атвор моделини ўзгартириш; берилган вазифаларни бажаришга ижбоий таъсир кўрсатадиган тинч эмоционал ҳолатда бўлиш.

12. Сиёсий, иқтисодий мақсадга мувофиқлик, шунингдек, шахсий ва бошқа субъектив сабаблар ходим томонидан мазкур Қоидалар талабларини бузишга асос бўлиб ҳисобланмайди.

13. Меҳнат шартлари ва хизмат туридан келиб чиқиб, ходимнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажаришида ташқи кўриниши фуқаролар томонидан оммавий ҳокимиятни ҳурмат қилишга кўмаклашиши, умумқабулқилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, камтарлик ва интизомлиликни алоҳида таъкидлаши лозим.

14. Ходимлар ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва ахлоққа зид келувчи хулқ–атвордан ўзларини тийишлари керак.

6-боб. Совғалар ва иш муомаласида меҳмондўстлик белгилари

15. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларига ходим ўз хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан бирон-бир совға ёки иш муомаласида меҳмондўстликнинг белгилари, қарз, кафолатлар, кафилликлар, мукофотлар шаклида рағбатлантириш воситаларини, нақд пул маблағлари ёки уларнинг эквиваленти, қимматли қоғозлар кўринишида моддий ёрдам қабул қилиш тақиқланади.

16. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан бошқа Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларига уларнинг шахсий байрамлари (туғилган кун, фарзандининг туғилиши, Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро хотин-қизлар куни ва байрамлар)да берилган, хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлмаган совғалар ходимнинг шахси билан боғлиқ совғалар деб тан олинади.

17. Бундай совғаларни беришда қуйидаги талабларга риоя қилиш лозим: совғалар Вазирлик ва тизим ташкилотларининг камида уч нафар ходимлари иштирокида берилиши;

совға бериш табрик нутқи билан бирга бўлиши керак, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиши;

совғанинг умумий қиймати (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) 5 (беш) базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги;

Вазирлик ва тизим ташкилотларининг битта ходими бошқа ходимга совға учун сарфлайдиган харажат суммаси, ҳар бир ҳолатда 1 (битта) базавий ҳисоблаш миқдордан ошмаслиги керак.

18. Совғаларни қабул қилишнинг қонунийлигида ҳар қандай шубҳалар пайдо бўлганда ходим вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш Сиёсати қоидалари билан танишиб чиқиши ва вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” секторига маслаҳат сўраб мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.

19. Совғалар ва иш муомаласида меҳмондўстлик белгиларини олиш ва бериш вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш Сиёсати билан тартибга солинади.

7-боб. Коррупцияга қарши курашиш

20. Вазирлик ва тизим ташкилотлари коррупцияни унинг ҳар қандай шакли ва намоён бўлишида қабул қилмайди.

21. Коррупцияга “мутлақо тоқатсизлик” тамойилига таянган ҳолда Вазирлик ва тизим ташкилотларининг барча ходимларига пора берувчининг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши ёки ҳаракатсизлиги учун бевосита ёки билвосита, шахсан ёки учинчи шахслар орқали пора, яъни пуллар, қимматбаҳо қоғозлар, бошқа мол-мулкни, мулкий тавсифдаги хизматларни беришни талаб қилиш, товламачилик қилиш, ваъда ва пора бериш (ёки) олишда воситачилик қилиш, расмиятчиликларни соддалаштириш учун тўловларни олиш, шахс томонидан пора олиш ёки ҳуқуққа хилоф бошқа мақсадларда ўз хизмат мавқеидан ноқонуний фойдаланиши қатъий тақиқланади.

8-боб. Одоб-ахлоқ комиссияси

22. Мазкур Қоидалар, шунингдек, умумқабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этилиши масалаларини кўриб чиқиш учун Вазирлик ва тизим ташкилотлариида одоб-ахлоқ комиссиялари ташкил этилади.

23.Одоб-ахлоқ комиссиялари Вазирлик ва тизим ташкилотларида қабул қилинган одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомлар, мазкур Қоидалар асосида фаолият олиб боради.

24.Одоб-ахлоқ комиссиялари Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда вазирлик тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомнинг бузилиши билан боғлиқ масалаларни:

вазирлик ва тизим ташкилотлари раҳбарининг кўрсатмаси бўйича;

хизмат текшируви натижаларига кўра;

ўз ташаббуси билан;

вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимларидан, шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотлари билан алоқа каналлари орқали келиб тушган ахборот асосида кўриб чиқади.

25. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан мазкур Қоидалар бузилганда ёки бузилишида шубҳа пайдо бўлганида ушбу вазиятларни кўриб чиқиш бўйича ваколат (функция)ларни масъул бўлинмалар ўртасида тақсимлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

вазирлик тизимида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ҳал қилинмаган манфаатлар тўқнашуви аниқланганда, бу вазият Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш «Комплаенс-назорат” билан биргаликда кўриб чиқилади;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ёки коррупциявий хавф-хатар мавжуд бўлган вазиятлар, шунингдек  совғалар ва иш муомаласида меҳмондўстлик белгиларига оид қоидалар бузилганлик ҳолатлари аниқланганда  Комплаенс-назорат сектори томонидан кўриб чиқилади;

агар қоидабузарликлар нафақат мазкур Қоидаларга, балки Одоб-ахлоқ комиссияси мажлисларида вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш Комплаенс-назорат секторининг иштироки бевосита назарда тутилган Вазирлик ва тизим ташкилотларининг бошқа ички ҳужжатларига тегишли бўлса, мазкур Қоидаларни бузиш фактлари ва хавф-хатарларвазирлик  Комплаенс-назорат сектори  Одоб-ахлоқ комиссияси билан биргаликда  кўриб чиқади.

Мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ҳолларда ушбу Қоидалар талабларининг бузилиши Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

9-боб. Одоб-ахлоқ соҳасида қонунбузарликлар ҳақида хабарлар

26. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари ва бошқа шахсларда Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходимлари ҳаракатларининг қонунийлиги ва (ёки) ахлоқийлигида шубҳа пайдо бўлганда, одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишида эҳтимол тутилган ёки уларни содир этилганганлиги факти бўйича асосли гумони бўлганда, бу ҳақда Вазирлик ва тизим ташкилотларининг мавжуд алоқа каналлари орқали хабар беришлари мумкин.

27. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ўз ваколатлари ва мавжуд имкониятлари доирасида қонунбузарлик ҳақида ишончли ахборот берган шахснинг махфийлигини таъминлайдилар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

28. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ўз ходимларининг манфаатларини ҳимоя қилади ва қасос олиш, жумладан, ишдан бўшатиш, лавозимини пасайтириш, камситиш, Вазирлик ва тизим ташкилотларининг бошқа ходимининг шубҳали хулқ-атвори ёки мазкур Қоидалардаги одобахлоқ нормалари ва тамойилларини бузиш эҳтимоли ҳақида ихтиёрий хабар берган ходимларни таъқиб қилишга йўл қўйилмаслигига кафолат беради.

29. Мазкур Қоидаларнинг бузилиши ҳақидаги хабарлар қуйидаги алоқа каналлари орқали берилиши мумкин:

вазирлик ишонч телефонига(71-2341103) ёки бевосита Комплаенс-назорат секторига;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлимига ёки Вазирлик ва тизим ташкилотларининг бошқа телефонларига;

тelegram-каналидаги @mjkokomplaens-nazoratbot манзилига ҳамда мазкур каналдаги вазирлик ва тизим ташкилотларининг бошқа манзилларига.

30. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг алоқа каналларига келиб тушган барча хабарлар масъул бўлинма Вазирлик ва тизим ташкилотларининг мансабдор шахси томонидан қонунчилик ва Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ички ҳужжатларига мувофиқ холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади.

31.Кўриб чиқишга, шунингдек, аноним тарзда (фақат вазирлик ва тизим ташкилотларининг тelegram-канали орқали) йўлланган хабарлар ҳам қабул қилинади.

аноним бўлиб қолишни истаган арз қилувчи бундай ҳолда қуйидагиларга рози бўлади:

вазирлик ва тизим ташкилотларикелиб тушган хабарга жавоб бериш учун у билан боғлана олмайдилар;

вазирлик ва тизим ташкилотлари зарур қўшимча маълумот олиш имкони бўлмаганлиги туфайли хабарни тўлиқ ва ҳар томонлама текшира олмайдилар.

32. Алоқа каналларининг иши ва олинган хабарларни кўриб чиқиш/қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги батафсил маълумот вазирликка коррупциявий ҳаракатлар ҳақида хабар бериш учун алоқа каналларидан келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва қайта ишлаш Вазирлик ва унинг тизим ташкилотларининг ички ҳужжатларида акс эттирилган.

 

10-боб. Мазкур Қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик

33.Ходимлар томонидан мазкур Қоидаларга риоя қилиш муҳим касбий компетенция сифатида қаралади ва бошқа мезонлар қаторида лавозимини кўтариш, фаолиятини баҳолаш ва ҳ.к.ларга хизмат қилади.

34. Вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимининг обод-ахлоқ стандартларига содиқлик аттестацияда, юқори турувчи ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини тайёрлашда инобатга олинади.

35. Вазирлик ва тизим ташкилотларининг ходими томонидан мазкур Қоидаларнинг бузилиши уни қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкин.

 

11-боб. Қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш киритиш тартиби

36. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, Вазирлик ва тизим ташкилотларининг тамойиллари ва талабларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда мазкур Қоидалар вазирлик буйруғига асосан қайта кўриб чиқилиши ва янгиланиши лозим.


Report Page