УЧИНЧИ САКРАГАНДА ТУТИЛДИ...

УЧИНЧИ САКРАГАНДА ТУТИЛДИ...


Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув жараёнида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «Равот» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи, 1975 йилда туғилган шахснинг гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Табиийки, соҳа вакиллари ушбу фуқарони кузатувга олдилар ва унинг наркотик моддалар сотиш билан боғлиқ режасини аниқлашга муваффақ бўлишди. Шундай қилиб, «гиёҳфуруш» шу йилнинг 25 май куни 1 гугурт қутисига жойланган 5,45 грамм марихуанани 250 минг сўмга пуллади. Кейинги куни эса яна бир фуқарога 10 та қутига жойланган 48,67 грамм марихуанани 2 миллион 500 минг сўмга сотди.

Кейинги босқичда эса у қўлга олинди. Аниқроғи, гиёҳфуруш яна бир мижозга 40 та гугурт қутисига жойланган марихунани 10 миллион сўмга сотишга келишди. Шу куни Жиззах вилояти Дўстлик тумани «Манас» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги овқатланиш шохобчасида 24 та гугурт қутисига жойланган 130,1 грамм гиёҳванд моддани бошқа бир шахсга 6 миллион сўмга сотган вақтида қўлларига кишан тақилди. Тезкор тадбир вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бошқармаси ҳамда вазирлик ўз хавфсизлиги бошқармасининг Жиззах вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан амалга оширилди.

        Айтганча, айбланувчи фойдаланган “Нексия” кўздан кечирилганида автоулов салонида 16 дона гугурт қутисига жойланган 80,35 грамм марихуана борлиги аён бўлди. Жиноий ҳаракатлардаги иштироки учун “Равот” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи “Нексия” ҳайдовчиси ҳам ушланган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

 Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Роstdа” мухбири.

Жиззах вилояти.


Report Page