УЧҚУДУҚ — ЎЗБЕКИСТОН КОНЧИЛИК САНОАТИГА АСОС СОЛИНГАН ЗАМИН

УЧҚУДУҚ — ЎЗБЕКИСТОН КОНЧИЛИК САНОАТИГА АСОС СОЛИНГАН ЗАМИН


Тафаккур ва матонат — инсон иродасининг икки таянчи. Агар бу омиллар илм билан уйғунлашса, жамият учун ҳам манфаатли асослар юзага чиқади!

Бугунги кунда қарийб 40 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган ва Навоий шаҳридан 300 километр олисда — Қизилқум чўлининг марказида жойлашган Учқудуқ тумани, хусусан Учқудуқ шаҳрининг вужудга келиши айни мана шу жиҳатлар билан чамбарчас боғлиқ. “НКМК” АЖ Шимолий кон бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун 16-17 июнь кунлари ўтказилаётган пресс-тур жараёнида журналистлар учқудуқлик кончиларнинг машаққатли меҳнати билан яқиндан танишар экан, бу ҳақиқатга бевосита гувоҳ бўлишмоқда.

Туман ташкил этилганига — 40 йил тўлди!

Дарҳақиқат, Учқудуқ минтақасининг ривожланишига туртки берган тарихий воқеа геологик қидирув, минерал ресурсларни ўрганиш ишларининг бошланиши саналади. Дастлаб, ўтган асрнинг 50-йилларидан сўнг бугунги кунда Учқудуқ шаҳрига кираверишда тарихан мавжуд бўлган учта қуқуд ёнида геологик қидирув ишлари олиб борилади. Кейинчалик бу ерда уран захиралари мавжудлиги ўз тасдиғини топгач, 1955–1956 йилларда ёғоч, хом ғиштдан қурилган уйлардан иборат Учқудуқ аҳоли яшаш пункти вужудга келди.

Бу ерда Айтимбулоқ чашма сув таъминоти тизими мавжуд эди. Шу тариқа Учқудуқ шаҳрида 1958 йилда ташкил этилган Навоий кон-металлургия комбинатининг асосий вазифаси дастлаб уран ишлаб чиқариш эди.

1961–1964 йилларда Учқудуққа мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи темир йўлнинг келиши, юқори вольтли электр узатиш линияларининг тортилиши минтақа ривожланишини янги босқичга кўтарди. Тошкент–Учқудуқ йўловчи поезди ва ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Ушбу ижобий ўзгаришлар ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги тармоғи ривожланишига ҳам катта ёрдам берди.

1982 йил 22 апрелда эса, шу вақтга қадар Томди тумани таркибида бўлган Учқудуқ шаҳрига туман мақоми берилди. Бу воқеа ҳудуд ривожида навбатдаги тараққиёт босқичини бошлаб берди.

Дарҳақиқат, жорий йил туман ўзининг юбилей ёшини — 40 йиллигини нишонламоқда!

Пресс-тур доирасида журналистлар дастлаб, бошқарма фаолияти билан танишар экан, тарихий суратлар ва фактлар асосида ана шундай қимматли маълумотларг эга бўлишди...

“Олтин — нондек азиз неъмат”, — дейди учқудуқлик кончилар

Тадбирнинг биринчи кунида ОАВ вакиллари “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конидаги жараёнлар ва Автомобил-транспорт бошқармаси фаолияти билан танишишди. “Шарқий” кони мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк конлардандир. Бугунга келиб, мазкур кондан йилига 4 миллион тонна сульфидли маъдан қазиб олинади. Айни вақтда конда сульфидли маъдан захиралари қазиб олишнинг иккинчи босқичи олиб борилаяпти. 4893 гектар майдонни эгаллаган коннинг 27 та карьерида кон ишлари олиб борилади.

Бугунги кунда бу ерда кончилар учун яратилган шароитлар аввалги даврга қараганда тубдан фарқ қилади. 2017-2021 йиллар мобайнида конга Россия, АҚШ, Япония, Швеция каби мамлакатлардан замонавий техникалар — ишлаш самарадорлиги юқори эксковаторлар, автоағдагичлар ва бошқалар олиб келинган. Диспетчерлик хизмати фаолияти мутлақо замонавий талаблар асосида қайта йўлга қўйилиб, тегишли мутахассислар “ЖПС” тизими орқали кондаги барча жараёнларни онлайн назорат қилиб боришади.

2010 йилда бу кондан 16 миллион тонна кон массаси олинган бўлса, 2021 йилга келиб мазкур рақам 37 миллон тоннани ташкил этган. Кон узунлиги 1 минг 600 метр, чуқурлиги эса 315 метрни ташкил этади.

— Дунёдаги энг катта конлардан бири, яъни Зарафшондаги “Мурунтов” кони билан солиштирганда, бизда ҳар тонна маъданга нисбатан олтин олиниш самарадорлиги икки баробарга кўп, — дейди “Шарқий” кони бошлиғи Наби Очилов журналистларга ахборот бераркан. — Бу ерда маъдан қазиб олишда ҳар бир қатлам баландлиги беш метрни ташкил этса, “Мурунтов”да бу қатламлар 10-20 метрга етади. "Шарқий" кони таркибидаги “Жанубий–1” кони Учқудуқдаги энг катта кон бўлиб, ҳозирда 250 метргача қазиш ишлари олиб брилган ва яна 100 метрга қадар олтин захиралари мавжуд. Умуман олганда, Шимолий кон бошқармаси тарихида 70 га яқин конларда иш олиб борилган. Бу дегани, ҳали захираларимиз узоқ йилларга етади. Асосий мақсад, нондек азиз неъмат — олтинни самарали қазиб олиб, юртимиз ривожи учун сарфлаш.  
— Мамлакатимиз саноатининг фахри бўлган мазкур корхонадаги жараёнларни яқиндан кузатиш ва унинг истиқболлари ҳақида халқимиз учун фойдали бўлган маълумотларни етказиш ҳар бир журналистга ғурур бағишлайди, албатта, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, “Кун.уз” сайти мухбири Руслан Сабуров. — Айтиш мумкинки, чўл бағрида, конларда фидойилик билан  меҳнат қилаётган ҳар бир киши — замон қаҳрамонлари ва уларнинг ҳар бири хусусида қизғин ижодий материаллар тайёрлаш мумкин!

 14 июнь — 3-Гидрометаллургия заводи ташкил топган кун

Кон-металлургия саноатининг равнақи ва қудрати илғор технологияга эга бўлиши билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ. Бугун комбинат тизимида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви жараёнида янги инновацион ғояларга асосланган стратегик лойиҳалар жорий этилаëтганлиги ўзининг юксак самарасини бермокда. Шимолий кон бошқармасининг 3-Гидрометаллургия заводидаги янгиланишлар бунинг яққол далилидир.

Бундан 27 йил олдин, яъни 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3-Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш катта воқеага айланди. Шу вақтга қадар Учқудуқда фақат уран қазиб олинган бўлса, янги завод ишга туширилгач олтин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

— Завод илк ишга тушган йилда 1 миллион 200 минг тонна хомашё қайта ишлаганга бўлса, 2021 йилда мазкур рақам 8 миллион тоннани ташкил этди, — дейди Шимолий кон бошқармаси директори Неъматилла Аҳатов пресс-тур доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида. — Яқин йиллар ичида мазкур рақамни янада ошириш кўзда тутилган. 8 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган бошқармада бунинг учун барча имкониятлар мавжуд.    

Айтиш лозим, мазкур завод нафақат ишлаб чиқариш, балки илмий изланишлар олиб боришда ҳам комбинат тизимида алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Хусусан, бутун дунë кончилик саноатида биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши долзарб муаммо бўлиб келаётган даврда, 3-Гидрометаллургия заводининг муҳандислари бу муаммони ечиш йўлида кўпгина изланишлар олиб бориб, сўндириш тизимини ишлаб чиққан ҳолда тегишли масалага чек куйишди. Сорбция жараëнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди. Бундан ташқари, яқинда завод негизида яроқлилик муддати тугаган шиналарни қайта ишлаб, улардан бир нечта нефт маҳсулотлари олиш ҳам йўлга қўйилди. Айни вақтда, мазкур янги лойиҳани ҳужжатлаштириш ишлари давом этаяпти. Умуман олганда, 2021-2022 йилларда бошқарма негизида ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ қилинган рационализаторлик таклифларнинг ҳозиргача ҳисоб-китоб қилинган самараси, қарийб 35 миллиард сўмни ташкил этади.

— Учқудуқни қайта кашф этаяпман, — дейди тадбир иштирокчиси, фахрий журналист Абдуҳаким Ҳасанов. — Энг муҳими кончилар билан суҳбат асносида уларнинг ғайрат-шижоати, иштиёқи, эртанги кунга ишончи ўта юқорилиги, бу корхонанинг келажаги бугунгидан ҳам илғор бўлишини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида юртимиздаги энг катта мазкур корхонанинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни юксалиб бораётганидан дарак.

Пресс-тур доирасида тадбирлар бугун ҳам давом этиб, журналистлар завод корхоналарида рудани қайта ишлаш жараёни билан бевосита таништирилади.

Инсон матонати ва тафаккури мужассамлашган кончилик саноатида ўзбек олимлари ва мутахассиларининг, энг муҳими ёш авлоднинг салоҳиятини намоён этишда мазкур тадбир муҳим аҳамият касб этмоқда.

Озод МУСТАФОЕВ, журналист

Report Page