ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЛИМИ ҚОШИДАГИ МАХСУС - ТАЪМИРЛАШ ЭКСПЛУАТАЦИЯ ХИЗМАТИ УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ҚУЛАЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТИШ ЙЎЛИДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРМОҚДА

ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИ ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЛИМИ ҚОШИДАГИ МАХСУС - ТАЪМИРЛАШ ЭКСПЛУАТАЦИЯ ХИЗМАТИ УМУМТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ҚУЛАЙ ВА ЗАМОНАВИЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАРНИ ЯРАТИШ ЙЎЛИДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРМОҚДА


Қулайлик, шароит ва имкониятлар барча соҳаларда бўлганидек таълим тизимида ҳам келажагимиз эгаларига замонавий билимларни чуқур ва мукаммал ўргатишга имконият яратиш баробарида қулай шароитлардан баҳраманд ҳолда илм-маърифат чўққилари сари астойдил изланиш ва интилишга ундайди.

Халқ таълими тизимлари қошида фаолият олиб бораётган махсус-таъмирлаш эксплуатация хизматлари фаолияти айнан шу мақсадга қаратилган.

Бунинг ифодасини Тўрақўрғон тумани халқ таълими бўлимига қарашли махсус-таъмирлаш эксплуатация хизмати фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур йўналишда айни пайтда 19 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Улар тумандаги мавжуд барча 62 та умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари муассасаларга хизмат кўрсатиб келмоқда.


Электриклар, сантехниклар, пайвандчи, ҳайдовчилардан иборат махсус-таъмирлаш эксплуатация хизмати томонидан намунали фаолиятни йўлга қўйиш баробарида туну кун узлуксиз навбатчилик асосида иш ташкил қилинмоқда.

Соха ходимлари мактабларда қулай ва намунали шарт-шароитлар барқарор бўлишига, инфратузилмани такомиллаштиришга, электр таъминоти, сантехника, ёритиш ва иситиш тизимларининг мунтазам ва мукаммал ишлашига масъул ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан бу борада маълум бир муаммо туғилса ёки камчилик аниқланган тақдирда хизмат ходимлари чақирув асосида таълим муассасасига вақтида етиб боришади ва камчиликни бартараф этиш чораларини кўрадилар.

Юртимизда айни дамда октябрь ойи, куз-қиш мавсуми тобора яқинлашмоқда. Махсус-таъмирлаш эксплуатация хизмати ходимларининг бугунги фаолияти тумандаги умумтаълим мактаблари ва мактабдан ташқари муассасаларни мукаммал ва намунали ҳолда тайёрлашга қаратилган. Хизмат ходимлари томонидан ҳозирда тумандаги барча умумтаълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳолати жойларга бориб, яқиндан ўрганилмоқда.



Таъмирлаш талаб қилинадиган ҳолатлар аниқланган тақдирда мукаммал таъмирланиб, мавсумга шай ҳолга келтирилмоқда. Илм масканларидаги ойналарнинг яроқсиз ҳолатга келганлари янгисига алмаштирилмоқда. Иситиш тармоқлари, қозонхоналарни мавсумда соз ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, электр тизимларининг мукаммал ишлаши йўлида мунтазам иш олиб борилмоқда.

Шу мақсадда махсус-таъмирлаш эксплуатация хизматида 1100 метр квадрат ойна, 5000 погонометр турли ўлчамдаги трубалар заҳираси яратилиб, 880 дона LED замонавий ёритгич лампалари келтирилган.

Мавсумга тайёргарлик билан боғлиқ жараёнларда уларни таълим муассасаларига етказиб берибгина қолмасдан ўрнатиб, соз ҳолатда ишлатиб ҳам берилмоқда.


Таълим – юрт истиқболини, эртанги кун равнақини белгилайди. Маърифат даргоҳларида замонавий қулайлик ва шароитларни яратиш борасидаги изчил фаолият айнан шу мақсад рўёбига қаратилгани билан эътиборли.


Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати
  



Report Page