Тушлик кечиктирилган боғчанинг қатор мутасаддилари ишдан бўшатилди.

Тушлик кечиктирилган боғчанинг қатор мутасаддилари ишдан бўшатилди.


Жамият


 17:22 3400


2 апрель куни ижтимоий тармоқларда "Боғчада тушлик кечикди – болалар оч ухлаб қолди" мавзусидаги видеоматериал тарқалганди. Мактабгача таълим вазирлиги ушбу намойиш этилган видеоматериалда кўрсатилган ҳолатни аниқлаш мақсадида тезкор ишчи гуруҳи ташкил этиб, суриштирув ишлари ўтказди.


Вазирлик Ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу видеотасвир Андижон вилояти Хўжабод туманидаги 1-мактабгача таълим муассасасининг ёзги ошхонасида 2 апрель куни соат 11.20 да боғча тарбиячиси - 1998 йилда туғилган З.М. тамонидан тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

Ўтказилган тезкор суриштирув ишлари давомида 2 апрель куни ҳақиқатдан ҳам бу боғчада гўшт маҳсулоти белгиланган вақтидан кеч олиб келинганлиги сабабли боғча тарбияланувчилари учун тушлик ўз вақтида тайёрланмаган ва тарқатилмаган.


Шу муносабат билан ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани ва боғча ёзги ошхонасида антисанитария ҳолатларини келтириб чиқаргани учун 1-МТМ омборчиси Алишер Аҳмедов, бош ошпаз Улуғбек Жалилов ҳамда ошпаз Абдужалил Султоновлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. 


Бундан ташқари, ўз ишида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун муассаса мудираси С.Абдуллаева эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.


Мактабгача таълим вазирлиги ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракат юзасидан ўз муносабатини билдириб, масъулиятсиз ходимларга кескин чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиради.

@Maktabgacha_talimuz