Туш

Туш

Умрзоқова Мафтуна

Бугунги тушим аввалгисидан ҳам даҳшатли эди. Одатда, кўрган тушимни атига ярмини зўрға эслаб қолардим. Лекин буни ҳанузгача бутун тафсилотини миридан-сиригача яхши эслайман. Бу туш деярли осойишта ва ҳатто жуда ёқимли тарзда бошланганди. Лекин у бошланиши биланоқ, юрагимда аллақандай мажҳул ва мубҳам бир қўрқув ҳам уйғонгандек бўлди. Қизиғи шундаки, тушимда кечаётган воқеалар билан кўнглимни тобора ишғол қилиб ҳамда кучайиб бораётган қўрқувнинг ўртасида ташқи тарафдан ҳеч бир узвий боғлиқлик йўқдек эди.Аввалига мен кимнингдир овозини эшитдим, назаримда у дўстим Петканинг овози эди. Назаримда у менга ачиниш қиёфаси билан қараб турарди. 

Кейин кутилмаганда, Булвар майдонида пайдо бўлиб қолибман. Мен бу ерни дарров танидим, чунки ўнгимда ҳам Самарқанд шаҳри бўйлаб тентираб юрарканман, такрор ва такрор шу ердан чиқиб қолаверган эдим-да. Бу улкан майдоннинг чор тарафидан дарёдек айқириб келаётган машиналар оқимини кузатиб турарканман, худди ўнгимда бўлгани каби кўчани кесиб, нариги томонга ўтишга у қадар шошилмадим. Шунда кўчанинг қарама-қарши томонидаги пиёдалар йўлакчасида кетаётган Элкага кўзим тушиб қолди. Айтганча, Петка ва Элка болаликдаги энг яқин дўстларим бўлиб, уларнинг асл исми —Файзулло ва Элиёр эди. Элка менга қўлларини силкитди-да, кўчадан югуриб, ёнимга келди. У ҳам мен билан сўрашаркан кўзларининг ич-ичида қандайдир ҳамдардлик ҳисси балқиб турарди. Сўнг улар мени қучоқлаганча: “Сени уйларинггача кузатиб қўймоқчимиз!” – деди сирли жилмайиб.

Биз шундан сўнг фақат тушдагина бўлиши мумкин бўлган шамолдай шиддат билан, энг муҳими – ҳеч бир сассиз, товушсиз юзлаб машиналар ва минглаб одамлар билан тўлиб тошган, ҳамда тинмай гувиллаб турган катта кўчалару кичик жинкўчалар бўйлаб юриб кетдик. Қизиғи шундаки, шунча шовқинларга қарамай, Элканинг яқиндагина эшитган ҳикоя ёки эртак ҳақидаги гаплари менинг қулоғимга жуда яхши эшитилар, миямга ҳам ўта равон қуйилиб борарди. Элка ўша ҳикоя воқеаларини баён қилар экан, унда асосий жиҳат кимгадир яхшилик қилиш билан боғлиқлиги ҳақида гапирарди. У яхшилик деган сўзни шу қадар бақириб айтдики, бу бир-икки бор такрорлангач, менинг ғашим келиб, уни жеркиб ташладим. Ахир иккимизнинг ўзаро суҳбатимизни бутун кўчага жар солиб эшиттириш шарт эмас-да?! Кейин бизлар эски бир бинонинг ёнига тиркаб солинган пешайвоннинг зиналари бўйлаб юқорига кўтарила бошладик, унинг зиналари одатдагидан кўра баландроқ қилиб қурилган экан. Биз қанча юқори кўтарилсак, менинг юрагимдаги қўрқув ҳам тобора кучайиб бораётгандек эди. Ниҳоят, Петка бир эшикни итариб очди-да, менга юзланиб “Ичкарига кир!”, – деди. У шундай дер экан, ўша – менга таниш ва қадрдон болаларча беғубор табассуми билан қараб турарди. Аммо тушимда унинг мана шу беғубор табассуми ҳам гуё ўта маккор одамнинг заҳархандаси, хоин дўстнинг тиржайишидек туйилиб кетди. Элканинг қўлига эса, қайердандик арра ва болта тушиб қолганди. Шунда хаёлимда мактаб давридан буён энг яқин дўстим деб юрганларим аслида дўстим эмас, балки ёвуз бир кимсалар ва мени ҳозир тузоққа туширмоқчи, деган бир мудҳиш ҳаёл ярқ этиб ўтди-ю, бир лаҳза ичида буткул онгу шууримни қоплаб олгандек бўлди. Ҳа, чиндан ҳам улардан бежизга ҳадиксирамаган эканман. Петка мени ичкарига итариб юборди. Кейин ортимдан унинг, гўё мени қочиб кетишга улгурмасин, дегандек, Элкага эшикларни қулуфлаб қўйишни буюрди. Петка арра ва болталарни ишга ҳозирларди.Улардан нега бундай қилаётганини сўраганимда,жўрабоши Петка жавоб берди:

— Дадам айтди, Худо одамни бошида етита тешик яратибти. Буларни ҳар бирини ўзини ўрни бор экан. Лекин, сенин бошингда фақат бешта тешик бор. Элка иккаламиз сен учун янги тешиклар яратамиз.—Деб болтани бошим узра кўтарди.

Шунда нимадир мени туртиб,чуқурликга тушиб кетгандай бўлдим. Бу ҳудди ернинг кучли силкинишидек эди, даҳшат қутқусида кўзимни очдим. Қарасам, каравотимда ётибман, қўлларим ўша болтани туьиб қолишга ҳаракат қилаётгандек юқорига еўтарилганча турарди. Ўзим ҳансираб нафас олар, юзим жиққа совуқ терга беланган, беҳаловат юрагим эса худди қовурғаларимни синдириб чиққудек зарб билан “гуп-гуп” урарди. Ўзимга келишим осон бўлмади. Лекин ақлимни йиғиб олгач, буларнинг бари қанчалик қўрқинчли бўлса, шунчалик бемани туш эди.

Report Page