Туристик автобус тасвири туширилган реклама баннери олиб ташланди, аммо...

Туристик автобус тасвири туширилган реклама баннери олиб ташланди, аммо...

Buxoro.uz

Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳримизнинг тарихий қисми хорижий ва маҳаллий сайёҳларни энг кўп қизиқтириши билан бирга, таъбир жоиз бўлса, ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамалар марказида бўлаётган ҳудуд саналади. Санитария-гигиена аҳволидан тортиб, сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитга нисбатан юртдошларимизнинг бефарқ эмаслиги ҳаммамизни қувонтиради, албатта. Сабаби шундай муносабат туфайли тизимдаги баъзи муаммолар ечим топмоқда, аҳвол ўнгланмоқда. Аммо бир ҳолатга қандай изоҳ беришни ҳам билолмадик, очиғи. Шу йилнинг 20 ноябрь куни Telegram ижтимоий тармоғининг  “Эффект Макаренко” каналида Бухоронинг Эски шаҳар қисмидаги, аниқроғи, “2-Пассаж” биносидаги реклама баннери тўғрисида сурат лавҳа рус тилида битилган изоҳи - луқма эълон қилинди.

Маълумот учун, Бухоро шаҳрининг Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида жойлашган “2-Пассаж” биноси Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарорига асосан, Бухоро вилоятидаги маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. Бино давлат мулки ҳисобланиб, айни пайтда Бухоро шаҳар ҳокимлиги балансига олинган.

Лаби ҳовуз мажмуи яқинидаги “2-Пассаж” биноси деворидаги “BBS Travel” МЧЖ томонидан Бухоро шаҳрини янги, замонавий туристик автобусда айланиш таклифи тарғиб қилинган реклама баннери айнан ижтимоий тармоқда билдирилган фикрдан сўнг Маданий мерос департаменти Бухоро вилояти бошқармаси ва тегишли ташкилотлар ходимлари иштирокида олиб ташланди.

Мурожаат қаноатлантирилди, бироқ биз қадимий шаҳримизга ташриф буюраётган сайёҳлар ва меҳмонлар учун қулайлик яратишимиз, зарур бўлганда, улар учун ахборот манбаларини ҳозирлашимиз, меҳмонхона ва сервис хизматидан тортиб, улар сафари маршрутигача, ҳатто, йўлларда санитар хоналаригача муҳайё қилиб, ҳаммаси ҳақида “кафтдагидек”, кўргазмали қуроллар воситасида аниқ-равшан ахборотга эга бўлишлари зарурлиги хусусида бош қотирилаётган бир пайтда “реклама баннери”га муросасизлик қилиш ортиқча иш эмасмикан?! Ахир, бу сайёҳлар учун оддий кўргазмали бир восита-ку. Гап уни илиб қўйилган жойига тақалса, “2-Пассаж” номи билан давлат рўйхатига олинган, аниқроғи, “Бадриддин карвонсаройи”га туташ девордан ўрин олган бу баннерни олиб ташлашдан осон иш борми?! Ижтимоий тармоқлардаги “муаллиф”лар, уларга “ахборот ташиётган”лар  шу борада жиддийроқ бош қотирсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Report Page